Ҳар нарсани йўқотиш осон, аммо уни қайтариш қийин. Бугунги кунда “оломон маданияти”, “маданият кушандаси”, деб ҳамма жойда айтилиб, ёшларни миллий урф-одат, миллий кийимлар кийишга чақирилмоқда. Аммо йўқотилган маданиятни қайтариб бўлармикан? Дунёни илми билан тебратган уламолар фарзандлари ўзларини ғарбликка ўхшатса, уламолар бешигини тебратган аёллар шарму ҳаёсини унутиб улардан ошиб тушса, эртага буларни йўлга солиб бўлармикин? Ёмонликка ўрганиш осон, ёмонликдан қайтиш қийин. Ёмонликка етишиш осон, халқнинг хизматини қилиб раҳмат, дуо олиш қийин. Ёшликда қилинган хатоларни тузатиш ниҳоятда мушкул кечади.
Денгиз суви қуриб битса, ундаги балиқлар сувсизликдан ўлса, кимга аччиқ қилинади? Йиллар ўтиб, сув билан денгиз тўлса, ўлган балиқлар ҳаётга қайтармикан? денгизнинг ўлган балиқларга тўлишидан нима фойда?
Эй азиз фарзанд! Кимлигингни унутма, қўлингдаги имкониятларни қўлдан бой бериб аждодларинг маданиятини қўйиб, ўзгалардан хайрият кутма. Ўзини қадрламаган инсонни ўзгалар қадрлайдими? Ўз тили, маданияти, миллий урф-одати, одоб-ахлоқи, шарму ҳаё, ибосини унутганни ўзга халқ назар-писанд қилармикин? “Ўз қадрига етмаган, ўзгалар қадрига етармиди?” деб маломат тошларининг отилишидан сақлангин.
Ғишт қолипидан кўчганидан сўнг,
Ҳаёнинг машъали ўчганидан сўнг,
Йиллар ўтиб, ҳаё-имон нур таратса,
Фойда борми имонсиз ўлгандан сўнг?
Денгиз қурибон, қирилса балиқ,
Ўрнини қопласа саҳройи қумлиқ.
Вақт ўтиб, яна денгиз сувга тўлса,
Ўлган балиққа фойда борми аниқ?
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ