ЭВОҲ… ЭСИЗ… УЛГУРМАДИМ…
Одатда бу сўзлар яқин инсонларимизни йўқотган, ундан “кутилмаганда” жудо бўлган онимизда талаффуз қилинади…
Ҳа, одатимиз шундай, гўё…
Кимдир биринчи фарзандини дунёга келтираётган СЕВИМЛИ ЁРИДАН, кимдир эндигига эмаклаб, қиқир-қиқир кулишни бошлаган беғубор ГЎДАК ДИЛБАНДИДАН, яна кимдир уни ўқитиб, кечагина одамлар сафига қўшган ва бугун биринчи ойлик маошини олганини эшитиб фарзандини интизор кутаётган ёлғиз ОНАИ МЕҲРИБОНИДАН “кутилмаганда…” айрилган онида айрилганининг руҳсиз, ҳаракатсиз ва жавобсиз ётган вужудига қараб ушбу сўзларни минг бир изтироб ила такрор ва такрор айтади…
У шу қадар изтироб чекадики, ҳудди ундаги изтиробларнинг чеки йўқдек, гўё…
Э, воҳ… Эссиз… УЛГУРМАДИМ… Сенга айтар СЎЗЛАРИМ қалбимда армон бўлиб қолди-я… (ва ҳоказо…)
Виждонимиздан рост жавобни сўрасак, аслида ўша биз айтишга улгурмаган сўзлар учун СОАТЛАР керак эмасди… Улар БИР ОЛАМ ГАП ёки МЕҲНАТ ҳам эмасди…
У атиги бир неча сонияли самимий ЭЪТИБОР эди, холос…
У атиги бир неча сонияли самимий КУЛГУ ёки ТАБАССУМ эди, холос…
У атиги бир неча сонияли самимий ТИНГЛАШ эди, холос…
У атиги Уни яхши кўришимизни айтишга етарли бор йўғи УЧТА СЎЗ эди, холос…
Шу сониялар учун улар бизни яна НЕЧА ЙИЛЛАР кутишлари керак эди… Айтинг…
Шу сўзлар учун бизга яна НЕЧА ЙИЛЛАР керак эди… Айтинг…
Нимани қизғандик ёки қизғаниб яшаймиз… Айтинг…
Ҳаммасига шу дунё ишлари айбдорми?!
Аслида, дунё ишлари асло ТУГАМАЙДИ… Аксинча, улар ИНСОНЛАРНИ ТУГАТИБ ЮБОРАДИ…
Нурали МАВЛАНОВ
Тошкент вилоят бош имом-хатиби
ўринбосари
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати