Баъзи ота-оналар фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефондан бемалол фойдалана олишини кўриб, хурсанд бўлишини айтади. Лекин уларнинг кўпи болалари телефон орқали нималар билан машғуллигини билмайди, тўғрироғи, назорат қилмайди. Болакай эса қўлида телефон, истаган, қизиққан маълумотларини ўртоқларидан кўчириб олиши ва ундан завқланиши мумкин. Шу тариқа, телефонга тушган ҳар хил бемаъни, ёшига мос бўлмаган маълумотлар ҳам боланинг онгини заҳарламоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда уяли телефон орқали ҳаёсиз тасвирларни тарқатиш тез ривожланмоқда. Бу эса дунё мамлакатларини жиддий ташвишга соляпти. Қатор давлатлар жамиятда, айниқса, ёшлар орасида одоб-ахлоқ меъёрларининг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кескин чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда.
Хитой ҳаёсиз маҳсулотларни тарқатишга қарши кенг қамровли кураш ҳаракатларини бошлаб юборди.
Австралияда эса ҳаёсиз маҳсулотларнинг тарқатилиши қатъий тақиқланиб, бу борада махсус қонун қабул қилинган.
Мактаб ўқувчиларини тармоққа улашда аппаратнинг турига қараб, белгиланган меъёрлар асосида фақат оддийларига улаш керак. Яъни, уларда камера, диктофон, флеш карта, "bluetooth" бўлмаслиги керак. Ўқувчиларга фақат кириш чиқиш қўнғироқларини қабул қилувчи ва хабар йўлловчи аппаратлардангина фойдаланишга рухсат бериш лозим.
Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтироларидан бири. Катта-кичик, ҳар ким унинг хизматидан фойдаланиши мумкин. Бироқ гап ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўртбеш яшар бола ҳам компьютердан бемалол фойдаланиши, эртадан кечгача “автопойга” ўйнаши ёки “жангари филм иштирокчиси”га айланиши мумкин. Бир қарашда бунинг ёмон жойи йўқдек. Бироқ бу нарса одат тусига кирса, нохуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Агар ўтган асрнинг 90-йилларида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлса, айни кунда компьютер ва интернет олдинги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди. Ҳозирги замон ёшлари қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганида, спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компьютер технологиялари ва интернетга бўлган қизиқишларини биринчи ўринда тилга олади.
Сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони соат сайин ошмоқда. 2007 йил Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. 2010 йил дунё тармоғида 10 миллион ёшлар “сайр қилган” бўлса, ҳозир уларнинг сони аллақачон 20 миллионга етган. Кундан кунга интернетдан фойдаланувчи оилалалар, фарзандлар сони кўпаймоқда. Бундай ёшларнинг катта қисми – 4,5 миллиондан ортиғи Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат орқали мулоқотда бўлади. Германияда ҳозирча 3 миллиондан ва Францияда 1,5 миллиондан ортиқ ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади.
Яна бир муҳим маълумот: “Болаларни асрайлик” (Save the Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтказган сўровномалар натижасидан маълум бўлдики, АҚШдаги 1517 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади.
Дарҳақиқат, бугун интернетдан фойдаланувчиларнинг деярли барчаси ёшларни ташкил этади. Тадқиқотлар натижаларидан шу маълум бўлдики, ҳозир мактаб ёшидаги болалар ҳам интернетдан тобора эрта фойдаланмоқда.
Ёшларнинг интернетдан фойдаланиши ҳақида сўз юритар эканмиз, юқорида тилга олинган ҳолат – интернетдаги танишувлар, SMS, чатларга тўхталиб ўтамиз. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай интернет аро ёзишувлар ёшлар ўртасида бугун кенг оммалашиб бормоқда, аста-секинлик билан чатга кирган ёшлар асосий вақтини ёзишмаларга сарфлаб, SMSларга, бу орқали интернетга муккасидан кетмоқда. Америкалик тадқиқотчиларнинг огоҳлантиришларича, SMSга бундай муккадан берилиш ўсмирлар соғлиғи, шунингдек, хулқатвори билан алоқадор бўлиши мумкин экан.
Тадқиқот ўтказилган ёшлардан 20 фоизи SMSга “ўта муккасидан кетганлар” тоифасига кириб, кунига 120 дан кўпроқ хабар жўнатар экан. Улар орасида, шунингдек, спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, гиёҳвандлик ва шаҳвоний амалларга берилиш ҳам кўп учрар экан.
Интернетдаги ижтимоиий тармоқларда кунига уч соатдан кўпроқ ўтирган ўсмирлар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Ушбу тадқиқот шундан далолат берадики, SMSга, интернет ижтимоий тармоқларига берилиб кетиш ҳолатини назардан қочириш ўсмирлар соғлиғига хавфли таъсир ўтказиши мумкин. Ана шу ҳолат SMS ё интернет ижтимоий тармоғидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланувчиларнинг ичкилик ва тамакига кўпроқ берилиб кетиши сабабларига ҳам ойдинлик киритади.
Олимжон КАРИМОВ
Пешку тумани “Хўжа Пешку”
Жоме масжиди имом-хатиби
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.
Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.
Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.
Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.
Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати