Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Сомсага бурнини жийирган мушук

14.07.2018   5555   4 min.
Сомсага бурнини жийирган мушук

«Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ» (Сод сураси 27-оят).

Ўтган куни нашриёт муҳаррири Бобомурод Эрали сомсасини ейишни унутиб қўйибди. Кеча менинг олдимга ўша сомсани есам бўладими деб маслаҳат сўрагани чиқибди. Мен унга: “Есангиз-енгу, кейин дарҳол гаражнинг таҳоратхонасига қулайроқ жойга бориб олинг-да”, деб маслаҳат бердим. “У ҳолда сизга бера қолай сомсани”, деди. “Менга берсангиз, мушугимга олиб бориб бераман, ҳаққингизга дуо қилиб қўяди”, дедим. “Дуоси ўзига сийлов, менга пулини бериб юборсин”, деди шоир. “Мушукда пул нима қилади, сичқон-пичқон тутиб олса, бериб юборар”, дедим. “Сичқонми, калтакесакми – нима бўлса ҳам ушлаб берсин”, деди сомсаси учун жони ўртаниб бораётган Бобомурод домла. “Хўп”, дея мабодо ҳиди чиқиб кетса ноқулайчилик бўлмасин деб Юсуфхон акам елим пакетга маҳкам ўраб тутқазган  сомсани олиб кетдим.

Сомсани уйга олиб бориб мушукнинг олдига қўйган эдим, узоқдан туриб бир ҳидлади-да, бурнини жийириб: “Буни қаердан олиб келдингиз?” деб сўради. Ачиган сомсанинг бадбўй ҳиди унга ёқмаганини сезиб ўнғайсизланиб: “Бобомурод домла берди”, дедим. Сўнг домланинг шу сомса эвазига нарса ҳам сўраганини айтолмай каловланиб қолдим. Мушук эса: “Сомсаси бошидан қолсин!” деб мўйловини буради-да, гердайиб ортига қайрилиб кетди. 

Буни кўриб бизнинг хонимнинг жағи очилиб кетса бўладими, “Мушук бечорани ўлдиргани олиб келдингизми буни, бу сомсани ит еса ҳам ўлиб қолади. Абдулбосит, ановини қўшнининг итига чиқариб ташла!  А, ўлмайди, кучукка ҳеч бало қилмайди...”

Ҳосили калом, бир маза қилиб гўштли сомса есин деган ниятда уйимизни сичқону каламушлардан ҳимоя қилиб юрган мушугимизнинг жонига хавф солиб қўйибман, астағфируллоҳ – уволгинаси ёмон-а.

Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мушуклар ҳақида «У сизларнинг атрофингизда айланиб юрадиган ҳайвонлардан», деганлар. Саҳобалардан Абдураҳмон ибн Саҳл мушукларни яхши кўриб, боқиб юрганлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Абу Ҳурайра» – «мушукчанинг отаси» деб кунялаганлар.

Яна улуғларимиздан бирининг этагида мушукча ухлаб қолган экан, намоз вақти кириб таҳоратга турмоқчи бўлса, ширингина ухлаб ётган мушукча уйғона қолмас эмиш. У муҳтарам зот шугина жониворнинг уйқусини бузмаслик учун шартта этагини кесиб туриб кетган эканлар.

Мушукни Пайғамбаримиз алайҳиссалом яхши сифат билан сифатлаганлари, саҳобалар, валийлар, меҳрибон инсонлар  яхши кўргани эвазига бу жонивор инсонларга кўп фойда етказишга ҳаракат қилади. Тасаввур қилинг, оёғингизнинг тагидан сичқонми, каламушми ўтиб қолса, нима қиласиз? Жойингизда сакраб, ўйнаб қоласиз, тўғрими? Мулойимгина бўлиб ётган мушукча эса дарҳол катта авлоди йўлбарсга айланади. Шу вақтда унинг қандай чиройли бўлиб кетганини чаққонлигини, кучлилигини бир кўрсангиз эди...

Аммо Аллоҳ таоло ояти каримада ҳар бир нарсанинг ҳикмат билан яратилганининг хабарини бериб қўйганини билмаган кимсалар уларни нобуд қилиб, жоҳилликларининг жабрини ўзлари тортганлар. Жумладан, 1484 йил Папа Иннокентий VIII мушукларни шайтонга сиғиниш воситаси деб ҳисоблагани боис уларни қириб ташлашга буйруқ берди. Бутун Европа мушуклардан тозаланди. Натижада сичқонлар кўпайиб вабо тарқалди. Бу ўлат 100 мингдан ортиқ инсоннинг ёстиғини қуритди.

Ўтган юзйилликда донларни ташиб кетяпти деган даъво билан Хитой қушларга қирғин келтирди. Қандай қилиб дейсизми? Бир миллиарддан ортиқ хитойликлар қўлига товоқми, тоғорами нима тўғри келса олиб, дангир-дунгир қилиб қушларни ҳуркитиб турган. Ерга, дарахтга симёғочга, уйларнинг томига, бир мартагина қўниб нафас ростлаб ололмаган қуш бечоралар таппа-таппа ташлаб ўлиб қолаверган. Бунинг натижасида ўша йили хитойликлар ердан мутлақо ҳосил ололмаган, ҳамма экинларни қурт-қумурсқалар нобуд қилган.

Кўҳна тарих саҳифаларини титкилайверсангиз, шунга ўхшаш ақлбовар қилмас ҳодисаларни кўп учратасиз. Баъзида бизнинг ўзимизнинг ҳам кўнглимизга айрим жонзотлар хуш келмайди. Ана шундай кезларда “Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ” оятини эслаб қўйсак, кўнглимиз таскин топиб, енгил тортамиз ва Раббимиздан уларнинг барчасини бандалари учун манфаатли қилишини сўраб дуо қилиб қўямиз.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда

12.08.2026   54247   1 min.
Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.

12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.

Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда
Янгиликлар