Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Январ, 2025   |   20 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:44
Пешин
12:39
Аср
15:43
Шом
17:28
Хуфтон
18:45
Bismillah
20 Январ, 2025, 20 Ражаб, 1446

03.08.2018 й. Ота-онага эҳтиром – вожиб

30.07.2018   958   11 min.
03.08.2018 й. Ота-онага эҳтиром – вожиб

بسم الله الرحمن الرحيم

ОТА-ОНАГА ЭҲТИРОМ ВОЖИБ

 Муҳтарам жамоат! Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, ота-она ҳақларини фарзандлар зиммасига юклаб, уларга доимо ҳурматда бўлишга буюради. Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилинади. Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзларию феълларини ҳеч малол олмасликка буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади:

وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا (سورة الإسراء 23).

яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт” (Исро  сураси, 23‑оят).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амридан кейиноқ ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу ҳол ўз навбатида Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини билдиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олишга тарғиб қилганлар.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ الأَعْمَالِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: "الصَّلاَةُ لِوَقْتِهَا"، قَالَ: قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: "بِرُّ الْوَالِدَيْنِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالْإِمَامُ مُسْلِمٌ).

яъни: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қайси бири афзал?”, – деб сўрадим. “Вақтида ўқилган намоз”, – дедилар. “Кейин нима?”, – дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти ).

Ота-онага яхшилик қилган фарзанднинг умри зиёда ва ризқи мўл-кўл бўлиши ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:        

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُمَدَّ لَهُ فِى عُمْرِهِ وَيُزَادَ لَهُ فِى رِزْقِهِ فَلْيَبَرَّ وَالِدَيْهِ وَلْيَصِلْ رَحِمَهُ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ أحمدُ بْنُ حَنْبَلٍ فِي مُسْنَدِهِ).

яъни:Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин”, – дедилар” (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).

Ота-онасига  яхшилик қилган фарзандларга жаннат эшиклари очилиши ҳақида қуйидаги ҳадис келган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ أَبَوَانِ، فَيُصْبِحُ وَهُوَ مُحْسِنٌ إِلَيْهِمَا إِلَّا فُتِحَ لَهُ بَابَانِ مِنَ الْجَنَّةِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالْإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ).

яъни: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривоят қилганлар).

         Аллоҳ таоло ўзининг розилиги ва ғазабини ота-онанинг розилиги ва ғазабига боғлаб қўйди:

         عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : رَضَى الرَّبِّ فِي رِضَى الْوَالِدِ وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Раббнинг розилиги  ота (она)нинг розилигида, Раббнинг ғазаби ота (она)нинг ғазабидадир” (Имом Термизий ривоят қилган).

         Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онадан етим қолган бўлсалар ҳам, эмизган оналарига нисбатан юксак ҳурмат намуналарини кўрсатганлар. Ибн Саъднинг “Табақот” китобида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизга уйланиб, Маккада яшаб турганларида ёнларига Ҳалимаи Саъдия келиб: “Қаҳатчилик туфайли ҳаёт кечириш жуда ҳам қийинлашиб кетди, қурғоқчиликдан ҳайвонлар қирилиб кетмоқда” – деб айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз билан маслаҳатлашиб қирқта қўй ва битта туя берадилар.

         Ҳатто бир куни Ҳалимаи Саъдия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига келганида ўринларидан туриб:“Онажон!, онажон!”, – деб ҳурмат ва муҳаббат кўрсатганлари, ридоларини ерга солиб унга ўтқазганлари ҳам нақл қилинган. Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо Мадинадаги Бақиъ қабристонига дафн қилинган.

Муҳтарам ота-оналар фарзандлари камоли, уларнинг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сафарбар этишади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксиларини қалқон қилишади. Аммо айрим ёшларимиз ота-оналарига қўпол муомалада бўлиб, дилларини ранжитиб, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида ота-онасини шарманда қиладиган, кексайган чоғларида эъзозлаб парваришлаш ўрнига, қаровсиз ташлаб қўядиган ёки қариялар уйига жўнатадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туриши сир эмас. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "بِرُّوا آباَئَكُمْ تَبَرُّكُمْ اَبْنَائُكُمْ وَعِفُّوا تَعِفُّ نِسَاءُكَمْ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْحَاكِمُ)

яъни: “Ота (она)ларингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади. Иффатли бўлинглар, шунда аёлларингиз ҳам иффатли бўлишади” (Имом Ҳоким ривояти).

Доно халқимизда “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, “Ота рози – Худо рози” каби ажойиб ҳикматлар бор. Ҳар бир эркак ва аёл бу ҳикматлардан тўғри хулоса чиқариб, ўзини ўнглаши, хато қилган бўлса, дарров ота-оналаридан узр сўраб, улар кўнглини топиши, дилларидан озорни кетказиш пайида бўлиши даркор!

قَالَ أَبُو مُوسَى الْأَشْعَرِيُّ رضي الله عنه شَهِدَ اِبْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا رَجُلاً يَماَنِيًّا يَطُوفُ بِالْبَيْتِ حَمَلَ أُمَّهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ يَقُولُ: إِنّي لَهَا بَعِيْرُهَا الْمُذَلَّلُ ... إِنْ أَذْعَرَتْ رِكَابُهَا لَمْ أُذْعِرْ ثُمَّ قَالَ: يَا ابْنَ عُمَرَ أَتَرَانِيْ جَزَيْتُهَا قَالَ: "لَا، وَلَا بِزَفْرَةٍ وَاحِدَةٍ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ).

яъни: Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир Яманлик киши ўз онасини елкасига кўтарган ҳолда Каъбатуллоҳни тавоф эттириб юрганини кўрдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни айтар эди:

Онаи зорим учун бўйнини эгган туяман,

Туя минган онам ҳориса, мен ҳоримасман.

Бу байтни ўқир экан ҳалиги киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога қараб: “Эй Абдуллоҳ,  мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?”, – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Йўқ! бу хизматинг онангнинг сен туфайли битта оҳ тортганига ҳам тенг келмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Тобеинлардан бири Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳи ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй, онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг”, – дер экан.

Ота-она вафотларидан кейин ҳам фарзандлар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишлари лозим.

عَنْ أَبِيْ أُسَيْدِ السَاعِدِي رضي الله عنه قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذْ جَاءَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ: هَلْ بَقِيَ عَلَيَّ مِنْ بِرِّ أَبَوَيَّ شَيْءٌ أَبَرُّهُمَا بِهِ بَعْدَ مَوْتِهِمَا؟ قَالَ: "نَعَمْ، الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عَهْدِهِمَا مِنْ بَعْدِهِمَا، وَصِلَةُ الرَّحْمِ الَّتِي لاَ تُوْصَلُ إِلَّا بِهِمَا، وَإِكْرَامُ صَدِيْقِهِمَا" (رَوَاهُ الْإمَامُ أَبُو دَاوُدَ).

яъни: Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен учун ота-онам дунёдан ўтганидан кейин ҳам қиладиган яхшилик қолдими?”, – деб сўради. Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, истиғфор айтиш, аҳдларини бажариш, ота-она орқали қариндош бўлганларга силаи раҳм қилиш ва  дўстларини ҳурмат қилиш, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

         Ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онанинг дўстлик алоқаларини сақлаш тўғрисида шундай деганларини ривоят қилади:

اِحْفَظْ وُدَّ أَبِيكَ ، لَا تَقْطَعْهُ ، فَيُطْفِىءَ اللهُ نُورَكَ (أَخْرَجَهُ  الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ)

Отангнинг дўстлик алоқаларини сақла, уни узиб қўйма, акс ҳолда Аллоҳ нурингни ўчириб қўяди” (Имом Бухорий ривояти).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: “Ота-онага яхшилик қилиш гуноҳи кабиралар учун каффоратдир”, – деганлар.

Ота-онаси вафот этганларидан кейин ҳам яхшилик қилишни истаган фарзандлар ота-оналари номидан хайру садақа ва эҳсонлар қилсинлар. Қилган садақалари савобини ота-оналарига бағишласалар, манфаати уларга етади. Ота-онадан сўнг уларнинг қариндошларига яхшилик қилган фарзанд худди ота-онасига яхшилик қилган билан баробар бўлиб, умрига ҳам барака берилади. Ота-она вафотларидан кейин уларнинг дўст ва дугоналарига фарзанд яхшилик қилса, худди ота-онасига яхшилик қилгандек бўлади.

 Фарзанд ота-онанинг розилигини олиш учун қуйидаги амалларни бажариши тавсия этилади.

  • Аввало, барча ишларда ота-онадан маслаҳат олиш;
  • Ота-онанинг насиҳатларини жону дил билан қабул қилиш;
  • Гаплашганда мулойим, ёқимли сўзлар билан муомала қилиш;
  • Бирор хизмат буюрсалар, “лаббай”, деб уни бажариш;
  • Ўзига хуш кўрган нарсаларни уларга ҳам раво кўриш;
  • Уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик;
  • Уларга “уф” ёки “уҳ” демаслик;
  • Ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик;
  • Ота-она кириб келганда ўрнидан туриш;
  • Ота-она ҳузурида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик;
  • Улардан юқорида ўтирмаслик;
  • Ота-она дам олаётганда уларни безовта қилмаслик, олдиларига рухсатсиз кирмаслик;
  • Ота-онанинг кўнгилларини топиб, розилигини олиш;
  • Ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиш;
  • Дуо қилганда ота-онасининг ҳақларига алоҳида дуо қилиш.

Аллоҳ таоло ота-оналаримизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин, фарзандларимизга инсоф ва тавфиқ бериб, ота-оналарини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан қилсин! Омин.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадиси шарифда Ватан тушунчаси

14.01.2025   3749   4 min.
Ҳадиси шарифда Ватан тушунчаси

Муқаддас динимизнинг иккинчи манбаси бўлган Суннатда ҳам ватан тушунчаси ва унга бўлган муҳаббат борасида талайгина ҳадислар келган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби) уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”.

Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорис Ибн Умайр Ҳумайднинг “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар” ривоятини зиёда қилган» (Имом Бухорий ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради”, дедилар» (Имом Дорақутний, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

Шарҳ: Аллома Муновий[1] раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: “(Ватанга) шошилиш – мустаҳаб. “Аҳл”дан мурод эса ватандир, гарчи у ерда аҳли (оиласи) бўлмаса-да, келиши билан дўстлари, аҳлларига сурур бағишлагани учун “шундай қилиши ажрини кўпайтиради”. Ватанда истиқомат қилишда бошқа жойга қараганда ибодатга (оид) вазифаларни бажариш осон бўлади. Бу Ислом асосларидан бири бўлган ҳаж борасида шундай дейилган бўлса, бошқа, айниқса, мустаҳаб (араб. – “севилган”, “ёқтирилган”) – шаръий амал; уни бажарган киши савоб олади, бажармаган киши гуноҳкор бўлмайди) ва мубоҳ (араб. – “умумий”, “ихтиёрий” иш-ҳаракат) – шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган амал) сафарларда (ўз ватанига шошилиши биринчи навбатда) талаб қилинади. Мана шу ҳадисдан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Маккани қўшни тутиш макруҳ (араб. – “рад этилган”, “қораланган”, “номақбул”) шариат ҳукмларидан бири. Қатъиян тақиқланмаган, бироқ номақбул ҳисобланган ва рад этилган амал. Макруҳ икки хил бўлади, деган ҳукмни олганлар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азобнинг бир бўлагидир. Сизларни таом, шароб ва уйқудан тўсади. Қай бирингизнинг сафардан мақсади ҳосил бўлса, аҳлига шошилсин”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг: ота, мусофир ва мазлумнинг дуоси ижобат қилинади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Шарҳ: Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ёзади: “Уч кишининг: отанинг фарзандга, мусофирнинг ва мазлумнинг золимга қилган дуоси ижобат бўлади. Сафар ватандан узоқ, ғурбатда бўлиш, машаққатларни бошдан кечириш сабабли қалбда синиқлик пайдо қилади. Синиқлик дуо ижобат бўлишининг энг катта сабабларидан бири. Мазлум эса ночордир”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меванинг аввали келтирилар эди. Шунда у зот: “Аллоҳумма барик лана фи мадинатина ва фи самарина ва фи муддина ва фи соъина барокатан маъа барока” дуосини айтардилар. Сўнгра уни ҳозир бўлган болаларнинг энг ёшига берардилар» (Муслим ривояти).

Дуонинг таржимаси: “Аллоҳим! Бизнинг шаҳримизга, мевамизга, муддимизга ва соъимизга барака устига барака бер“. (Муд ва соъ – ҳажм ўлчов бирликлари).

"Исломда ватан тушунчаси" китобидан


[1] Аллома Муновий. Тўлиқ исми: Зайнуддин Муҳаммад Абдуррауф ибн Тожулорифин ибн Али Зайнул Обидин Ҳаддодий Муновий Қоҳирий. Милодий 1545, ҳижрий 952 йилда туғилган. Милодий 1622, ҳижрий 1031 йилда Қоҳирада вафот этган. Қомусий олимлардан. Аллома Муновий парҳезкор, кам овқат, кам уйқу зотлардан эди. 80га яқин китоб муаллифи. Ёзган китоблари: “Кунузул ҳақоиқ” (ҳадис ҳақида), “Файзул Қодир шарҳу жомеис сағир” ва бошқалар.

МАҚОЛА