بسم الله الرحمن الرحيم
Азиз жамоат! Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Мустақиллик байрами арафасида шундай улуғ кунларга тинчлик-осойишталикда, соғ-саломатликда етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва шукроналар бўлсин! Ҳақ таолодан барча ибодатларимизни қабул айлаб, эзгу мақсадларимизга эриштиришини, Ватанимиз тинч, юртимиз обод бўлиб, турли хил хавфу-хатардан Яратганнинг Ўзи асрашини илтижо қилиб қоламиз.
Қурбон ҳайити биз мусулмонлар учун улуғ байрам бўлиб, Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинган:
فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (سورة الكوثر/2)
яъни: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).
Шунингдек, қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ"
(رواه الإمام البخارى).
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Фуқаҳоларимиз қурбонликни истилоҳий маъносини таърифлаб, “Қурбонлик бу – махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, – деганлар. Қурбонлик шариатга иккинчи ҳижрий санада киритилган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади. Қурбонлик қилишни ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.
Мол билан туяни 7 кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Бир кўзи кўрмайдиган, қулоғи ва думининг учдан биридан кўп қисми кесилган ва сўйиладиган ергача ўзи юриб бора олмайдиган даражада оқсоқ ҳайвонлар қурбонликка ярамайди.
Қурбонлик қилинган ва умуман ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам оққан қони, безлари, сийдик қопи, ўт қопи, жинсий аъзоларини ейиш ҳаром.
Қурбонлик гўштининг учдан бирини оила аҳлига, учдан бирини қўшниларига, қолганини муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмат ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак.
Жоҳилият даврида Макка мушриклари қурбонлик қилиб, гўштини Каъба атрофига осиб, деворларига қонини суртар ва бу билан Аллоҳга яқин бўламиз, деб ўйлар эдилар. Ислом дини келиб, кўплаб инсонлар ҳидоят нуридан баҳраманд бўлганларидан кейин, Аллоҳ таоло мусулмонларни қурбонликдан кўзланган асосий мақсад нима эканига эътиборларини қаратиб, қуйидаги ояти каримасини нозил қилди:
لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ (سورة الحج/37).
яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Ундан ташқари қурбонлик қилишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда, масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса – чексиз савобдир.
عَنْ الحُسَيْنِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ ضَحَّى طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ مُحْتَسِباً لِأُضْحِيَّتِهِ كَانَتْ لَهُ حِجَاباً مِنَ النَّارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ)
яъни: Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни чин кўнгилдан ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, – дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ривоятда эса:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا عَمِلَ ابْنُ آدَمَ يَوْمَ النَّحْرِ عَمَلًا أَحَبَّ إلَى اللَّهِ مِنْ هِرَاقَةِ دَمٍ وَإِنَّهُ لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَظْلَافِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ بِمَكَانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ فَطِيبُوا بِهَا نَفْسًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ وَ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи қурбонлик куни қиладиган амалларининг ичида қон чиқаришидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуброқ амал йўқ. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар”, – дедилар” (Имом Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).
Юқорида айтиб ўтганимиздек, нисобга етарли молга эга бўлган кишилар қурбонлик қилишлари вожиб бўлади. Шу билан бирга бир киши қодир бўлса бир неча киши номидан ҳам қурбонлик қилиши мумкин бўлади. Масалан: ўтган ота-оналари, аждодлари, ҳаттоки, Жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан қурбонлик қилишлари ҳам мустаҳаб эканлиги мўътабар манбаларда баён қилинган. Бу уларга бўлган муҳаббатнинг аломатидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари номидан ҳам қурбонлик қилганлари ривоят қилинган. Бу ҳақида Оиша ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолардан саҳиҳ ривоят қилинган.
عَنْ أَبِي رَافِعٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا ضَحَّى إشْتَرَى كَبَشَيْنِ سَمِيْنَيْنِ أَقْرَنَيْنِ أَمْلَحَيْنِ، فَإِذَا صَلَّى وَخَطَبَ النَّاسَ أُتِىَ بِأَحَدِهِمَا وَهُوَ قَائِمٌ فِي مُصَلاَّهُ، فَذَبَحَهُ بِنَفْسِهِ بِالْمُدْيَةِ، ثُمَّ يَقُولُ: "اللَّهُمَّ هَذَا عَنْ أُمَّتِي جَمِيعًا، مِمَّنْ شَهِدَ لَكَ بِالتَّوْحِيدِ، وَشَهِدَ لِي بِالْبَلَاغِ..." (رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ).
яъни: Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик қилганларида иккита семиз, шохдор, оқ-қора рангли қўчқорни сотиб олган эдилар. намозни ўқиб, одамларга хутба қилиб, намозгоҳда турганларида қўйлардан бири олиб келинди. Шунда у зот уни мудя деган жойда пичоқ билан сўйдилар ва “Эй Аллоҳ, бу Сенинг ягоналигинг ва мени (Сен тарафингдан нозил бўлган нарсаларни) етказганимга гувоҳлик берган барча умматим номидан”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Муҳтарам мусулмонлар! Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аллоҳ таоло биз бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд этган экан, ўз навбатида ана шу неъматларининг қадрига етиб, шукрини адо этиб боришимизга буюради. Раббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчдир. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг шариатига амал қилиб, Ўзи буюрганидек имон-эътиқодда ва тақвода ҳаёт кечириб борсак, Аллоҳ таоло улкан мукофотларни ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آَمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ (سورة الأعراف/96).
яъни: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).
Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то Қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.
Бугун – улуғ байрам Қурбон ҳайити байрамидир. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим.
Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда халқ манфаатларига қаратилган, одамларнинг оғирини енгил қилиш, муносиб ҳаёт шароитларини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг бош мақсади инсонни улуғлаш, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлаш ҳисобланади. Бунинг учун ёшларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратишимиз, уларни юксак одоб-ахлоқли, тарбияли, замонавий илм-фан ютуқларидан хабардор, дунёқараши кенг инсонлар этиб вояга етказишимиз зарур. Чунки фарзандларимиз – бизнинг эртанги кунимиз. Қайсики халқ мана шу вазифани муваффақиятли адо этса, келажаги фаровон, турмуши саодатли бўлади.
Ҳаммамиз бир бўлиб, аҳил-иноқ бўлиб, ўзимиз яшаётган шаҳримиз, она Ватанимиз ривожига ҳисса қўшайлик. Буни биз қилмасак, четдан ҳеч ким юртимизни ривожлантириб, қўш қўллаб бизга топшириб кетмайди. Ватанимиз тақдирига биз жавобгармиз. Бу бизнинг мўминлик, мусулмонлик бурчимиз.
Азиз юртдошлар! Яна бир бора барчаларимизга бу икки байрам муборак бўлсин! Шундай фазилатли айёмда дуога қўл очиб, она Ватанимиз ва бутун дунёни тинчлик ва осудалик, халқимизни фаровон айлаб, кейинги йил Қурбон ҳайити кунларига соғу-саломатлик билан етиб боришни барчамизга насиб этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бунданда зиёда бўлиб боришини муяссар айласин! Омин.
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.
Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.
Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.
Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.
Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.
Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.
– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.
– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.
– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.
Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати