Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!
Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.
Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.
Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳасад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушандасидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад билан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.
Илону чаёндек чақма ҳар кимни,
Боласи чаённи ейди қилиб ем.
Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,
Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.
ЎМИ Матбуот хизмати
Даъво: Қабристонда Қуръон тиловат қилиш бидъат.
Раддия: Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи уламолар қабр олдида Қуръони каримни қироат қилишга икки новда ҳадисини далил келтиради ва қабрларга новда экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойдаси борлигини таъкидлашади. Экилган новда азобни енгиллатганидан кейин қандоқ қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин? Шунинг учун, уламолар қабр зиёратини мустаҳаб, тиловат эса зиёратчидан маййитга туҳфадир, дейишган”.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳида: “Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳабдир, дейишган. Қабристонга экилган дарахт новдасининг тасбеҳ айтиши билан азоб енгиллашгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир”, деган.
Имом Шаъбий айтган: “Ансорийлар маййит ҳузурида “Бақара” сурасини ўқишар эди”. Имом Халлол: “Ансорийлар бирор киши вафот этса, унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди”, деган.
Иброҳим Нахаъий айтади: “Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг асло зарари йўқ”.
Заъфароний бундай дейди: “Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўраганимда, у зот зарари йўқ деди”.
“Фатавои Ҳиндия”да: “Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир жонлиқ сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййит ҳаққига дуо қилиш мустаҳабдир” дейилган.
Имом Нававийнинг “ал-Азкор” китобида келтирилади: “Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир жонлиқ сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатлари билан машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг издошлари Қуръондан баъзи суралари ўқилади. Борди-ю, Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади”, дейишган”.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси