Ҳар кимга ниятига яраша.
Луқмони ҳакимнинг қўли очиқлиги, сўраганга қарз бериб, ёзиб қўймаслигини билган бир киши еб кетиш нияти билан ундан минг танга олтин олди. Йўлда дам олгани ўтириб, пулни қизил рангли бир матога ўраб қўйди. Бир қуш уни гўшт хаёл қилиб олиб қочди ва Луқмоннинг уйи устидан учиб ўтаётганида тумшуғидан тушириб юборди. Луқмон ўзи берган олтинларни таниб, олиб қўйди. Ҳалиги одам келиб, яна шу ният билан минг танга олтин олди. Лекин, анҳордан кечиб ўтаётганида уни сув олиб кетди. Анҳор Луқмоннинг уйи ёнидан ўтар эди. Луқмон олтинни таниб, яна олиб қўйди. Ўша одам учинчи марта қайтармаслик ниятида минг олтин олиб, уни ҳам бир сабаб билан йўқотди. Тўртинчи марта ниҳоят, савдо-сотиқ билан шуғулланиш ва фойда кўрса, Луқмонга тўрт минг қилиб қайтариш нияти билан минг олтин сўради. Бу гал фойда кўрди ва Луқмонга тўрт минг олтин олиб келди, Луқмон минг олтинни олиб, қолганини қайтариб берди.
Манба: islaminstitut.uz
Бугун, 2 сентябрь куни Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳомийлигида ҳамда Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
"Глобал ўзгаришлар шароитида оилавий масалалар: оилани ҳимоя қилиш, унинг келажаги ва миллий-диний ўзликни асрашда фатво ёндашувлари" мавзусидаги мазкур илмий анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқда.
Икки кун давом этадиган халқаро йиғинда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи муфтийлар, таниқли уламолар, халқаро исломий ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашмоқда.
Анжуман кун тартибидан замонамизнинг қуйидаги энг долзарб масалалари ўрин олган:
– Глобаллашув, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида оила институти дуч келаётган муаммоларнинг илмий таҳлили;
– Замонавий оилавий инқирозларни пухта тадқиқ этиш ва уларга шаръий ҳамда амалий ечимлар топиш;
– Виртуал муҳитнинг оилавий муносабатларга таъсирини ўрганиш ҳамда уларни мустаҳкамлаш йўллари;
– Миллий-диний ўзликни сақлаш ва зарарли медиа контентларга қарши курашда жамоавий фатволар ишлаб чиқиш.
Халқаро анжуман тафсилоти билан сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали танишиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати