Хонамга бир йигит кириб келди. Нимадандир жуда хижолат, ийманибгина:
– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? Хотиним билан бир иш қилмоқдамизки, кўнглимизда хотиржамлик йўқ! Бу қилаётган ишимиз учун Аллоҳ жазоламасмикан, шундан ташвишдамиз, – деди ерга қараб. Хаёлимга бу инсон катта бир гуноҳга қўл урдимикан, шу даражада хижолат чекмоқда, деган фикр келди.
– Қандай иш эканки, сизларни бунчалик ташвишга солибди? – дедим.
– Мен кўп қаватли уйда яшайман. Қўшним кекса рус кампир, фарзандлари Россияга кетиб қолишган, ҳеч ҳолидан хабар олишмайди. Шу кампир бетоб, фарзандларига оналари касаллиги тўғрисида бир неча бор хабар жўнатдим, улар келишмади. Хотиним иккаламиз кампирга овқат берамиз, уйини тозалаймиз, хотиним кирларини ювади. Бу кампир бошқа диндан бўлса, унга хизмат қилаётганимиз тўғрими, шуни билмоқчи эдим, – деб гапини якунлади.
– Бу хизматни уй-жойига эга чиқиш ёки бирор дунёвий нарса илинжида қилмоқдасизларми? – дедим.
– Худо асрасин! Уйимиз ўзимизга етарли, унинг уйига ҳеч эҳтиёжимиз йўқ. Қолаверса, бу ёрдамни астойдил, кампирнинг қийинчиликларини енгиллатиш учун қиляпмиз, тама учун қилмаяпмиз, шу ишимиз тўғрими ёки йўқми? Ғайридинга хизмат қилиб, гуноҳ қилмаяпмизми? – деб саволини яна қайтарди.
– Бечора, ғариб, касал, кекса кампирнинг фарзандлари туққан онасига хизмат қилишдан қочишса, сиздек етти ёт бегоналар, улуғ савоб ишга қўл уриб, гуноҳ иш қилмаяпмизми, дейишингизнинг ўзи улкан савоб. Сизлар энг олижаноб, ҳақиқий одамийлик бурчингизни адо қиляпсизлар, бунинг учун эса мукофот ва ажр бор, деб қўшни ва бошқа диндагиларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш тўғрисидаги ҳадислардан тушунтирдим.
Йигит: “Худога шукр!” деб қилаётган савоб ишларидан мамнун бўлиб, ташаккур айтиб кетди.
Азиз қардошларим! Бизнинг халқимиз мана шундай ажойиб халқ. Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз миллионлаб етимлар, уй-жойидан жудо бўлган турли миллат халқларига ёрдам берган. Уларнинг ичида рус, немис, япон, корейс, месхети турк, татар, доғистонлик, чеченлар ва бошқа кўплаб миллатлар бўлган. Бизнинг оталаримиз уларга ўзлари еб турган бир бўлак нонини ярмини беришган. Уларнинг бошини силашган. Биз авлодлар ҳам уларнинг гўзал амалларини давом эттираётганимизга юқоридаги ҳикоямиз яққол далилдур.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ташаббуси билан Жидда шаҳрида «Ҳаж – 2027» мавсумига пухта тайёргарлик кўриш доирасида ҳаж ишлари идоралари масъуллари учун махсус ўқув-амалий дастур бўлиб ўтди.
Ҳаж соҳаси тарихида илк бор ташкил этилган мазкур дастур зиёратчиларга кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда уларнинг сифатини тубдан яхшилашга қаратилган бўлиб, унда ўзбекистонлик мутахассислар ҳам муваффақиятли иштирок этди.
Ўқув машғулотлари иштирокчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, ташкилий ишларни режалаштириш, тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳамда назорат механизмларини такомиллаштиришга йўналтирилди. Шунингдек, дастур давомида хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Малака ошириш курслари қуйидаги 11 та асосий йўналиш бўйича олиб борилди:
Дастур давомида иштирокчиларнинг билим ва малака даражасини холис баҳолаш мақсадида махсус ягона рақамли баҳолаш тизими татбиқ этилди. Синов ва амалий машғулотлар якунига кўра, ўзбекистонлик вакиллар ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаб, махсус сертификатларни қўлга киритдилар.
Мазкур ўқув-семинари келгуси ҳаж мавсумига эрта ва тизимли тайёргарлик кўриш, соҳадаги барча бўғинлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда муборак сафар жараёнларини юксак савияда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати