Айни кунларда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва расмий хатлар орқали айрим имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини сўраб Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу кабиларни инобатга олган ҳолда қуйидагиларни маълум қиламиз.
Сўнгги йилларда Ислом дини қадриятларини равнақ топтириш, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган аждодлар меросини ўрганиш ва ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш борасида сермаҳсул ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз Раҳбари замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-хатибларни доимо фаолликка, ғайрат кўрсатишга даъват этиб келмоқда.
Бироқ айрим имом-хатиблардаги ўзибўларчиликка берилиш, лоқайдликка йўл қўйиш ва сусткашлик қилиш каби ҳолатлар кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда. Тан олиш керак, Ислом дини маърифатини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг талаб-истакларини қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ишига барча имом-хатиблар бирдек ёндошмаётгани маълум бўлмоқда. Ҳукуматимиз диний соҳа ривожи учун бир қатор шарт-шароитларни муҳайё этиб бермоқдаки, бир вақтлар хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда.
Лекин мана шундай қулайлик ва енгилликларга зид равишда айрим масжидлардаги нохуш манзаралар ва имом-хатиблар фаолиятидаги нуқсонлар кўнгилни ранжитмоқда. Баъзи масжидларнинг қаровсизлиги, айрим имом-домлаларнинг бепарволиги юқоридаги мулоҳазаларни тасдиқлайди.
Масалан, Сирдарё вилоятида 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган. Мана шунинг учун Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов ҳам масжид тартиб-интизомига риоя этмагани, кундалик намозларда мунтазам бўлмагани, тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлар ҳамда беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли ишдан олинди. Фарғона вилояти Фарғона тумани бош имом-хатиби Ашуров Ҳасанбой ҳам топшириқларни пайсалга солиши, итоатсизлиги ва муомала маданияти имомликка нолойиқ бўлгани учун ишдан кетди. Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Пўлатов Абдураҳим каби имом-хатиблар ҳам мана шундай хато-камчиликлар туфайли улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Аслида имом-домлаларнинг ишдан бўшаш сабабларини шундай очиқлашни истамаган эдик. Лекин интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги очиқдан-очиқ сўровлар, мурожаатлар мана шундай қилишга мажбур этди.
Хулоса, мўмин-мусулмонлар томонидан имом-хатибларга берилган ишончни оқлаш вожиб. Бунинг учун зиммадаги масъулиятни бажариш, вазифани адо қилиш зарур. Бу йўлда тинимсиз меҳнат, итоат ва касб-маҳоратни ошириб бориш талаб этилади.
Эрдон Эсанов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ходимлар бўлими мудири вазифасини бажарувчи
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати