Ўтмишда устозлардан бири кўп йиллар хизматида бўлиб дарс олган шогирдларидан бирига:
– Сен анча илм ўргандинг, энди сенга рухсат берсаммикан, деб ўйлаяпман-да, аммо турли вазиятларда тезкор чоралар кўриш, учраган муаммолар юзасидан фойдали хулосалар чиқариш каби масалаларда сени бир синаб олиш учун биттагина савол бериб кўрсаммикан, – дебди.
Шогирд:
– Шундай қилинг, устоз, сўраган саволингизга тўғри жавоб берсам, менга изн бера қолинг, – дебди.
– Сенга изн берсам, ишончим комилки, силаи раҳм қилиб, қариндош-уруғларингни зиёрат қиласан. Қишлоғингга кетаётганингда, йўл устида чўпонларга дуч келасан. Айтайлик, ўша чўпонлардан бирининг бешта ити бор. Ана ўша итлар сенга ташланиб қолса нима қиласан?
– Қўлимдаги калтагим билан уриб ҳайдайман.
– Бешта итга битта калтак билан бас келиб бўларканми?
– Унда уларни тошлайман.
– Тош билан итдан қутулолмайсан.
– Қуролимни чиқариб, ўлдираман.
– У ҳолда итларнинг эгалари сени у ердан соғ-саломат қўйиб юбормаслар. Ўлдирмасалар ҳам пўстагингни қоқиб, майиб қилиб, кейин ўлган итлари учун хун ҳам талаб қилади.
Шогирд бошқа гап топа олмай қолди:
– Устоз, саволингизнинг жавобини топа олмадим, яна озроқ вақт қолиб таҳсилни давом эттиришим керак экан. Аммо айтинг-чи, ўша итлардан қутулиш учун нима қилишим керак ўзи?
Устоз:
– Тоғда, адирда, яйловда – қаерда бўлсанг ҳам сенга ит ташланиб қолгудек бўлса, биринчи қилган ишинг, итнинг эгасини хабардор қилиш бўлсин. Чунки итлар ҳар доим эгаларига яқин ерда бўлади ва эгасининг битта сўзи билан ортига қайтиб кетади.
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби