Қуръони карим, инсу жинс жам бўлиб унинг ўхшашини келтиришдан ожиз қолган, бутун инсониятнинг нусрат маёғи бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига ўзидан кейин маҳкам тутишга буюрган Аллоҳ таолонинг самовий китобидир.
Қуръони каримни тутиб, унга амал қилган кишининг Аллоҳга яқинлиги ортади, унинг тийнатида Қуръоний сифатлар гавдаланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бир неча жойларида турли сифатлар билан васф қилган. Қуръон у:
Ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръонни “Руҳ” деб атамоқда. Руҳ ҳаёт негизи ҳисобланади. Уламоларимиз кишининг жисмоний тириклиги озуқа билан бўлса, руҳ ва қалб оламининг тириклиги маънавий озиқлар билан бўлади, маънавий озиқнинг энг олийси – олий Зотнинг Каломидир, дея Қуръон ила руҳларимизни озиқлантиришга чорлаганлар.
Азалийлигу абадийлик Ўзигагина хос бўлган Зот:
“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик.”, дея марҳамат қилган (Аъроф сураси, 96-оят). Алҳамдулиллаҳ, Раббимиз амри ила У юборган барча нарсаларга иймон келтирамиз. У буюрганидек, ибодат қиламиз ва раҳматидан умидвор, азобидан хавфда бўламиз.
Раббимиз каломини қанчалик маҳкам тутсак, бизга Аллоҳнинг баракоти шунча зиёдалашади. Айниқса, унинг тиловатини қилиб ёки тинглаб, маъноларини ўргансак, иншоаллоҳ, Қуръоннинг юқорида келтирилган сифатларига эришамиз ва икки дунё саодатидан баҳраманд бўламиз!
Барча ҳолатларимизда ҳожатбароримиз, тарбиячимиз бўлган Аллоҳ таоло Қуръони карим ила хулқланишимизда ҳам Ўзи тавфиқ ато қилгувчимиз бўлсин. Амин!
Муҳаммадий Эргашев
манба: nasihat.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан