Шайх Иброҳим Ҳаққий ёшлигида авлиёуллоҳлардан бўлган Исмоил Фақируллоҳ ҳазратларининг қўлларида таҳсил ва тарбия кўрган эди. Бир куни устози уни чақиртирди. Иброҳим югуриб келди:
- Лаббай, устоз?
- Шу кўзада булоқдан сув олиб келгин. Иброҳим кўзани олиб ьулоққа борди. Кўзани тўлдираётганида бир отлиқ келди ва:
- Қани, нари тур, деб Иброҳимни итариб юборди. Иброҳимнинг кўзаси ерга тушиб, синди. У йиғлаб устозининг ҳузурига келди.
Нима бўлди, ўғлим? деб сўради устози.
Булоқдан сув олаётувдим, бир отлиқ келиб, итариб юборганида, кўза қўлимдан тушиб, синди.
Кўзани синдирган одамга бирон нима дедингми?
Йўқ, ҳеч нима демадим.
Бир оғиз ҳам гапирмадингми?
Йўқ.
Тезда у ерга бориб, отлиққа бирор нарса дегин. Яна тезда ортга қайт.
Исмоил фақируллоҳнинг бундай буйруқ беришларидан ҳамма ҳайрон қолди. Иброҳим югуриб булоқ бошига келди. Ҳалиги киши отини ювар эди. Иброҳим анчагача талмовсиранди, лекин ҳеч нарса деёлмай, қайтиб келди.
Устози:
Гапирдингми? деб сўради.
Йўқ.
Вақт ўтказмай югур. Унга бирор ёмон гап айтиб кел!
Иброҳим яна югуриб булоқ бошига келди. Қараса, уни итарган отлиқ ерда ётибди. Унга яқин келди. Отлиқ боши ёрилган ҳолда беҳуш ётарди.
Бу ҳолатдан юраги
ёрилаёзган Иброҳим устозининг ёнига келди. Устози яна суради:
Бирор нарса дедингми, Иброҳим?
Йўқ, устоз. Бу сафар борганимда унинг боши ёрилган, қонга беланиб ётган экан. Пешонасида от туёғининг изи кўринди.
Исмоил ҳазратлари:
Эй ўғлим, биргина кўза учун бир одамни ўлдиртирдинг!
Бу энди қандоқ бўлди?! Унга бир оғиз сўз, бир оғиў ёмон сўз айтганингда, бу ҳодиса рўй бермасмиди... дедилар.
Исмоил Фақируллоҳ ҳазратларининг атрофидагилар: Устоз, айтган гапингизга унча яхши тушунмадик, дейишди.
Ҳа, деди Исмоил Фақируллоҳ ҳазратлари, бир золим бирор кишини ҳафа қилса, йиғлатса-ю, мазлум у золимга қарши ҳеч нарса қилолмаса, мазлумнинг кўнгли озор топгани учун Ҳақ таоло золимдан унинг ҳақини олади. Иброҳим ҳам кўзаси сингач, у отлиққа ҳеч бўлмаса:
Нима қилиб қўйдинг? деганида отининг тепкисидан омон қолармиди...
"Ғам-қайғусиз яшай десангиз ўксинма" китобидан.
Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.
Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.
Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан:
Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;
Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;
Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.
Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати