Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳри деб улуғланадиган Мадинаи мунавварага етиб келган ҳамюртларимиз ушбу қутлуғ шаҳардаги табаррук қадамжоларни зиёрат этишмоқда. Ватандошларимиз дастлаб Уҳуд тоғига чиқиб бу ерда шаҳид бўлган саҳобалар қабрларини зиёрат этиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилдилар. Бу улуғ тоғ муборак макон саналади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уҳуд тоғи бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Сўнгра Қиблатайн масжидига келиб икки ракат намоз ўқишди. “Қиблатайн” дегани “икки қиблали” деган маънони англатади. Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Бани Саълама қабиласидаги Умму Бишр розияллоҳу анҳони зиёрат қилгани борган эдилар. Умму Бишр Пайғамбаримизга овқат тайёрлаганлар ва ўша ерда пешин вақти кирган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари билан икки ракатни ўқиб бўлганларида, у зотга Аллоҳ таоло тарафидан Каъбага юзланиш буйруғи келган ва у зот ўша заҳоти Каъбага юзланганлар, ана шундан бу масжид “Масжидул-Қиблатайн” деб номланиб қолган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деб марҳамат қилганлар. Юртдошларимиз ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, чиройли таҳоратлар олиб, хушбўйликлар сепиб, покиза ҳолда Қубо масжиди зиёратига келиб, бу ерда ҳам икки ракатдан намоз ўқидилар.
Қубо масжиди Мадинаи мунавварада қурилган дастлабки масжиддир. Бу масжидни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавба сурасида зикр қилган:
لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ
“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (108-оят).
Зиёратлар чоғида гуруҳ раҳбари бўлган имом-домлаларимиз зиёратчиларимизга Уҳуд тоғида мусулмонларнинг мушриклар билан қилган шиддатли жанги, Қиблатайн ва Қубо масжидларининг тарихи ҳақида сўзлаб бердилар.
Бу муборак жойларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан заминда юрганига севиниб кўзларига ишона олмаётган, уларнинг ибратли ўтмишидан хабардор бўлган отахону онахонларнинг қувончлари чексиз бўлиб, қалблари тўлқинланиб, имон-эътиқодлари янада зиёда бўлди.
Уларнинг лаблари тинимсиз пичирлаб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот, шундай муборак жойларга етиб келишларига шароит яратиб берган муҳтарам Президентимизга ва барча мутасаддиларга раҳматлар айтишди.

.jpg)


ЎМИ Матбуот хизмати
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz