Ота-онасидан мерос қолган ерда ака-ука биргаликда деҳқончилик қилар эди. Уларнинг бири оилали бўлиб, унинг бешта фарзанди бор эди. Иккинчиси эса буйдоқ эди. Мавсум сўнгида ака-ука ҳосилни тенг бўлишиб олар эди.
Кунларнинг бирида укаси:
– Ҳосилимизни тенг бўлишиб олаётганимиз асло адолатдан эмас. Мен буйдоқман ва эҳтиёжим унчалик катта эмас. Акамнинг эса оиласи катта, унинг харажатлари ҳам шунга яраша, – деб ўйлади.
Ўша кундан бошлаб буйдоқ ука ҳар куни ярим тунда уйидан чиқиб, ўзининг омборидан бир қоп буғдойни елкасига олиб, ҳеч кимга сездирмасдан акасининг омборига қўйиб кела бошлади.
Ўша кунларда акаси ҳам ўзига ўзи:
– Ҳосилимизни тенг бўлишиб олаётганимиз асло адолатдан эмас. Мен оилалиман, аёлим ва фарзандларим бор. Қариган чоғимда улар мени парвариш қиладилар. Укам бечора қариганда унга ким қарайди! Демак, келажакда унинг эҳтиёжи катта бўлади, – деди.
Шундан сўнг ака ҳам ҳар куни ярим тунда уйдан чиқиб ўзининг омборидан бир қоп буғдойни елкалаб олиб ҳеч кимга сездирмасдан бориб укасининг омборига қўйиб келишни одат қилди.
Ака-ука ўртасида бу иш кўп йиллар давом этди. Аммо ҳеч ким бу ишни сезмади. Негаки, икковининг ҳам омборидаги буғдойнинг миқдори ўзгармас – камайиб ёки кўпайиб қолмас эди. Сўнгра бир кеча ака-ука бир-бирининг омборига буғдой олиб бораётганда юзлашиб қолдилар ва ўшанда бўлиб ўтган ишни англадилар. Елкаларидаги қопни ерга қўйиб, бир-бирини қаттиқ бағрига босдилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ
таржимаси
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби