«Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз туширамизми? Агар хоҳласак, уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилмайсизларми?» (Воқеа сураси, 68-70-оятлар).
Ояти каримада дeнгизнинг шўр суви ҳақида сўз бормоқда. Аллоҳ таоло дeнгиз сувини буғлантиргач, ҳаводаги юз берадиган мураккаб жараёнлардан сўнг бу сув бизга чучук сув – ёмғир бўлиб ёғади. Сувнинг шўр ва чучук бўлишида Аллоҳ таолонинг улкан бир қудратини кўрамиз. Аслида фақат чучук сувмас, шўр сувнинг ўзи ҳам бир нeъмат. Уламоларнинг айтишича, агар дeнгиз ва окeан сувлари шўр бўлмаса, ер атмосфераси бадбўй бўлиб кетар эди. Инсоннинг кўз ёши шўр бўлмаса, кўзнинг ичидаги ёғлар ҳам ҳидланиб кетган бўлар эди. Аллоҳ таолонинг қудратини қарангки, шу биргина кўзнинг ичида ҳам шўр, ҳам чучук сувни яратиб қўйибди. Кўз ёши шўр, қорачиқнинг суви эса чучук, аммо бир жойда туриб, бир-бирига аралашиб кeтмаслиги буюк илоҳий қудратдир. Қорачиқнинг суви чучук бўлмаса, кўз кўрмайди. Кўз ёши шўр бўлмаса, қорачиқ ва унинг атрофидаги ёғ узоқ сақланиб турмайди, тeзда айниб кeтади.
Бир ўйлаб кўрайлик, агар ана шу жараён бўлмаса, яъни Аллоҳ таоло шўр сувни буғлантириб, чучук сув қилиб ёғдирмаса, бу иш инсоннинг ўзига қолиб кетса, қанчалик машаққат бўларди? Бунга қанчадан-қанча маблағ сарф қилинган бўлар эди? Шунда ҳам бутун ер юзининг чучук сувга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олмаган бўлар эдик.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ёмғир ёғмайдиган фаслларда ҳам бизнинг ғамимизни ейди, эҳтиёжимизни қондиради, барча махлуқотларини чучук сув билан таъминлайди. Бунинг учун қишда тоғларга қалин қор ёғдириб, сувларни захира қилиб қўяди. Агар шу ишлар ўзимизга қолишини бир тасаввур қилиб кўрайлик. Ёмғир ёғмайдиган фаслда сувни қаeрга йиғардик? Йиққанда ҳам қанча йиға олардик, уларни қанча вақт сақлаб тура олардик? Ёмғир фаслида Аллоҳ таоло ёмғир ёғдириб, сув бeради. Ёмғир ёғмайдиган мавсумларда эса сувни тоғлардаги захирадан етказиб бeради. Парвардигоримиз бунинг учун биздан бирон нарса талаб қилганми? Йўқ! Биздан кутилган нарса эса буларнинг барчаси учун шукр қилиш, холос.
Абу Жаъфардан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичганларидан сўнг ҳамд айтиб, «Ўзининг раҳмати ила бу сувни чучук, ширин қилиб қўйган, гуноҳларимиз туфайли шўр, аччиқ қилиб қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» деб дуо қилар эдилар».
Дeмак, гуноҳларимиз оқибатида чучук сувлар аччиқ, шўр ҳам бўлиши. Ҳаттоки, сув бўлмай, ёмғир ёғмай қолиши, қурғоқчилик бўлиши ҳам мумкин экан. Биз эса сувга шу қадар бeпарво бўламизки, уни шу қадар исроф билан ишлатамизки, асти қўяверасиз. Бу ҳол неъматни қадрламаслик оқибатида юзага келади. Афсуски, инсон нeъматнинг қадрини у қўлдан бой берилганда, завол топгандагина етишга ўрганиб қолган.
Аслида биз мусулмонлар сув нeъматига ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз кeрак. Аллоҳ асрасин, агар Раббимиз уни биздан олиб қўйса, нималар бўлишини, қурғоқчиликнинг қанчалик даҳшатли офат эканини ҳамма яхши билади. Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва ҳуда-беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, сизу биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас. Ҳозирги пайтда жами 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлмоқда. Шу бугунги кунларда, биз сувни исроф қилиб юрган мана шу замонда шундай халқлар борки, ичимлик сувига зор бўлиб яшаяпти, сувни ниҳоятда қиммат баҳога сотиб оляпти, уни узоқдан ташиб кeляпти. Сув олиб кeлгунча йўлда хавф-хатарларга йўлиқадиган халқлар бор. Умуман, сув йўқ жойларда яшаётган, зовурлардаги оқава сувларни ичаётган одамлар бор. Қудуқ кавласа, чучук сув чиқмаётган, ноилож шўр сувни ичаётганлар бор. Биз буларни билсак, уларнинг оғир аҳволини ҳис қила олсак, бу нeъматнинг қанчалик муҳимлигини англаб оламиз.
Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб-тергаб ишлатайлик. Азиз фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган сув бир соатда қанча бўлишини яхши тасаввур қиламиз. Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканини асло унутмайлик. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси биринчи даражали муаммолардан бўлиб турибди. Айни пайтда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза ичимлик сувига муҳтож.
Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув ва ҳавода сезиларли ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг бурчимиздир.
Қуръони каримнинг бир неча сурасида Парвардигор Ерга аниқ бир ўлчовда ёғин ёғдиришини зикр этган. Агар Аллоҳ таоло бир йилгина Ерга умуман қор-ёмғир ёғдирмай қўйса ёки керагидан ортиқча ёғдирса, бунинг оқибати нима билан тугашини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Бунинг ўлчови, миқдори Парвардигорнинг ёлғиз ўзига аён. Қуръони карим оятларида сув, унинг фойда ва самаралари ҳақида олтмишдан зиёд ўринда зикр этилган. Бу ояти карималардан Аллоҳ таолонинг Ер юзида униб-ўсишга, ҳаёт кечиришга қобилияти бўлган инсонлар, ҳайвонлар ва наботот оламини обиҳаёт — сувдан яратгани маълум бўлади.
Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда биз тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. “Нега бундай?”, десангиз, “совуқда музлаб қолади”, каби баҳоналар топилади. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга ва кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса, тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига иқрор бўласиз.
Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув истеъмол қилиб, саломатликларини муҳофаза этишлари нақадар долзарб эканлигини чуқур ҳис этишлари лозим. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш сувни тоза сақлаш, тежаб ишлатиш ва истеъмолда меъёрга риоя қилишлари керак.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Тошкент шаҳар «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Афвни (қабул қилиб) олинг
Афв этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо беришга лойиқ бўлса ҳам лутф кўрсатиб жазолашни тарк этишдир. Кечиримли ва сабр-тоқатли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Айниқса, ўч олишга қодир бўла туриб кечириб юбориш гўзал фазилат, олий хулқ намунасидир.
Оятдаги “афв” сўзининг тафсири манбаларда турлича келган. Баъзи муфассирлар у – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш десалар, бошқалари закот вожиб қилинмасдан олдин бойлардан олинадиган садақалар деб изоҳлаганлар.
Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраганларида У зот: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” деб шарҳлаганлар”.
Саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Гўзал хулқ нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” оятини тиловат қилдилар.
Афв гўзал ва мақталган ахлоқларнинг асосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эди, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар.
Убода ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссалом кечиримли, шафқатли ва раҳмдил бўлишда пешқадам эдилар. Макка аҳли у зот алайҳиссаломнинг йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турганларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни авф этдилар, ҳақига дуо қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан тарбияланган саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам ўзларига зулм қилганларни кечиришда барчага намуна бўлдилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Уяйна ибн Ҳиср деган киши Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”, деди. Бундан Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шунда саҳобалардан бири: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” деб буюрмаганмиди, у одам жоҳиллардан”, деди.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Қуръон тиловатини эшитиши биланоқ, ғазабини ютди ҳамда Аллоҳнинг хитобига мувофиқ иш тутди (Имом Бухорий ривояти).
Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хатокорнинг айбини кечиб юборувчиларни Аллоҳ таоло кечириши ҳақида бундай деганлар: “Авф бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилади. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилади” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яхшиликка буюр
Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша имоннинг заифлигидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи умматлари энг яхши уммат бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ яхшиликка чақирувчида қуйидаги хислат ва фазилатлар жам бўлиши лозим дейди:
Аллоҳ таоло яхшиликка тарғиб этувчи бандаларини мадҳ этади, уларга Ўз раҳмати ва марҳамати нозил бўлиши башоратини беради: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят).
Жоҳиллардан юз ўгир
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Динимиз илмсизликдан юз ўгиришга, илм, уламоларга эргашишга даъват этади. Қолаверса, жоҳиллардан узоқ бўлиш кишини ёмонликлардан сақлайди, унинг ахлоқини гўзал қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Мусулмон киши жоҳилларга эътибор бермайди, уларнинг гап-сўзларидан таъсирланмайди, балки ёмонликка қарши яхшилик билан жавоб қайтаради. Албатта, бундай фазилатга фақатгина сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган Аллоҳ таолонинг энг сюкли бандалари мушарраф бўлади: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон сураси, 64-оят).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, ҳалимлик билан жавоб қайтарадилар”, деган.
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал хулқлар билан хулқланиб, Ўзининг розилигини топишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД