Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2026   |   9 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:17
Аср
16:35
Шом
18:28
Хуфтон
19:43
Bismillah
20 Сентябр, 2026, 9 Рабиъус сони, 1448

Ҳурлик

17.07.2018   9891   1 min.
Ҳурлик

Муҳаммад деган бир дўстим тоғда яшайди. Яқинда уникига меҳмонга бордим. У билан техникумда бирга ўқиганмиз. Қўйлари кўп. Уларни тонг саҳардан қир-адирларга ҳайдайди. Мусаф­фо тонг ҳавосида қўйларини яйловда айлан­ти­риб боқади.

Кечки овқатни тановул қилиш пайти бўрининг увиллаган товуши ўтовга яқин ердан эшитилди. Дўстим бўрининг увиллашидан заррача ташвиш чекмай, бемалол ўтирарди. Тонгда унга қўшилиб, мен ҳам қўй боқишга чиқдим. Қўйларни ҳайдаб бир оз юрганимиздан сўнг, адирда бир бўрини кўриб қолдим. Қўзидек ўлжасини тишлаб, елкасида кўтариб борарди.

– Қаранг, қаранг, бўри! Уни отиш керак, мил­тиғингизни беринг, қочиб кетмасин, – дедим. Дўстим бўлса, хотиржамлик билан:

– Асло! Бу бўри қўшним бўлади. Бўри йиртқич бўлса-да, қўшничилик ҳақини яхши билади. Шу боис, бирор марта бўлса-да, қўйларимга ҳужум қилгани йўқ. Овни бошқа жойдан қилиб, бола­ларини боқади. Ҳатто қўйларимни бошқа йирт­қичлардан ҳимоя қилади, деб бўрига қараб, сўзида давом этаркан:

– Бир ваҳший йиртқич қўшничилик ҳақига шунчалик риоя қилса-ю, мен ақлли инсон дўст­лик­ка нега хиёнат қилишим керак! Ахир биз ақлли жонзотмиз, биз қўшничилик ҳақини гоҳо мана шундай йиртқичлардан ўргансак бўлади.

Ҳа, азизлар! Қўшничилик ҳақи улуғ, чунки қўшни яхши ва ёмон кунларингизда доимо ёнингизда елкадош бўлади. Баъзи мусибат кунимизда узоқдаги қариндошимиз етиб келгунича қўшнимиз ёнимизда бўлади. Моддий ва маъна­вий ёрдам беради. Шу боис, қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз лозим. Қиёмат­да яхши ёки ёмон­лигимиз­ни қўшнидан сўрашар экан...

Озодлик нелигин бўрида кўргин,

Ундан ҳамияту мардликни сўргин.

Ажабки, қўшнилик ҳурматин қилар,

Ёвуз нафс амридан ўзини тияр.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қашқадарёда имом ва ноиблар учун навбатдаги қироат машғулотлари бошланди

10.09.2026   50162   1 min.
Қашқадарёда имом ва ноиблар учун навбатдаги қироат машғулотлари бошланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан тизимда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом ноибларининг касбий маҳоратини ошириш ҳамда Қуръони карим қироатини янада мукаммаллаштиришга қаратилган тизимли ўқув машғулотлари давом этмоқда.

Мазкур лойиҳа соҳа ходимларининг нафақат илмий салоҳиятини юксалтириш, балки тажвид қоидаларини амалиётда гўзал ва бехато қўллаш кўникмаларини пухталашга хизмат қилмоқда.

Режа асосида ташкил этилаётган навбатдаги дарслар бугун Қашқадарё вилоятида юқори савияда ўтказилмоқда. Қуръон ва тажвидни ўргатиш ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу машғулотларни малакали мутахассиси –   Мамасолиев Самандар қори ака олиб бормоқда.

Ушбу ўқув жараёнидан кўзланган асосий мақсад — масжидлардаги қироатлар сифатини юқори босқичга кўтариш ва соҳа ходимларининг тажвид илми бўйича назарий ҳамда амалий билимларини янада мустаҳкамлашдир.

Бу каби амалий сабоқлар имом-хатиб ҳамда имом ноибларининг маънавий ва илмий ривожида муҳим поғона бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари