Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!
Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.
Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.
Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳасад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушандасидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад билан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.
Илону чаёндек чақма ҳар кимни,
Боласи чаённи ейди қилиб ем.
Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,
Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.
ЎМИ Матбуот хизмати
«Дорул ҳадис Аввомийя» илмий-тадқиқот маркази томонидан Ҳадис илми мактабига ҳадис илми ва исломий илмларнинг турли соҳаларига оид бир қанча китоблар ҳадя қилинди.
Мазкур китоблар орасида замонамизнинг таниқли муҳаддис олимларидан Шайх Муҳаммад Аввома, доктор Муҳйиддин Аввома ҳамда бошқа етук уламоларнинг илмий асарлари ўрин олган.
Тақдим этилган адабиётлар ҳадис ва ҳадис илмлари, мусталаҳул ҳадис, ақоид, турли адашган оқим ва тоифаларнинг қарашларига илмий раддиялар ҳамда бошқа диний илмларга оид асарларни ўз ичига олади. Ушбу китоблар аҳли сунна вал жамоа ақидаси ва ҳанафий мазҳаби илмий анъаналарига мувофиқлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Шунингдек, институт ўқитувчилари томонидан нашр этилган китоблардан ҳам кутубхонага тақдим этилди.
Мазкур илмий туҳфа Ҳадис илми мактабининг китоб фондини бойитиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ҳадисшунослик ва исломий илмлар бўйича тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳадис илми мактаби жамоаси ушбу илмий ҳадя учун «Дорул ҳадис Аввомийя» илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва ходимларига самимий миннатдорлик билдиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати