Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Июн, 2026   |   3 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:03
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:45
Bismillah
18 Июн, 2026, 3 Муҳаррам, 1448

Мутолаа завқи. Бобораҳим Машраб (1640-1711)

16.07.2018   16072   6 min.
Мутолаа завқи. Бобораҳим Машраб (1640-1711)
Машраб (тахаллуси; асл исм-шарифи Бобораҳим Мулла Вали ўғли) (1640, Наманган — 1711, Балх) — шоир ва мутафаккир.
 
Машраб номи 18 — 19-асрларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (масалан, Баде Самарқандийнинг «Музокир ул-асҳоб» ва бошқа) зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам. Машрабнинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ.
 
Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади. 
 
Машраб ҳақидаги қиссалар шоир ҳаёт йўлини нисбатан тўла ва босқичма-босқич баён этувчи, шунингдек, яратган асарларининг кўпгина қисмини ўзида жамловчи адабий-тарихий манба сифатида илмий аҳамият касб этади.
 

ЎРТАР

Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баёт этсам, тақи ул хонумон ўртар.

Кишига ишқ ўтидин заррае етса, бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.

Нечук тоқат қилай, дўстлар, бу дард ила бўлуб ҳайрон,
ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.

Мени бехонумон тинмай куюб ҳар дам фироқингда,
“Нигоро!” деб отинг айтсамки, шавқингдин забон ўртар.

Қаю тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай,
Тилим лолу кўзум гирён, сўнгакларни ниҳон ўртар.

На қаттиғ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,
Менинг оҳим ўтиға бул замину осмон ўртар.

Юракда дарду ғам қат-қатки, менда қолмади тоқат,
Агар бу заррасин бул вақт десам, ишқи баён ўртар.

Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Унум чиқса юракдин, бу тану жон, устихон ўртар.

Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.

ХОҲИ ИНОН ХОҲИ ИНОНМА

Сенсан севарим, хоҳи инон, хоҳи инонма,
Қондур жигарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Ғам шоми фироқингда кабоб этти фалакни
Оҳи саҳарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Ногаҳ сари зулфунг сори бўлдум санга мойил,
Эй тожи сарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Лаълинг ғамидин кўнглум эрур ғунча киби қон,
Гулбарги тарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Заҳри ғами ҳажринг мени ўлдурғали етти,
Эй лабшакарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Машраб, бўлубон кўйинга чун барқи тажалли,
Қолмай асарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

МАШРАБМАН

Санамнинг ишқида тинмай юруб, оввора Машрабман,
Кўзи ёшлиғ, қади хамлиғ, дили садпора Машрабман.

Кўнгулда заррача дунёни меҳри бўлмайин менда,
Сени деб икки оламдин кечиб, безора Машрабман.

Ўлиб кетсам, лаҳад ичра сўнгакдин кетмагай дардинг,
Жаҳонда топмадим чораки, мен – бечора Машрабман.

Анодин қай куни бўлдум, сенинг ишқингда оҳ урдум,
Муҳаббат даштида юрган бўлуб оввора Машрабман.

Муҳаббат жомидин май туттилар, ичмасга чорам йўқ,
Кўзумдин қон ёшим тинмай оқар, хунбора Машрабман.

Бошимга минг бало келса, тиларман васлин, эй зоҳид,
“Тилим кессанг, тўёрим йўқ, — деган, — дийдора” Машрабман.

Халойиқлар мени қувлар, ёмон деб ҳар шаҳар борсам,
Ажаб мардуд, ажаб махрум, ажаб сангсора Машрабман.

Ўзумни халқ аро ихфолиғимни ҳеч киши билмас,
Дилу жоним фидо айлаб, ажаб айёра Машрабман.

Мени девона Машрабга муҳаббатдин баён айланг,
Намозу рўзадин фориғ бўлуб сайёра Машрабман.

МEН НОЛА ҚИЛАЙ ШОМУ САҲАР…

Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда,
Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда.

Ул лолаву райҳону суман, тоқа қизил гул,
Ҳам сарв букулди, қади шамшод эшигингда.

Хўбони жаҳон бўлса тақи Юсуфи Канъон,
Султону амир бандаё, озод эшигингда.

Зулфинг сени бу жонима юз доми балодур,
Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда.

Олам бориси лаззати ҳуснунгни топибдур,
Гирёну фиғон, нолаву фарёд эшигингда.

Савдойи муҳаббатга тушубман сени излаб,
Ўлтурди ғаминг, кўзлари жаллод, эшигингда.

Ашким тўкубон ҳажру ғамингда кеча-кундуз,
Вайрона ватан – манзул обод эшигингда.

Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабға тушубдур,
Парвонасифат қуйди, паризод, эшигингда.
 

 

ЎзА мухбири Озода Бекмуродова тайёрлади
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЯКУНИЙ АТТЕСТАЦИЯ ИМТИҲОНЛАРИ БОШЛАНДИ

17.06.2026   6397   1 min.
ЯКУНИЙ АТТЕСТАЦИЯ ИМТИҲОНЛАРИ БОШЛАНДИ

Бугун 17 июнь 2026 йил Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 2025-2026- ўқув йили битирувчи курс талабалари учун якуний аттестация имтиҳонлари Умумтаълим фанлари: Ўзбекистон тарихи, Миллий ғоя ҳамда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси фанлари бўйича бошланди.

Мазкур имтиҳонларда Якуний аттестация комиссияси раиси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби, Уламолар кенгаши аъзоси Раҳматилло домла Усмонов иштирок этиб, битирувчи талабаларга муваффақият тиладилар ҳамда уларнинг келгусидаги илмий-маърифий фаолиятига оид тавсия ва насиҳатлар бердилар.

Якуний аттестация имтиҳонлари белгиланган тартиб ва мезонлар асосида давом этмоқда.

 

https://t.me/nasafziyo/41684

ЯКУНИЙ АТТЕСТАЦИЯ ИМТИҲОНЛАРИ БОШЛАНДИ ЯКУНИЙ АТТЕСТАЦИЯ ИМТИҲОНЛАРИ БОШЛАНДИ ЯКУНИЙ АТТЕСТАЦИЯ ИМТИҲОНЛАРИ БОШЛАНДИ
Ўзбекистон янгиликлари