Муҳаммад деган бир дўстим тоғда яшайди. Яқинда уникига меҳмонга бордим. У билан техникумда бирга ўқиганмиз. Қўйлари кўп. Уларни тонг саҳардан қир-адирларга ҳайдайди. Мусаффо тонг ҳавосида қўйларини яйловда айлантириб боқади.
Кечки овқатни тановул қилиш пайти бўрининг увиллаган товуши ўтовга яқин ердан эшитилди. Дўстим бўрининг увиллашидан заррача ташвиш чекмай, бемалол ўтирарди. Тонгда унга қўшилиб, мен ҳам қўй боқишга чиқдим. Қўйларни ҳайдаб бир оз юрганимиздан сўнг, адирда бир бўрини кўриб қолдим. Қўзидек ўлжасини тишлаб, елкасида кўтариб борарди.
– Қаранг, қаранг, бўри! Уни отиш керак, милтиғингизни беринг, қочиб кетмасин, – дедим. Дўстим бўлса, хотиржамлик билан:
– Асло! Бу бўри қўшним бўлади. Бўри йиртқич бўлса-да, қўшничилик ҳақини яхши билади. Шу боис, бирор марта бўлса-да, қўйларимга ҳужум қилгани йўқ. Овни бошқа жойдан қилиб, болаларини боқади. Ҳатто қўйларимни бошқа йиртқичлардан ҳимоя қилади, деб бўрига қараб, сўзида давом этаркан:
– Бир ваҳший йиртқич қўшничилик ҳақига шунчалик риоя қилса-ю, мен ақлли инсон дўстликка нега хиёнат қилишим керак! Ахир биз ақлли жонзотмиз, биз қўшничилик ҳақини гоҳо мана шундай йиртқичлардан ўргансак бўлади.
Ҳа, азизлар! Қўшничилик ҳақи улуғ, чунки қўшни яхши ва ёмон кунларингизда доимо ёнингизда елкадош бўлади. Баъзи мусибат кунимизда узоқдаги қариндошимиз етиб келгунича қўшнимиз ёнимизда бўлади. Моддий ва маънавий ёрдам беради. Шу боис, қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз лозим. Қиёматда яхши ёки ёмонлигимизни қўшнидан сўрашар экан...
Озодлик нелигин бўрида кўргин,
Ундан ҳамияту мардликни сўргин.
Ажабки, қўшнилик ҳурматин қилар,
Ёвуз нафс амридан ўзини тияр.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ҳамда “Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Тадбир анъанага биноан Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар билан бошланди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Эргаш Даминов, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрий уламолар, устоз-мураббийлар, тадқиқотчилар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мазкур нуфузли анжуманда бугунги куннинг энг долзарб маънавий-эътиқодий ва фиқҳий масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати