Дунёдаги энг чуқур ва чучук сувли кўл — Байкал кўлидир. Бу кўл Россиянинг Шарқий Сибир минтақасида, Бурятия Республикаси билан Иркутск вилояти орасида жойлашган бўлиб, харитадан Россия ҳудудидаги ойсимон тизилган Байкални қийналмай топа оламиз.

Байкал дунёдаги энг чуқур кўл бўлиб, унинг чуқурлиги 1642 метрга етади.
Кўлнинг майдони 31,5 минг кв км, узунлиги 636 км.га чўзилган. Байкалнинг ўзи сувга ва балиққа бой. У ўзининг чуқурлиги, сувининг кўплиги, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг хилма-хиллиги билан машҳур. Кўл сувининг хажми 23 минг кубкилометр бўлиб, Орол денгизиникидан 23 марта, Азов денгизиникидан 92 марта кўпдир. Кўлга Селенга, Юқори Ангара, Баргузин, Турка, Снежная, Кичера, Бугулдейка каби жами 336 дарё қуйилади ва фақат бир дарё – Ангара оқиб чиқади, холос.

Байкал кўлининг машҳур текширувчиси Г.Ю. Верешчагиннинг ҳисоблашича, агар кўлга ҳеч қандай дарё қуйилмай турган тақдирда ҳам Ангара Байкалнинг сувини қуритиш учун 400 йил оқиши керак экан.
Байкал сувининг таъми жуда мазали. Бунинг сабаби сув тозалиги билан бир қаторда таркибида минераллар ҳам кам.
Кўлда ўсимликларнинг 850, ҳайвонларнинг эса 1400 тури мавжуд. У ердаги ўсимликларнинг 133 тури, ҳайвонларнинг эса 848 тури дунёнинг бошқа жойларида учрамайди. Баъзи тирик организмлар дунёнинг бошқа ҳеч бир кўлида йўқ. Байкал кўҳна мавжудотларнинг табиат музейи деб аталиши ҳам бежиз эмас. Бу ерга туб ҳайвонлар – эндемикалар келганига беш миллион йилдан ошган.
Ер шаридаги жами чучук сув захирасининг 22 фоизини шу кўл суви ташкил этади. Шунча миқдордаги ичишга яроқли сувнинг бир жойга тўпланиши Аллоҳнинг улкан неъматларидандир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجاً فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ
“Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз тушурувчимизми? Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!” (Воқеа сураси, 68-70-оятлар).
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилсак ва улардан оқилона фойдалансак, Роббимиз бу неъматларни яна ҳам зиёда қилади.
Қиш фаслида, аниқроғи, январдан майгача Байкал тўла музлайди. Фақат Ангара дарёсига яқин 15-20 км атрофидаги жойи музламайди.



Қишнинг охирларига бориб, музнинг қалинлиги кўл ўрталарида 1 метр, қўлтиқларда 1 ярим ва 2 метргача етади. Кўлнинг музи феруза рангда товланади.
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
тайёрлади
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати