Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Апрел, 2026   |   13 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:32
Аср
16:57
Шом
18:53
Хуфтон
20:07
Bismillah
02 Апрел, 2026, 13 Шаввол, 1447

Исломда фарзанднинг ҳуқуқлари

28.07.2018   24625   17 min.
Исломда фарзанднинг ҳуқуқлари

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир.
Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзда, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар:

  1. Насаб.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина, насаби аниқ ва пок бўлади.

  1. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.

Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди.
«Талхис» номли китобда Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг».
Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилган.

Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши – исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.
3. Эмизиш.

 Туғилган фарзанд, аввало, эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар», деган (233 — оят).

 

Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ровожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб этди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда.

Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом эдирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.

  1. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашларидир.

Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ўзининг «Китобул бирри вас силати»сида Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда:

«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Бас, бир киши:
«Менга этиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига, мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди», деди.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, исмларнинг яхшиси, бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир, деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи, Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.
Шунингдек, Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлари ҳисобланади.

Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмлар қўймоқ керак.

  1. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

«Ақиқа» луғатда ёрди маъносини англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига айтилади.

Шариат таълимотларига мувофиқ туғилишнинг эттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади.
Ана ўша соч бошдан ажратиб олингани учун «ақиқа» дейилади.
Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақиқа» дейилади.
Истеъмолда шу маънода кўп ишлатилгани учун «ақиқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй англанадиган бўлиб қолган.

Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», – дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ҳадисдаги бу жумлани, янги туғилган боланинг ақиқаси ўзи билан, деб тушунилади. Яъни ҳар бир янги туғилган болага ақиқа лозим, деганидир.
«Бас, унинг учун қон чиқаринг».

Яъни янги фарзанд туғилгани шарафига сўйиш сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандоқ бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

  1. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандоқ ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.

Ривоятлардан бирида:

«Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар этказа олмас», дейилган.

Умму Сибён болаларга зиён этказадиган жин тоифасидир.

  1. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Менинг ўғлим туғилганда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У Зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».

Икки шайх ривоят қилган.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У Зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, жуда хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.
Ана шу ишга тақлид қилиб янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.
«У Зот уни Иброҳим, деб номладилар»

Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли.
«хурмо ила танглайини кўтардилар»

Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, деярли, доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.
«ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар»

Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

  1. Ҳомийлик.

Бола этти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.

  1. Валийлик.

Етти ёшдан балоғат ёшига этгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

  1. Нафақа.

Болаларнинг нафақаси. Уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол пок бўлиши матлубдир.
Фақир ёш боланинг нақафаси отасига вожиб бўлади.

Бу ҳукмнинг далили. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«У(она)ларни яхшилаб эдириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган(233-оят).

Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Ей Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён – ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болангга этарлисини тўғриликча ол», дедилар у Зот. Икки Шайх ривоят қилишган. Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни боланинг нафақси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

    1. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота-онанинг вазифаси.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас», дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон Зот эдилар. У Зот болалар ичида ўз набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: «Ей Аллоҳим! Иккисини раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман», дер эдилар». Бухорий ривоят қилган. Ойша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар». Икки шайх ривоят қилган. Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.

      1. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир. 
        Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:«Эй, Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан бу-буни, бердим», деди.«Ҳамма ўғилларингга, шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у Зот. «Йўқ», деди. «Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра: «Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» дедилар. «Ҳа», деди. «Ундоқ бўлса, йўқ!» дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган. Бешовлари ривоят қилган. Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду-ҳасад, фитна кучаяди. Агар шаръий узр ила сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ бошқасига озроқ мол берса бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.
      2. Балоғатга этгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш ва бошқалар.Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.
      3. Тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидандир.Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида: «Ей, иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса шуни бажарадилар»,деган (6-оят). Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти Карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради.

Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёш болани этти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга этганда ҳам ўқимаса, уринг», деганлар.

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти Карима нозил бўлгандан сўнг:
«Ей Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар. Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-еътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларини тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак. Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

      1. Аллоҳ ота-она ва фарзандга бирдек яхшилик қилган бандаларини аброрлар деб атагани.
      2. Мўмин бандада ота-онанинг ҳақи бўлганидек, фарзанднинг ҳам ҳақи борлиги.

 

Лутфуллоҳ ЖАМАЛОВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Касб-ҳунар ўрганишнинг фойдалари

31.03.2026   2379   5 min.
Касб-ҳунар ўрганишнинг фойдалари

 Фарзанд хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, уни тарбиялаш, таълим бериш, касб танлашига кўмаклашиш ва вояга етганида муносиб ерга турмушга узатиш ёки уйлантириш ҳар бир ота-онанинг орзу-умидидир.


Бунинг учун фарзанд ўз олдидаги турмуш тутиш ва бахтли ҳаёт кечириш, зиммасидаги бурч ва қадриятларни қай тарзда адо этиш кўникмаларини яхши ўзлаштирган бўлиши керак. Бу ўринда икки йўлни маҳкам тутиш азалдан ўз самарасини бериб келган. Аввалгиси, фарзандни ёшлигидан эгаллаган тарбия ва илмга йўналтириш. Иккинчи йўл ҳалол касб-ҳунар бўлиб, у ҳам ёшликда эгаллангани афзал. Зеро, ёшликдаги илм ёки ҳунар тошга ўйиб ёзилгандек болада муҳрланиб қолади.


Одамзод пайдо бўлибдики, касб-ҳунарга эҳтиёжи бор. Чунки касб-ҳунар жамиятнинг аксар ижтимоий заруратлари ечими ҳисобланади. Бу ҳақда рисолалар ҳам ёзилган. Чунончи, деҳқончилик, дурадгорчилик, сартарошлик, қассоблик, темирчилик, чилангарлик, кулолчилик, чорвачилик, тижорат ва бошқа касб-ҳунарлар баёнига оид рисолаларнинг қўлёзма нусхалари юртимиз қўлёзма фондларида кўплаб учрайди.


Бинобарин, соғлом жамиятларда фарзандларни касб-ҳунарли қилиб тарбиялашга эътибор доим устувор бўлиб келган Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламолар меросида касб-ҳунар эгаллашга кучли тарғиб қилинганини кўришимиз мумкин. Бинобарин, ислом таълимотларида ҳалол ризқ-рўз топиш, жамият манфаатларига хизмат қилиш, хайрли касб-ҳунарни кейинги авлодларга такомиллаштириб етказиш кайфиятини инсонларда тарбиялаш муҳим ҳисобланади. Инсон ҳеч бир касб-ҳунарни эгалламаса, умуман меҳнат қилмай қўйса, ўзига юклатилган бурчни адо этмаса, Раббининг амрига итоат этмаган исёнчилардан бўлиб қолиши мумкин.


«Анбиё» сурасининг 80-ояти каримасида темирчилик борасида сўз кетиб, Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом) ҳақида айтади: «Унга (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик. Бас, сизлар шукр қилувчимисиз?!» 


Қуръони каримда касб-ҳунар билан боғлиқ ёки унга йўналтирилган яна кўплаб оятлар бор. Бинобарин, Исломда соғлом бола тарбияси барча пайғамбарлар ўз умматларига касб-ҳунарда ибрат бўлдилар. Масалан, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Закариё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Нуҳ (алайҳиссалом) кемасозлик, Муҳаммад (алайҳиссалом) чўпонлик ва тижорат билан шуғулланганлари маълум. 


Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): «Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради», деб марҳамат қилиб, саҳобаи киромларни ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ҳалол ризқ-рўз топишга ундаганлар. Инсон ўз оиласи таъминотини ҳалол меҳнат ва фойдали саъй-ҳаракати туфайли қондирар экан, шубҳасиз, бу йўлда чеккан заҳмати савобли амалларга айланади.


Имом Ғаззолий ҳам «Иҳё улумид дин» асарида касб мавзусига алоҳида бўлим ажратиб, унда турли ҳикматлар келтириб ўтган. Жумладан, Луқмони ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилган экан: «Ўғлим, ўзингни фақирликдан сақлаш учун ҳалол касб қилгин. Билгинки, бирор кишига (ҳаракатсизлик ортидан) фақирлик етса, унда учта хислат пайдо бўлади: динда енгилтаклик, ақлида заифлик ва мурувватсизлик. Шу уччаласидан ҳам оғирроғи – уни одамлар менсимай қўйишидир».


Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) ҳам тижорат билан шуғулланган. Бу касбда ҳалоллиги туфайли кўп баракотларга сазовор бўлганлиги у зотнинг шогирдлари ва замондошлари томонидан ёзиб қолдирилган. Бинобарин, ҳадиси шарифларда ҳам ҳалол касб билан шуғулланган инсонларга юқори баҳо берилган: «Ростгўй савдогар қиёмат кунида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир». 


Шундай экан, фарзандларимизга ҳам дунёси, ҳам охирати учун фойдали илм ҳамда ўз оиласи, қолаверса, яшаётган жамияти учун нафи тегадиган ҳалол тирикчиликдан юзага келадиган касб-ҳунар керак. Зеро, ҳунар ўз эгасини доим ҳалоллик, поклик, садоқат, меҳр билан ўз ишини адо этишга ундайди.


Ислом таълимотларига кўра, жамият ўз тараққиёти ва эҳтиёжларига хизмат қиладиган турли касблар бўйича мутахассислар тайёрлаб бориши зарур. Жамиятда тиббиёт, ҳисоб-китоб, деҳқончилик, тикувчилик ва бошқа соҳаларда мутахассислар бўлиши фарзи кифоя даражасида эътиборга олинади. Агар бирор соҳа бўйича ушбу жамиятда мутахассис топилмаса, бундай мутахассисни таъминлаш бутун жамият зиммасига тушади.


Давримизга келиб илму ҳунар турлари анча ортди. Баъзи касблар атрофида янгидан-янги йўналишлар ривож топиб, тобора такомиллашиб бормоқда. Мана шундай шароитда мамлакатимизда болаларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.


Глобаллашув шароитида ҳозирги замон оиласига ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялаш билан боғлиқ юксак ва ўз ўрнида ўта масъулиятли вазифа юклатилади. Фарзандларни илк ёшидан бошлаб кучи, диди, қобилияти ва қизиқишларига мос тушадиган фойдали меҳнат ва касб-ҳунарларга ўргатиш уларнинг иқболи учун муҳим. Зеро, ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, ёшликнинг безаги, келажак сармояси эса касб-ҳунар ортидан.


Касб-ҳунарли фарзанд ҳаётда ўз йўлини топиши баробарида ҳар қандай мушкул вазифаларнинг ҳам уддасидан чиқа олади. Ҳунарсиз киши эса, турмушда қийинчиликларга дуч келиши табиий. Мана шу эътибордан ҳунар эгаллаш, эгаллаганда ҳам пухта эгаллаш лозим. 

 

“Исломда соғлом бола тарбияси” китоби асосида

Бухоро шаҳар “Пойи Остона” жомеъ масжиди 

имом хатиби  Нодир Асадов тайёрлади.

Мақолалар