بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Маълумки, муқаддас Ислом динимиз беш аркон устига қурилган бўлиб, улардан бири – ҳаж ибодатидир. Ҳаж молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган ҳамда йўллар очиқ ва бехатар бўлиши шарт қилинади. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши керак. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида шундай дейилган:
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حَجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا (سورة ال عمران/97).
яъни: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳаж ибодатига киришишдан олдин, аввало, киши ҳақиқий тавба қилиб, барча хато-камчиликларини тўғрилаб, келгусида барчага намуна ва ўрнак бўладиган ҳолатда бўлиши лозим. Шунингдек, зиммасида ўзгаларнинг ҳаққи бўлса, эгасига қайтариши керак.
Ҳажнинг вақти Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир. Бунга ишора қилиб Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ (سورة البقرة/197).
яъни: "Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! " (Бақара сураси, 197-оят)
Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи кимса тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим. Тилни сақлаш ҳам тақводан ҳисобланади ва бу нарса ҳажда катта аҳамиятга эгадир. Чунки ҳар қандай сафарда ўзига яраша машаққат ва қийинчиликлари бўлади, мана шундай ҳолатларда ҳаж қилувчи киши тилига эҳтиёт бўлиши лозимдир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ حَجَّ للهِ وَلَمْ يَرْفَثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ" (رواه الإمام البخارى والإمام أحمد).
яъни: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, ҳатто бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозимдир. Албатта, булар ҳажнинг мақбул бўлиш шартларидан ҳисобланади.
Ҳаж сафари давомида йўлдошларига хайр-эҳсон қилиш ажр савоб бўлиши билан бирга, инсонлар орасида ўзаро дўстлик ва меҳр-муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундай одамнинг ҳажи ҳам мақбул бўлади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:"اَلْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إلَّا الْجَنَّة "قِيلَ: وَمَا بِرُّهُ؟ قَالَ:"إطْعَامُ الطَّعَامِ، وَطِيْبُ الْكَلاَمِ" )رَوَاهُ الإمام أَحْمَدُ(
яъни: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мақбул ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, – дедилар. “Унинг қабул бўлиши нима билан бўлади”, – дейилди. “Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таом бериш ва яхши гапириш”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Муҳтарам азизлар! 2018 йил ҳаж ибодатини адо этадиган зиёратчилар учун Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва масъул мутасадди ташкилотлар йил бошидан тайёргарлик ишларини бошлаб, ҳозирда ниҳоясига етказиб бормоқдалар. Шу кунларда 10 нафар ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Юртимиздан ҳаж сафарига боргувчилар билан ҳажнинг қонун-қоидалари ва тартиблари ҳақида учрашув ва суҳбатлар ўтказилмоқда. Шунингдек, уларнинг ҳар бирларига ҳаж ҳақида йўриқнома сифатида китоб билан диск тарқатилди.
Муҳтарам жамоат! Ҳаж ибодатини бажариш ҳаммага ҳам насиб қилаверадиган амаллардан эмас. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади. Катта харажатлар сарфлаб, узоқ вақт навбат кутиб, шунча узоқ жойга, Аллоҳнинг розилигини топаман, деб борган айрим ҳожиларимиз, афсуски, ғанимат дамларини қадрига етмай, кўп вақтларини беҳуда амаллар ва дўкон айланишлар билан ўтказиб юборишади. Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз, вожиб, суннат амалларни иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилиш – муборак динимиз талаби ва шариатимиз кўрсатмасидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур. Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, айтиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Шундагина ҳажларимиз мабрур, ибодатларимиз мақбул бўлади, иншааллоҳ.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки уламоларимизнинг айтишларича, ҳажнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, одоб-ахлоқ ва барча эзгу ишларда ҳаммага намуна бўлишлари лозимдир.
Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизга ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адот этиб, юртимизга соғ-саломат ҳолда қайтиб келишларини муваффақ айласин! Омин.
ИЛОВА
МИССИОНЕРЛИК
Миссионерлик – лотинча “юбориш” ва “топшириқ” маъноларини билдириб, бир динни бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков (яъни, католик ва протестантлар каби йўналиш) ташкилотларининг фаолиятидир. Содда қилиб айтганда, миссионерлик христианлаштиришдир.
Шуни билиш лозимки, даъват (насиҳат) бошқа, миссионерлик бошқа нарсадир. Бир дин вакилини ўз қавмига хитоби даъват бўлиб, ҳар бир инсон бу ишни қилиши мумкин. Аммо, бир дин вакилининг бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қиладиган ҳаракати эса, миссионерлик дейилади ва бу қонун билан таъқиқланади.
Минг афсуслар бўлсинки, охирги пайтларда баъзи ёшу қарилар ўзларининг муқаддас Ислом динларини қўйиб, бошқа динга ўтиб кетиш ҳоллари кузатилмоқда. Бу ҳолга чек қўйилмас экан, миллат барқарорлигига таҳдид солиниши турган гап!
Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар дойим минтақа барқарорлигини бузган, аҳоли орасида нотинчлик ва қон тўкилишларга сабаб бўлган.
Миссионерларнинг ғаразли мақсадлари ва фаолиятлари:
Миссионерларнинг асосий мақсадлари турли йўл ва усуллар билан ўз сафларини маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришдан иборатдир.
Уларнинг мақсадлари асосан уч нуқтада жамланади:
Улар мақсадлари йўлида барча воситалардан фойдаланади, уларнинг ҳийла-найранглари доимо такомиллашиб боради. Мана улардан бир нечтаси:
Баъзи ватандошларимиз уларнинг кетидан эргашиб кетаётганининг биринчи сабаби – муқаддас Ислом динимиз ҳукмларидан мутлақо бехабарлик. Иккинчи сабаби – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисидан айрилган қариялардан деярли хабар олмаймиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсата олмаяпмиз. Миссионерлар бу имкониятдан фойдаланиб баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлаб, диндан чиқармоқда. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шунай деган:
وَمَنْ يَرْتَدِدْ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَيَمُتْ وَهُوَ كَافِرٌ فَأُولَئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ
وَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
яъни: “Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217-оят).
Аллоҳ таоло барчамизнинг имонимизни саломат айлаб, ҳар хил ёвуз ниятли кимсалар гирдобига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин! Омин.
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати