Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларини зиёрат қилаётган кишининг димоғига жуда ёқимли ҳид урилди. У зиёратдан чиқиб дўконга борди ва атторга: «Менга муборак равзада димоғимга урилган атирдан беринг», деди. Сотувчи ҳайрон бўлиб, харидорга қаради ва: «Сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимас экансиз. Димоғингизга урилган ҳид бирор дўконда сотиладиган атир ҳиди эмас. У ҳид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларидан чиқади. Аллоҳ таоло ўша ҳидни оламларга раҳмат қилиб юборган Пайғамбарининг муборак баданидан тараладиган қилиб қўйган. Ҳаётлик чоғларида қайси кўчадан ўтсалар, ўша кўчада ҳидлари қолар, кимнинг бошини силасалар, ўша кишининг бошидан анча вақтгача ўша ифор таралиб турарди. Мана, вафотларига неча асрлар бўлганига қарамай, ўша ҳид қабрларидан таралиб турибди» деб жавоб берди.
Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
Нозимжон Иминжонов тайёрлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Индонезия Республикаси Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф билан учрашди.
Учрашувда туристик алмашинувни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва туроператорлар ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Туристик оқимни ошириш мақсадида Тошкент–Жакарта, шунингдек, тарихий шаҳарларни тўғридан-тўғри боғловчи авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган янги авиақатновларни субсидиялаш бўйича механизмларни қўллаш мумкинлиги қайд этилди. Шунингдек, Индонезиядан сайёҳ жалб қилган маҳаллий туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилиши ҳам таъкидланди.
Индонезияда ҳар йили 2 миллиондан ортиқ фуқаро Ҳаж ва Умра зиёратига йўл олади. Ўзбекистондаги 1 200 дан зиёд зиёрат маскани, жумладан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд мероси Индонезия бозори учун муҳим туристик салоҳият ҳисобланади.
Индонезия Ҳаж ва Умра вазирининг ташрифи доирасида Самарқанд ва Бухородаги зиёрат масканлари билан танишув ташкил этилди. Бухоро ва Самарқандни Индонезия бозорида зиёрат туризми йўналишлари сифатида тарғиб қилиш, махсус турлар ишлаб чиқиш, Ҳаж ва Умра операторлари билан B2B учрашувлар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида индонезиялик инвесторлар иштирокида “Hadith Hotel” беш юлдузли меҳмонхонасининг ишга туширилиши ҳам икки мамлакат туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири бўлди.
Тўғридан-тўғри авиақатновлар, “Умра плюс” дастури, туроператорлар ўртасидаги ҳамкорлик ва зиёрат туризми инфратузилмасини ривожлантириш Ўзбекистоннинг Индонезия бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда туристик оқимни оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати