Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Йўлларингиз очиқ, ибодатларингиз мақбул бўлсин!..

30.07.2018   8182   2 min.
Йўлларингиз очиқ, ибодатларингиз мақбул бўлсин!..

Ҳажга боришни орзу қилиб, Маккаи мукарама ва Мадинаи мунавварага қадами етишини дилига тугиб олган, ҳажга борувчилар рўйхатига киритилган куниданоқ қалбларидаги муҳаббати янада зиёда бўлиб кучли ҳаяжон билан улуғ ибодатга тайёрланиб, кеча-ю кундуз зикр билан машғул бўлган ихлоси чексиз ватандошларимизнинг биринчи гуруҳи ўтирган ҳаво лайнери бугун тонгда Саудия Арабистонига қараб учиб кетди.

Бир неча кун бурун Саудияга етиб борган ишчи гуруҳи ҳожиларимизни кутиб олиш учун барча зарурий чораларни кўриб қўйганлар. Ҳожиларимизга ҳашаматли меҳмонхона, энг қулай шароитлар, истеъмоллари учун турли вақтларда тайёрланадиган покиза ва лаззатли таомлар, борадиган манзилларига етказиб қўйувчи салқин автобуслар, ўзини роҳатсиз сезиб қолгудек бўлганларга малакали тиббий хизматлар, борингки, уларнинг нима эҳтиёжи бўладиган бўлса, ҳаммаси аъло даражада муҳайё қилинган.

Ўзбекистонлик ҳожиларга шундай шароитлар муҳайё қилинганки, улар ҳеч нарсага чалғимайди, ҳеч нарса ҳақида ўйламайди, ҳеч нарсадан хавотирга тушмайди, фақат ибодат қилади, ибодатнинг лаззатини ҳис қилади. Ҳаж  амалини бу қадар қулай шароитларда бажариш не-не шавкатли зотларнинг орзуси бўлиб келганини тасаввур қилишнинг ўзиёқ бизнинг ватандошларимизнинг толеи қанчалик баландлигига далолат қилади.

Самолётга чиқаётган чоқдаги нуроний отахону онахонларнинг қалбларидаги ҳаяжонни, кўзларидаги севинч ёшларини кўриб. тилларидаги дуоларини эшитган ҳар бир киши тўлқинланиб кетади. Юртимизнинг  тинчлиги, юртбошимизнинг омонлиги, ғайрат-шижоати, элимизнинг маъмурлиги астойдил кўнгилдан келаётган дуолар шарофатдиндир деб севинади. Уларнинг муқаддас маконларга эсон-омон бориб, ҳаж ибодатларини бекам-у кўст бажариб, Ватанимизга ёруғ юз билан юзларидан таралиб турган ибодат нурлари янада барқ уриб қайтиб келишларини тилаб қолади.

Ҳожиларимизни – отахон-у онахонларимизни, ака-укаларимизни, опа-сингилларимизни ўз бағрига жойлаб ҳавога кўтарилган улкан ҳаво лайнерининг ортидан қараб, қўлларимизни дуога очиб уларнинг ҳаққига дуолар қилиб қолдик: Йўлларингиз очиқ ва ойдин, ибодатларингиз мақбулу манзур бўлсин! Ҳажингиз муборак, азиз юртдошлар!

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   40559   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари