Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Октябр, 2026   |   27 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:08
Қуёш
06:27
Пешин
12:11
Аср
16:09
Шом
17:58
Хуфтон
19:12
Bismillah
08 Октябр, 2026, 27 Рабиъус сони, 1448

24.01.2024   195   1 min.
Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Индонезия олимлари Мотуридий мероси бўйича академик ҳамкорликни кучайтирмоқда

08.10.2026   1118   2 min.
Ўзбекистон ва Индонезия олимлари Мотуридий мероси бўйича академик ҳамкорликни кучайтирмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон ва Индонезиянинг етакчи илмий-таълим муассасалари вакиллари иштирокида «Исломий меросни қайта жонлантириш: замонавий мусулмон дунёсида ақидавий ўзлик, маънавий мўътадиллик ва экологик амалиёт» мавзусида халқаро илмий семинар бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.

Семинар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Индонезиянинг LPTNU–PBNU, UNUSIA, UNU Yogyakarta, UNUGIRI ва IPMAFA каби нуфузли илмий-таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, мотуридийлик таълимотидаги ақидавий масалалари, диний тафаккур, маънавий мўътадиллик, шунингдек, исломий мероснинг замонавий жамиятдаги аҳамиятига бағишланган илмий маърузалар тақдим этилди.

Хусусан, индонезиялик тадқиқотчи доктор Саҳал Маҳфудҳ Имом Мотуридийнинг «Таъвилот ал-Қуръон» асаридаги қироат талқинларининг лингвистик хусусиятлари ҳамда уларнинг ақидавий ва фиқҳий ёндашувларга таъсирига бағишланган тадқиқотини тақдим этди.

Доктор Саҳал Маҳфудҳ  Ўзбекистон билан йўлга қўйилган илмий ҳамкорликка алоҳида тўхталиб, шундай деди:

«Ўзбекистон ислом илмлари, хусусан, Имом Мотуридий меросини ўрганиш бўйича катта илмий салоҳиятга эга. Ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тадқиқотлар бизга янги илмий манбалар билан ишлаш, турли ёндашувларни ўрганиш ва тажриба алмашиш имконини бермоқда. Бундай илмий мулоқот Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги академик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонамиз».

Шунингдек, доктор Нур Ҳидая, Лс., М.А. Имом Мотуридийнинг «Китоб ат-Тавҳид» асари асосида ақидавий ўзликнинг шаклланиши, турли қарашлар билан илмий мулоқот олиб бориш услуби ҳамда асардаги назарий ёндашувлар хусусида маъруза қилди.

Доктор Нур Ҳидая:

«Ўзбекистонда Имом Мотуридий ва бошқа буюк алломалар меросини ўрганишга қаратилаётган эътибор бизда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бевосита илмий мулоқот қилиш, манбалар устида биргаликда ишлаш ва фикр алмашиш тадқиқотларимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ва Индонезия олимлари ўртасидаги бундай ҳамкорлик келгусида қўшма тадқиқотлар ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади».

Семинар давомида, шунингдек, Мотуридий ва Муҳосибий меросида маънавий мўътадиллик, Ўзбекистон ва Индонезия мусулмон меросида экологик тафаккур, тарихий мерос ва замонавий амалиётнинг ўзаро боғлиқлигига оид тадқиқотлар ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур халқаро семинар Ўзбекистон ва Индонезия олимлари ўртасидаги илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Имом Мотуридий меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида чуқур тадқиқ этиш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма илмий изланишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари