Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!
Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.
Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.
Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳасад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушандасидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад билан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.
Илону чаёндек чақма ҳар кимни,
Боласи чаённи ейди қилиб ем.
Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,
Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.
ЎМИ Матбуот хизмати
Таъзия
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси «Шамсуддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйи масъул ходими Бобомурод Эралиевга укаси Исмоил Эралиевнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳумнинг барча яқинлари, қариндошларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари номидан Бобомурод Эралиевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси