Бу дунёю у дунёда нажот топай, деган инсон Аллоҳга, Пайғамбарга ва илоҳий Китобга иймон келтириб, уларнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшамоғи лозим ва лобуддир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
Осмонлару ерни ва улардаги нарсаларни ҳақ ила яратдик. Албатта, Соат келувчидир. Бас, сен чиройли кечирим ила кечир. (Ҳижр сураси, 85-оят).
Демак, осмонлару ерда ва улардаги барча нарсаларда фақат ҳақ бор. Ёлғон ва ноҳақлик, алдамчилик ва ботил, беҳудалик ва тартибсизлик йўқ, ҳимматсизлик ҳам, мақсадсизлик ҳам йўқ. Шунинг учун улардаги барча ишлар ростгўйлик, адолат, садоқат, ҳақиқат асосида тартибли, фойдали, ҳикматли ва олий мақсадни кўзлаш ила кечмоғи лозим. Чунки «Албатта, Соат келувчидир».
Қиёмат куни бу дунёда қилинган ишларнинг барчаси ҳақ ила ҳисоб-китоб қилинади. Келиши аниқ бўлган қиёмат кунида ҳақ қарор топади. Эй Пайғамбар, «Бас, сен чиройли кечирим ила кечир».
Ўзингни қийнаб юрма. Қалбингни турли ғам-ташвиш ила машғул қилма. Ҳақ албатта ўз ўрнини топади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
Албатта, Роббинг Ўзи кўплаб халқ қилувчидир, ўта билувчидир. (Ҳижр сураси, 86-оят).
Ҳамма нарсани яратган Унинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаммасини ҳақ ила яратганлигида шубҳа йўқ. У ҳамма нарсани билувчи Зотдир. Аллоҳ Ўзи яратган нарсаларининг ҳолини жуда яхши билади.
Аллоҳ кейинги оятда шундай марҳамат қилади:
Ва, батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва Буюк Қуръонни бердик. (Ҳижр сураси, 87-оят).
Оятдаги «етти такрорланувчи»дан мурод Фотиҳа сурасидир. Чунки бу сураи карима етти оятдан иборат бўлиб, жуда кўп такрорланади. Намознинг ҳар ракъатида қайта-қайта ўқилади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн» етти такрорланувчидир, у менга берилган Улуғ Қуръондир», – деганлар.
Аллоҳ таоло ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етти оятдан иборат ва кўп такрорланадиган улуғ Фотиҳа сурасини ва уни ўз ичига олган Улуғ Қуръонни берганлигини таъкидлаб айтмоқда. Шу билан бирга, осмонлару ер қандай ҳақ бўлса, Қуръони Карим ҳам шундай ҳақ эканига ишора қилмоқда. Бу эса улуғ неъматдир. Қуръон неъмати дунёдаги ҳамма неъматлардан устун туради. Шунинг учун
Биз улардан айрим тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга кўз тикма! Улар учун маҳзун ҳам бўлма! Мўминларга қанотингни пастлат! (Ҳижр сураси, 88-оят).
Кофирларнинг айрим гуруҳларига бу дунё ҳаётининг баъзи матоҳларини бериб қўйганмиз. Улар бу нарсалардан баҳраманд бўлиб юрадилар. Сен уларнинг мазкур дунё матоҳларига ҳавас ила назар солма. Улар ҳавас қилишга арзийдиган нарсалар эмас. Ҳақиқий ҳавас қилса арзигулик нарса сенга берилган Улуғ Қуръондир. Зеро, унда инсонни икки дунё саодатига етакловчи ҳақ йўл кўрсатилгандир.
«Улар учун маҳзун ҳам бўлма!»
Кофирлар иймонга келмаганлари учун хафа ҳам бўлма.
«Мўминларга қанотингни пастлат!»
Иймонга келиб, сенга эргашганларга нисбатан мутавозе бўл. Улар билан чиройли муомалада бўл. Уларга лутф кўрсат. Уларни ўз қанотинг остига ол.
Ва: «Албатта, мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», – деб айт. (Ҳижр сураси, 89-оят).
Яъни «Эй Муҳаммад, сен одамларга ўзингнинг очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, осийларни Аллоҳнинг азобидан огоҳ қилувчи эканингни айт».
Худди тақсимловчиларга нозил қилганимизга ўхшаш. (Ҳижр сураси, 90-оят).
Қуръонни парча-парча қилганларга. (Ҳижр сураси, 91-оят).
Бу жойда араб тилининг нозик услублари ишлатилмоқда. Икки оят олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «етти такрорланувчи» ва Улуғ Қуръон нозил қилингани айтилган эди. Кейинги икки оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, баъзи кўрсатмалар берилди. Сўнгра «Сенга «етти такрорланувчи» ва Улуғ Қуръонни худди Қуръонни парча-парча қилган тақсимловчиларга китоб туширганимизга ўхшаш туширдик», – дейилмоқда.
«Қуръонни парча-парча қилганларга», деганда аҳли китоб – яҳудий ва насоролар назарда тутилгандир. Улар ўзларига келган илоҳий китобларни тақсимлаб, бир қисмига иймон келтириб, бир қисмига иймон келтирмаган эдилар. Энди эса Қуръонни ҳам парча-парча қилиб, ўз фикрларига мос келганини олиб, тўғри келмаганини тарк этмоқчи бўлмоқдалар. Ана ўшаларга ўз вақтида синовчи китоб туширганимиздек, сенга ҳам бу самовий Китобни – Улуғ Қуръонни нозил қилдик. Бу янгилик эмас. Қадимдан бўлиб келаётган иш. Кишилар баҳона, сабаб ахтармай, иймон келтиришлари зарур эди. Аммо кўплари бош тортмоқдалар.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев
Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати