Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Сентябр, 2026   |   22 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:30
Қуёш
05:52
Пешин
12:22
Аср
16:57
Шом
18:55
Хуфтон
20:13
Bismillah
04 Сентябр, 2026, 22 Рабиъул аввал, 1448

Савоб

07.08.2018   14883   2 min.
Савоб

Хонамга бир йигит кириб келди. Нимадан­дир жуда хижолат, ийманибгина:

– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? Хо­тиним билан бир иш қилмоқдамизки, кўнг­ли­мизда хотиржамлик йўқ! Бу қилаётган ишимиз учун Аллоҳ жазоламасмикан, шундан ташвиш­дамиз, – деди ерга қараб. Хаёлимга бу инсон кат­та бир гуноҳга қўл урдимикан, шу даражада хи­жо­лат чекмоқда, деган фикр келди.

– Қандай иш эканки, сизларни бунчалик ташвишга солибди? – дедим.

– Мен кўп қаватли уйда яшайман. Қўшним кекса рус кампир, фарзандлари Россияга кетиб қолишган, ҳеч ҳолидан хабар олишмайди. Шу кам­пир бетоб, фарзандларига оналари касал­ли­ги тўғрисида бир неча бор хабар жўнатдим, улар келишмади. Хотиним иккаламиз кампирга ов­қат берамиз, уйини тозалаймиз, хотиним кирла­ри­ни ювади. Бу кампир бошқа диндан бўлса, унга  хизмат қилаётганимиз тўғрими, шуни бил­моқ­чи эдим, – деб гапини якунлади.

– Бу хизматни уй-жойига эга чиқиш ёки би­рор дунёвий нарса илинжида қилмоқдасизлар­ми? – дедим.

– Худо асрасин! Уйимиз ўзимизга етарли, унинг уйига ҳеч эҳтиёжимиз йўқ. Қолаверса, бу ёр­дам­ни астойдил, кампирнинг қийинчиликла­ри­ни енгиллатиш учун қиляпмиз, тама учун қилма­япмиз, шу ишимиз тўғрими ёки йўқми? Ғайридин­га хизмат қилиб, гуноҳ қилмаяпмиз­ми? – деб са­волини яна қайтарди.

– Бечора, ғариб, касал, кекса кампирнинг фарзандлари туққан онасига хизмат қилишдан қочишса, сиздек етти ёт бегоналар, улуғ савоб ишга қўл уриб, гуноҳ иш қилмаяпмизми, де­йишингизнинг ўзи улкан савоб. Сизлар энг олижаноб, ҳақиқий одамийлик бурчингизни адо қиляпсизлар, бунинг учун эса мукофот ва ажр бор, деб қўшни ва бошқа диндагиларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш тўғрисидаги ҳадислардан тушунтирдим.

Йигит: “Худога шукр!” деб қилаётган савоб ишларидан мамнун бўлиб, ташаккур айтиб кетди.

Азиз қардошларим! Бизнинг халқимиз мана шундай ажойиб халқ. Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз миллионлаб етимлар, уй-жойидан жудо бўлган турли миллат халқларига ёрдам берган. Уларнинг ичида рус, немис, япон, корейс, месхети турк, татар, доғистонлик, чеченлар ва бошқа кўплаб миллатлар бўлган. Бизнинг оталаримиз уларга ўзлари еб турган бир бўлак нонини ярмини беришган. Уларнинг бошини си­лашган. Биз авлодлар ҳам уларнинг гўзал амалларини давом эттираётганимизга юқоридаги ҳикоямиз яққол далилдур.

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент 35 йиллик мустақиллик арафасида 852 нафар маҳкумни афв этди

27.08.2026   53116   1 min.
Президент 35 йиллик мустақиллик арафасида 852 нафар маҳкумни афв этди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари