Буқаламун ўзи тушиб қолган табиий шароитга қараб тусини, рангини, кўринишини тез ўзгартира олиши билан маълум ва машҳур. Бундан ташқари кўплаб ҳайвонлар, қушлар, амфибиялар (сувда ва қуруқликда яшовчилар, масалан, қурбақа, тошбақа, калтакесак, илон кабилар) ва ҳашаротларда ҳам мана шундай хусусият бор. Улар душмандан ҳимояланиш, бирор хавфдан сақланиш ёки муваффақиятли ов қилиш, ўлжани чўчитиб юбормаслик, унга ўзини сездирмаслик мақсадида тусини, терисининг рангини ўзгартириб, ўзи турган жойга, масалан, қор, дарахт, барг, шох-шабба, майса, қуриган ўсимлик, лой, хазон, тош, қум, харсангтош, сув турган муҳитга мослашади ва шу тариқа душман ва ўлжа кўзига кўринмасликка уринади. Буни фан тилида “Мимикрия”, “Маскировка” (тақлид қилиш) деб аталади. Бир турдаги ҳайвонларнинг турли рангларда кўриниши Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи белгилардандир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَلِكَ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ
“Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини чиқардик. Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир”. (Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларини тўлиқ ўрганиб, уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.) (Фотир сураси, 28-оят).
Қуйида ўзининг тақлид усулини қўллашга усталиги билан машҳур бўлган бир қанча ҳайвонларни келтирамиз. Расмга алоқадор изоҳ ўша расмнинг устига ёзилган.
Харсангтош орасидаги олмахон

Дарахт олдида турган бойўғли

Дарахт ковагида турган бойўғли

Барг ичидаги қурт

Тошлоқ жойда кетаётган ўргимчак

Дарахтдаги калтакесак

Хазон устидаги бақа

Мослашувчан қуртлар

Дарахтдаги капалак

Ўлжасини пойлаётган леопард

Дарахтдаги ўргимчак

Денгиз оти

Шохдаги буқаламун

Қуриган майсалар орасидаги импала (кийикнинг бир тури)

Дарахтга тирмашаётган бақа

Дарахт шохлари орасидан кузатиб турган жирафа

Оқ куропаткалар

Баргсимон ҳашарот

Баргдаги капалак

Дарахтдаги капалак

Тошлоқ жойда ётган шақилдоқ илон

Гул устидаги ўргимчак

Қутб қуёни

Қутб бўрилари

Қутб айиғи

Шимол буғуси

Қутб бойўғлиси

Интернет материаллари асосида
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
тайёрлади
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати