Ҳозирги кунда ислом дини асосларини, айникса, Қуръони каримни илмий ўрганиш дунё микёсида шу даражада оммалашиб кетдики, бу мавзуда чиқаётган адабиётларни энг умумий тарзда ҳам камраб олиш имконидан ташқаридир.
Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимасини Муҳаммаджон хожи Ҳиндистоний ўтган асрнинг 80-йилларида қилган эди. Лекин у таржима давр тақозоси билан чоп этилмай қолиб кетди.
Ватандошимиз Олтинхон тўра араб имлоси билан ўзбек тилига ўгирган Қуръони карим маъноларининг таржимаси мустақилликнинг илк даврларидаёқ ўзбек китобхонларига етиб борди. Араб имлосини мутолаа қила оладиган кишилар мазкур таржимадан баҳраманд бўлдилар. Бироқ ушбу китоб ўзбек тилида бўлса-да, араб имлосида экани кўпчиликка қийинчилик туғдирди.
Сўнгра Шамсуддин Бобохонов ўзбек тилига таржима қилган Қуръоннинг охирги жузи – Амма пораси, Алоуддин Мансурнинг тўла изоҳли таржимаси чоп этилди. Ушбу изоҳли таржима аввалига “Шарқ юлдузи” журналида мунтазам бериб борилди. Кейинчалик алоҳида китоб шаклида босилиб, мутахассислар учун қўлланма бўлди.
Шунингдек, 1992 йилдан бошлаб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол”и нашр этила бошланди. Бу дастлаб, Қуръони каримнинг охирги жузларини ўз ичига олган эди. Кейинчалик 114 та суранинг барчаси жилдларга бўлинган ҳолда “Тафсири ҳилол” номи билан босиб чиқарилди. Натижада халқимизнинг Қуръон илмлари борасидаги тушунчаларини ортишига сабаб бўлди. Ниҳоят шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган, имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржима ҳам нашрдан чиқди. Ушбу изоҳли таржима дастлаб 2001 йили, орадан бир оз вақт ўтиб, аниқроғи 2004, 2017 йиллари қайтадан чоп бўлди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таржимонлар жамоасининг ҳам Қуръони карим маъноларининг илмий изоҳли академик таржимаси нашр этилди. Бунинг эътиборли томони шундаки, китобнинг кириш қисмида Қуръони карим тарихига доир маълумотлар ҳам ўрин олган.
Айтиш мумкинки, кейинги йилларда ўзлигимизни англаш, муқаддас динимиз арконларини ҳар томонлама ўрганиш имкони пайдо бўлди. Қуръони карим маъноларнинг ўзбек тилига ўгирилиб халқимизга туҳфа қилиниши халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди.
Худойберди Саидов
Олмазор туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби
манба:nasihat.uz
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати