Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг исми Абдуллоҳ, куняси Абу Абдураҳмон, отаси Умар ибн Хаттоб, онаси Зайнаб бинти Мазъундир. Абдуллоҳ ибн Умар ҳали балоғат ёшига етмай, отаси билан Маккада Исломга кирдилар. Бадр ва Уҳуд жангларига қатнашиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рухсат сўраганларида, ёшлари кичкина бўлгани сабабли рухсат бермадилар. Лекин Хандақ жангига чиққанлар. Ана шу вақтда Ибн Умарнинг ёшлари ҳали ўн бешдан ўтмаган эди. Оталари билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар. Ёшлари йигирмага етганда Маккани фатҳ этишда иштирок этдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар ёшлик вақтларидан тақводор, иффатли эдилар, у кишини Қурайш ёшлари ичида, нафсига молик кишилардан, деб танишарди. Кишилар орасида сахийлик ва ростгўйлик билан ҳам машҳур эдилар. Аллоҳ йўлида ҳақдорлар учун бир кунда юзта туяни инъом этганлари ривоятларда келади. Доимо етим ва мискинлар билан бирга овқатланиб юрар эдилар. Агар бирор маърака қиладиган бўлсалар, ана шу маъракага фақат етим ва камбағалларни таклиф қилар эдилар. Албатта, бу сахийликлари фахр ёки мақтов учун эмас, балки Аллоҳ йўлида бўлар эди. Абдуллоҳ ибн Умар зоҳидлардан эдилар. Дунёга мойил ҳам бўлмас ва унга ортиқча ҳаракат ҳам қилмас эдилар, балки ундан баданларини тўсгудек кийимни, эгилган беллари тўғри бўлгудек таомни умид қилар эдилар, холос.
Ибн Умар кечалари кўп намоз ўқиб, доим Қуръон тиловат қилиб, Аллоҳни кўп зикр қилардилар. Агар огоҳлантирувчи, қўрқитувчи оят эшитсалар, кўзларига ёш ёмғир каби қуйилиб келарди. Ибн Умар кечасининг кўп қисмида намоз ўқиб чиқар эдилар. Тонг саҳарларда эса, истиғфор айтиб, йиғлаб чиқар эдилар.
Улуғ зотлардан Товус раҳматуллоҳи алайҳи: «Ибн Умардан кўра тақволи, Ибн Аббосдан кўра билувчироқ кишини кўрмадим», дейди.
«Лан танолул бирра хатто тунфиқуу мимма туҳиббун» («Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсизлар») ояти каримаси нозил бўлганида Ибн Умар Румайса исмли чўрисини Аллоҳ йўлида озод қилдилар ва: «Аллоҳга қасамки, дунёда энг яхши кўрган кишим сенсан, озодсан, кетавер», деб айтдилар.
Улуғ зотлардан Нофеъ айтадилар: «Ибн Умарга агар дунё ишларида бирор нарса қаттиқ бўлиб қолса, Раббиларига яқин бўлар эдилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Абдуллоҳ ибн Умардан бошқа молу дунёга мойил бўлиб кетмаган бирор кишини кўрмадик».
Кишилар айтишар эди: «Абдуллоҳ ибн Умарнинг зоҳидликлари отасидан мерос эди. Шунинг сингари, дин таълимотларини ҳам отасидек касб қилган эдилар. Ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва отасига эргашар эдилар. У зотнинг қалблари беҳожатлик билан тўлган эди. Ақллари олий даражада, руҳлари эса, пок эдилар. Агар ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, у зотга бўлган муҳаббатларидан кўзлари ёшга тўлар эди».
Ибн Умарда уламоларга хос бўлган бир хислат бор эди. Агар инсонлар бирор нарсада жоҳиллик қилсалар, уларга адоватларини зоҳир қилмас ёки жавобни узиб қўймас эдилар. Агар билмайдиган нарсалари тўғрисида сўралса, дарҳол билмайман, деб айтар эдилар.
Ибн Умар ҳаммаси бўлиб, 2630 та ҳадис тўплаб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейинги ўринни эгалладилар. Ибн Умар ҳадисларни Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби улуғ саҳобалардан ва Оиша ҳамда Ҳафса оналаримиздан ривоят қилдилар. У зотдан Саид ибн Мусаййиб, Ҳасан Басрий, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Ибн Сийрин, Нофеъ, Мужоҳид, Товус, Икрима каби тобеинлар ривоят қилишди.
Абдуллоҳ ибн Умар ҳижратнинг 73-йили 84 ёшида Макка шаҳрида бу фоний дунёдан дорулбақога риҳлат қилдилар.
ЎМИ матбуот хизмати
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси