Мустақилликнинг илк даврларида Ғарб мамлакатлари олийгоҳларининг бирида ўқиётган ўзбек йигити бир хонадонда ижарада турарди. Хонадонда кекса қария ва кампирдан бошқа ҳеч ким турмас, болалари қайсидир шаҳарда яшар, йилда бир-икки келиб хабар олса олар, бўлмаса ўшанга ҳам вақт топиша олмасди. Уларникида яшаб, уларга ўз фарзандидек бўлиб қолган ўзбек йигитининг одоби, хизмати, кексаларга ҳурматини кўриб ажабланишар, юрти ҳақида сўрашар эди. Бир куни қариялар:
– Ўғлим, сенинг одобинг, юриш-туришинг, муомаланг жуда ўзгача-да, юртинг ҳақида яна батафсилроқ сўзлаб бер, – деб илтимос қилишибди.
– Мен Ўрта Осиёнинг Ўзбекистон деган давлатиданман, деб ўзбек халқининг тўй-томоша, байрам ва урф-одатларини тўлқинланиб гапириб берибди йигит.
Унинг мамлакатига берган таърифидан оғзи очилиб қолган чол-кампир:
– Ажойиб! Яна ота-онага ҳурмат, қариндошлар билан оқибат қандай? – деб сўрабдилар.
Йигит ота-онага ҳурмат, қариндошлик, борди-келдилар ҳақида янада тўлқинланиб гапирибди.
– Бу гапларни эшитган қария, сен бизнинг юртга нима мақсадда келдинг ўзи? – деб сўради. Бу саволдан ажабланган йигит:
– Ғарб технологияси, илми ва айниқса, сизларнинг миллий маданиятингизни, халқингизнинг урфларини ўрганиб, халқимга етказмоқчиман.
– Асло ундай қилма, бизнинг илмимизни хоҳлаганингча ол, техникамизни ўрган, аммо урф ва маданиятимизни халқингга олиб борма, – дебди.
– Нимага? – деди йигит.
– Ҳар бир халқнинг ўз урф-одати ва маданияти бор. Бизнинг маданият, менталитетимиз ўзимизга мос. Кўриб турибсан, бизда қариндош-уруғчилик йўқ, бўлса ҳам жуда оз қолди. Гоҳо қизимизнинг турмушга чиқиб кетганини, ўғлимизнинг оила қуриб, фарзандли бўлганини бировлардан, газеталардан билиб қоламиз ёки қизимиз телефон орқали хабар беради. Ҳаётимиз ниҳоятда зерикарли, кексайиб кучдан қолсанг, қариялар уйига кетасан, набиранг ёки фарзандингни соғинасан, улар келса, яхши, лекин келишмаса-чи. Уларни соғиниб, умринг ўтиб кетади. Бизни кўришга фарзандларимизнинг вақтлари йўқ. Ишни баҳона қилишади. Биздан кўра футболни кўпроқ яхши кўришади. Бизларга бир сўм сарфлашмай, ресторан, казиноларга минг-минглаб сарфлашади. Сен шу маданиятни, шу ҳурматни халқингга ўргатмоқчимисан? Майли яна қайтараман, технология, тараққиёт омилларига тегишли қанча илмни ўргансанг ўрган, аммо оммавий маданиятимизни юртингга олиб борма. Агар айтганларимга амал қилмасанг, бир кун бу ишинг учун пушаймон бўласан! Кексайиб ёлғиз қолганингда, унсиз йиғлайсан! Гапингга қараганда, Ўзбекистон тўйларида ошлар берилиб, қудалар, қариндошлар яхши ва ёмон кунларида бир-бирининг ҳолидан хабар олар экан. Фарзандлар ота-онасини ҳурмат қилиб, хизматларини қилишаркан, ака-ука, опа-сингил бир-бирига оқибатли экан. Одамлар телефон қилмасдан меҳмонга бораркан, бу нақадар улуғ бахт. Бу бахтни асло қўлдан чиқарманглар, – деди қария.
Азизлар! Ҳа, бизда дунёда йўқ урф-одатларимиз, гўзал одобимиз бор. Буларни Ғарбнинг оломон маданиятига аралаштириб, ўзлигимизни йўқотиб қўймайлик. Ҳозир ёшларимиз бизни айблашлари мумкин, аммо ўзлари кексалик ёшига етишса, суянчиқсиз, ёрдамчисиз ёлғиз қолишса, беморлигида ҳеч ким ҳолидан хабар олмаса, шароити бўлса-да, қариялар уйида етти ёт бегоналарнинг гоҳ ширин, гоҳ аччиқ сўзларидан диллари оғриса, ўзимизнинг гўзал маданият, миллат ва ўзаро оқибатни қўмсаб ҳўнг-ҳўнг йиғлайдилар. Шу боис ўзимизнинг миллий либос, маданият ва маърифатимизни асло қўлдан чиқармайлик.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби