1-савол: Киши ўзи ишлаб турган муассаса ёки бирор бир ташкилотдан келажакда ойлик маошидан секин-аста тўлаш шарти билан қарз олиб ҳажга бориши мумкинми?
Жавоб: Ҳаж ибодати қодир бўлган кишига фарз. Етарли маблағи бўлмаган кишига ҳаж фарз эмас.
2-савол: Маълумки, ҳаж мавсумида тирбандлик сабабли эҳром бўлакларининг йиртилиш ҳоллари кўп бўлади. Ўша ҳолатда йиртилганларини ямаш жоизми ёки янгисига алмаштириш керакми?
Жавоб: Хоҳласа, тикиб олади, хоҳламаса, бошқасига алмаштиради, ҳар иккиси ҳам жоиз. Алҳамдулиллаҳ, шариатда бу масалада енгиллик бор. Шариатда ман қилинган нарса кўйлак ва шалвар кийишдир. Аммо эҳром бирор нарсага илиниб йиртилса ёки тешилса, уни ип билан чатиб ёки ямоқ солиб тикишнинг зарари йўқ.
3-савол: Муҳтарам Муфтий ҳазратлари! Яқинда турмушга чиқаётган дугонам маҳр учун эридан ҳаж зиёратига олиб боришни сўрамоқчи эканини айтиб қолди. Бизнинг мазҳабимизда шу тўғрими?
Жавоб: Маҳр учун ҳажга олиб боришни сўраса, бизнинг ҳанафий мазҳабимизда маҳри мисл вожиб бўлади. Маҳри мисл деганда опаларига берилган маҳр миқдори тушунилади.
4-савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари! Мустақиллик шарофати туфайли диний қадриятларимиз қайта тикланиб, ҳар йили муборак ҳажда умра ибодатини минг-минглаб юртдошларимиз адо этишмоқда. Ҳаж каби умрани ҳам киши умрида бир марта адо этадими? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.
Жавоб: Умра луғатда “зиёрат қилиш” ва “обод қилиш” маъноларини англатади. Шариатда эса, ният қилиб эҳром боғлаб, Байтуллоҳни тавоф қилиш, Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиш умра дейилади.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасам, албатта, у (умра) Аллоҳ таолонинг Китобида ун(ҳаж)га қўшиб зикр этилган. “(Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо қилинг)”, дейди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умрадан кейинги умра ораларидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдир”, дедилар” (Имом Аҳмад, Бухорий ва Муслим).
Ҳар бир кишига қодир бўлса, умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир, умра суннат амал. Умрани бир йилда бир неча бор қилиш мумкин.
5-савол: Аллоҳ насиб қилиб, 2005 йили ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муяссар бўлдим. Илтимос, умра билан ҳаж ўртасидаги фарқни тушунтириб берсангиз.
Жавоб: Ҳаж муайян вақтда адо этилади. Ҳаж ибодатида Арафотда туриш, Байтуллоҳни тавоф қилиш лозим. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Муздалифа ва Минода тунаш, Жамаротда шайтонга тош отиш керак.
Умра эса, ҳаж адо этиладиган кунлардан бошқа йилнинг барча фасллари ва кунларида адо қилиниши мумкин. Умра Байтуллоҳни тавоф қилиш ва Сафо ҳамда Марва ўртасида саъй қилишдир.
Демак, умра учун махсус вақт тайин қилинмаган. Балки арафа ва ташриқ кунларидан ташқари йилнинг барча кунларида умра қилиш жоиз. Барча олимлар умра учун махсус вақт белгиланмаганига иттифоқ қилишган. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зулқаъда ва шаввол ойларида умра қилганлар.
6-савол: Менга ҳаж қилиш насиб этганида, қувонганимдан Аллоҳ учун ўн кун рўза тутаман, деб ният қилган эдим. Шу рўзани қай тартибда тутсам тўғри бўлади, илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.
Жавоб: Аввало, назр ният билан бўлмайди. Тил билан айтилса, назр бўлади. Ибодатлардан дарҳол ё кейин зиммага вожиб бўлмаган бирортасини, масалан, рўзани Рамазон ойидан бошқа пайтда тутишни ўзига вожиб қилиш назр бўлади. Агар киши Аллоҳ учун икки кун ёки уч кун ёинки ўн кун рўза тутиш ўзига вожиб деб (назр) билса, унга ўша айтганини тутиш вожиб бўлади. У истаган вақтда, хоҳласа, бўлиб-бўлиб тутади, хоҳласа, кетма-кет, орасини ажратмасдан тутади.
Агар рўза тутишни назр қилган пайтда кетма-кет тутишни ният қилган бўлса, кетма-кет тутиши зарур бўлади. Орада бир кун ифтор қилса ёки аёл киши ҳайз кўрса, қайта бошидан назр қилган кунлари миқдорида тутиши лозим.
Назр қилган киши кетма-кет тутишни ният қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет тутса бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”, “Зоҳирия”).
7-савол: Эри ўлган аёлнинг ҳаж қилиши дуруст эмас деб эшитдим, шу тўғрими?
Жавоб: Тўғри. Эри қазо қилган аёл тўрт ойу ўн кун идда ўтириши лозимдир. Эри ўлгани учун иддадаги ё талоқ иддасидаги аёл ҳажга бормайди ва бошқага турмушга чиқмайди. Иддаси тугаб бўлгач, унинг ихтиёри ўзида бўлади. Хоҳласа, маҳрамларидан бири, яъни отаси, ака ё укаси, тоға ё амакиси, бобоси ёки ўғилларидан бири ҳамроҳлигида ҳаж ибодатини адо этиши мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гуноҳ сабабли куфрга ҳукм қилмаслик баёни
45 - وَلاَ يُقْضَى بِكُفْرٍ وَارْتِدَادٍ بِعَهْرٍ اَوْ بِقَتْلٍ وَاخْتِزَالِ
Маънолар таржимаси: Зино ё қатл ва босқинчилик туфайли куфрга ҳам муртадликка ҳам ҳукм қилинмайди.
Назмий баёни:
Зино, қатл, босқин бўлса ҳам сабаб,
Куфрга маҳкуммас, дейилмас муртад.
Луғатлар изоҳи:
وَ – мутлақ жамлаш учун келган атф ҳарфи.
لاَ – нафий ҳарфи.
يُقْضَى – музориъ мажҳул феъли. Ноиб фоили тақдирий اَحَدٍ عَلَى дир. قَضَاءٌ калимаси “ҳукм қилиш”, “икки тараф орасини ажрим қилиш” маъноларида ишлатилади.
بِ – “илсоқ” (ёпиштирмоқ) маъносида келган жор ҳарфи.
كُفْرٍ – жор мажрур يُقْضَى га мутааллиқ. Куфр калимаси луғатда “бекитмоқ” маъносини англатади.
ارْتِدَادٍ – луғатда “орқага қайтиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса Ислом динидан қайтиш тушунилади.
بِعَهْر – жор ҳарфи “сабабия” маъносида келган. Жор мажрур يُقْضَى لاَ феълига мутааллиқ. “Аҳр” луғатда “бузуқлик”, “фоҳишалик” маъноларига тўғри келади.
اَوْ – танлаш имконини қолдириш маъносидаги атф ҳарфи.
بِ – بِقَتْلٍ “сабабия” маъносида келган жор ҳарфи. “Руҳнинг танадан чиқиб кетишига сабаб бўладиган ишни қилиш қатл деб аталади”.
اخْتِزَالِ – бу масдар бирор нарсадан кесиб олишга нисбатан ишлатилади. Бу ерда бировнинг молидан ноҳақ ўзлаштириб олиш маъноси кўзда тутилган.
Матн шарҳи:
Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, зино, қотиллик ёки қароқчилик каби гуноҳлар энг катта гуноҳи кабиралар ҳисобланса-да, булар сабабли куфрга ҳукм этилмайди. Адашган тоифалар эса буларга зид бўлган қарашларни илгари сурганлар.
Гуноҳ содир этган мўмин киши ҳақидаги қарашлар
Гуноҳи кабира сабабли куфрга ҳукм этилмаслигининг далилларини ўрганишдан олдин гуноҳи кабиралар тўғрисидаги қарашларнинг фарқлари ажратиб олинса, ушбу масалани тушуниш осон бўлади. Бу масалада Аҳли сунна вал-жамоа ва адашган фирқалар орасида қуйидагича фарқлар бўлган:
Гуноҳи кабира туфайли банда иймондан чиқадими?
Аҳли сунна – иймондан чиқмайди;
Мўъазилийлар – иймондан чиқади, куфрга кирмайди;
Хаворижлар – иймондан чиқиб, куфрга киради;
Муржиалар – кофирга тоат наф бермаганидек мўминга гуноҳ зарар бермайди.
Аслида бировни кофирга чиқариш ёки бирор мусулмонни динидан қайтиб муртад бўлганига ҳукм қилиш ниҳоят даражада хатарли ишлардан ҳисобланади. Чунки ҳақиқатдан кофир бўлган кимсаларга қаттиқ таҳдидлар келган:
وَالَّذِينَ كَفَرُوا لَهُمْ نَارُ جَهَنَّمَ لَا يُقْضَىٰ عَلَيْهِمْ فَيَمُوتُوا وَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمْ مِنْ عَذَابِهَا ۚ كَذَٰلِكَ نَجْزِي كُلَّ كَفُورٍ
“Кофир бўлган кимсаларга эса, шундай жаҳаннам ўти бордирки, на уларга ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”[1].
“Такфир” масаласи ҳақида Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Баъзи адашган фирқалар Қуръон ва суннатга тўғри келмайдиган қарашлари сабабли кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, Ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди, деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал-жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўладилар”[2].
Аҳли сунна вал-жамоанинг мазкур масала тўғрисидаги қарашлари ҳақида “Ақидатут Таҳовий” китобида қуйидагилар ёзилган: “Қибламиз аҳлини модомики Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани эътироф этар эканлар мўмин мусулмон деб атаймиз... банда иймондан ўзини унга киритган нарсани инкор қилиши билангина чиқади”.
Яъни мусулмон киши икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиб маъноларига эътиқод қилиш билан Исломга кирса, уларнинг маъноларини инкор қилиш билан ундан чиқиб кетади.
Гуноҳ туфайли куфрга ҳукм этмасликнинг далиллари
Гуноҳи кабираларни содир этганлар қаттиқ гуноҳкор бўлсалар-да, лекин кофир саналмасликларига оятларда ҳам, ҳадисларда ҳам Аллоҳ амрига осий бўлган бандани мўмин деб аталгани энг катта далилдир:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى
“Эй иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос (олиш) фарз қилинди”[3].
Бошқа бир оятда эса бундай дейилган:
وَإِن طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا
“Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”[4].
Ушбу ояти карималарда катта гуноҳларни содир этган кимсалар мўмин деб аталган. Бу эса гуноҳи кабира сабабли мўмин кишининг диндан чиқиб кетмаслигини англатади. Қолаверса, гуноҳи кабира қилганлар диндан чиқиб кофир бўлганларида қасос олиш, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорнинг турмуш қургани ё қурмаганига қараб маълум жазо бериш каби шаръий жазоларга ҳожат қолмасди. Балки уларга умумий қилиб диндан чиқиб муртад бўлган кимсаларга бериладиган жазо жорий қилинган бўлар эди. Шу маънода мазкур шаръий жазолар тайин қилинганининг ўзи ҳам мўмин кишининг гуноҳ сабабли иймондан чиқиб кетмаслигига ёрқин далилдир.
Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур масала тўғрисида қуйидагиларни ёзган:
اَلْكَبِيرَةُ لاَ تُخْرِجُ الْعَبْدَ الْمُؤْمِنَ مِنَ الاِيْمَانِ وَلَا تُدْخِلُهُ فِى الْكُفْرِ وَاللَّهُ تَعَالَى لاَ يَغْفِرُ اَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنَ الصَّغَائِرِ وَالْكَبَائِرِ وَيَجُوزُ الْعِقَابُ عَلَى الصَّغِيرَةِ وَالْعَفْوُ عَنِ الْكَبِيرَةِ اِذَا لَمْ يَكُنْ عَنِ اسْتِهْلاَلٍ وَ الاِسْتِهْلاَلُ كُفْرٌ وَ الشَّفَاعَةُ ثَابِتَةٌ لِلرُّسُلِ وَالاَخْيَارِ فِى حَقِّ اَهْلِ الْكَبَائِرِ بِالْمُسْتَفِيضِ مِنَ الاَخْبَارِ وَاَهْلُ الْكَبَائِرِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ لاَ يُخَلَّدُونَ فِى النَّارِ.
“Катта гуноҳлар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни кечирмайди, ундан бошқа кичик ва катта гуноҳларни эса хоҳлаган кимсадан кечиради. Кичик гуноҳга жазо бериши ҳам, агар ҳалол ҳисоблашдан бўлмаса, катта гуноҳни афв қилиши ҳам мумкин. Ҳалол санаш куфрдир. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг катта гуноҳ аҳллари тўғрисидаги шафоатлари кўплаб хабарлар билан собитдир. Гуноҳи кабира содир этган мўминлар дўзахда абадий қолдирилмайдилар”.
Мулла Али Қори гуноҳ туфайли куфрга ҳукм қилмаслик тўғрисида қуйидаги иқтибосни келтирган: “Инсонлар икки хил бўладилар:
1. Мўмин одамлар;
2. Кофир одамлар.
Кофир одамлар билиттифоқ дўзахда бўлади. Мўмин одамларнинг ўзлари ҳам икки қисмга бўлинади:
1. Итоаткор одамлар;
2. Осий одамлар.
Итоаткор одамлар билиттифоқ жаннатда бўладилар. Осий одамлар ҳам икки қисмга бўлинади:
1. Тавба қилувчи одамлар;
2. Тавбани тарк этган одамлар.
Тавба қилувчи одамлар билиттифоқ жаннатда бўладилар, тавбани тарк этган одамлар эса Аллоҳ таолонинг хоҳишида бўладилар”[5].
Аммо мазкур гуноҳларнинг куфр ё куфр эмаслиги тўғрисида баҳс-мунозара бўлишининг ўзи ҳам уларнинг нақадар хатарли эканига далолат қилади. Ушбуларга ўхшаш ман этилган ишлардан сақланган бандаларнинг кичик гуноҳлари кечирилиши ваъда қилинган:
إِن تَجْتَنِبُواْ كَبَآئِرَ مَا تُنْهَوْنَ عَنْهُ نُكَفِّرْ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَنُدْخِلْكُم مُّدْخَلاً كَرِيمًا
“Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни роҳатбахш манзил (жаннат)га киритурмиз”[6].
Яъни бандалар катта гуноҳлардан сақлансалар, кичик гуноҳлари ҳам ўчирилиб жаннатга киритиладилар. Катта гуноҳлардан сақланиш учун эса, аввало уларни яхши билиб олиш лозим.
Гуноҳларнинг турлари
Гуноҳлар икки турга бўлинади.
1. Гуноҳи кабиралар;
2. Гуноҳи сағиралар.
Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу ақоид” китобида қуйидагиларни ёзган: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо кабира ва сағира гуноҳларга шундай таъриф берган: “Ҳад тайин қилинган ёки дўзах билан, ё лаънат айтилиши билан, ё ғазаб қилиниши билан таҳдид қилинган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир. Дунёда ҳад тайин қилинмаган, охиратда қўрқитув билан огоҳлантириш берилмаган ҳар бир гуноҳ сағира гуноҳдир”.
Ҳадиси шарифларда баъзи гуноҳ ишлар ҳалокатга олиб борувчи энг катта гуноҳи кабира бўлгани сабабли куфр деб номланган.
عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: قَالَ رسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سِبَابُ الْمُسْلِمِ فُسُوقٌ وَقِتالُهُ كُفْرٌ. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни ҳақорат қилиш ахлоқсизликдир, у билан уришиш куфрдир”, – дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Мусулмон билан урушишнинг куфр деб аталиши бу ишнинг кишини иймондан чиқариб юборадиган куфр бўлмаса-да, энг катта гуноҳлардан эканини билдиради.
Кейинги мавзулар:
Диндан чиқишни ният қилган кимса баёни;
Бепарволикнинг аянчли оқибати.