Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа бу йилги ҳаж мавсумида “Корона” пандемиясидан олдинги каби 57 та ислом давлатларидан икки миллион зиёратчи келишини тасдиқлади.
Ҳусайн Тоҳа “аш-Шарқ ал-Aвсат” газетасига берган интервьюсида Саудия Aрабистони бу йил зиёратчиларни қабул қилишга тайёрлиги доирасида катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади. Ҳаж ва Умра вазирлиги зиёратчилар сони ўртасида керакли мувозанатни яратиш, зиёратчилар ва муқаддас қадамжолар салоҳияти, у ерда амалга оширилаётган йирик ободонлаштириш лойиҳалари орқали яхлит стратегик режа доирасида кўпроқ зиёратчиларни қабул қила оладиган инфратузилмани барпо этиш устида иш олиб бораётганини қўшимча қилди.
Унинг айтишича, “Макка йўли” ташаббус очиқдан очиқ бўлиб, у “Нигоҳ-2030” лойиҳасининг “Раҳмон меҳмонларига хизмат кўрсатиш дастурлари” доирасида зиёратчиларга бир қатор қулайликлар ҳозирланмоқда. Булар қаторида электрон виза бериш тартибини айтиш мумкин.
“Макка йўли” ташаббуси
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Саудия Aрабистони ҳукумати Корона пандемияси сабабли икки йиллик танаффусдан кейин 5 йил олдин бошлаган Ҳаж ташаббусини тақдим этишда давом этмоқда. Чунки зиёратчилар учун ибодатларни бажариш сафари соатлаб бир неча дақиқагача қисқарди. "Макка йўли" ташаббуси Саудия Aрабистони ташаббуси бўлиб, ўз мамлакатларида зиёратчилар учун тартибларни тугатишдан иборат. Бу йил дастурга Покистон, Малайзия, Индонезия, Марокаш ва Бангладеш кирди. Бу йилги Ҳаж мавсумида ундан 225 минг зиёратчи манфаат кўради.
Унинг қўшимча қилишича, “Макка йўли” ташаббуси ташкил этилганидан буён жами 6 давлат фойда кўраётган бўлса, бу ташаббус ҳаж зиёратини адо этиш учун зарур тартиб-қоидаларни бажариш вақтини қисқартиради, чунки зиёратчиларни қабул қилиш, уларга визани электрон шаклда беришдан бошлаб, жўнаб кетиш залида паспорт тартиб-қоидаларини бажаришга оид тартиблар амалга оширилади.
Соғлиқни сақлаш талаблари мавжудлигини текширилганидан сўнг жўнаб кетаётган мамлакат аэропортидан, юкни ташиш бўйича кодлаш ҳамда зиёратчилар етиб келгач, тўғридан-тўғри Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадаги ўз меҳмонхоналарига бориш учун ажратилган йўлакларга ўтадилар, хизмат кўрсатиш агентликлари эса уларнинг юкларини уйларига етказадилар.
ЎМИ ходими И. Аҳмедов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي مُوسَى t قَالَ: صَلَّيْنَا الْمَغْرِبَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، ثُمَّ قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، فَخَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا زِلْتُمْ هَاهُنَا، قُلْنَا: نَعَمْ يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، قَالَ: أَحْسَنْتُمْ أَوْ أَصَبْتُمْ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ إِلَى السَّمَاءِ وَكَانَ كَثِيرًا مَا يَفْعَلُهُ فَقَالَ: النُّجُومُ أَمَنَةٌ لِلسَّمَاءِ فَإِذَا ذَهَبَتِ النُّجُومُ أُتِيَ السَّمَاءَ مَا تُوعَدُ، وَأَنَا أَمَنَةٌ لِأَصْحَابِي فَإِذَا ذَهَبْتُ أُتِيَ أَصْحَابِي مَا يُوعَدُونَ، وَأَصْحَابِي أَمَنَةٌ لِأُمَّتِي فَإِذَا ذَهَبَتْ أَصْحَابِي أُتِيَ أُمَّتِي مَا يُوعَدُونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини ўқидик. Сўнгра «Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик», дедик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва:
«Ҳали ҳам шу ердамисизлар?» дедилар.
«Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули. Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик, дедик», деб жавоб бердик.
«Яхши қилибсизлар» ёки «Тўғри қилибсизлар», дедилар у зот. Сўнгра бошларини осмонга кўтардилар. Кўпинча шундай қилар эдилар. Кейин у зот:
«Юлдузлар осмон учун омонликдир. Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади. Мен саҳобаларим учун омонликдирман. Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади. Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар. Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўладиган суҳбатлардан бирининг мазмуни ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ўша пайтдаги Ислом жамиятининг қалби – юраги эканлиги ҳаммага маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари мусулмонларга ўрнак бўлганидек, у зотнинг масжидлари ҳам ўзга масжидларга ўрнакдир. Ислом жамиятида ҳар бир масжид ўз қавмидан ташкил топган кичик жамиятнинг тинимсиз уриб турган юраги бўлиши керак.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур суҳбатда саҳобаи киромларга ажойиб ўхшатиш ила ўзларининг фазлларини баён қилиб бермоқдалар:
«Юлдузлар осмон учун омонликдир».
Юлдузлар осмонда турсалар, осмон омон бўлади. Улар осмоннинг омонлик ишончларидир.
«Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади».
Осмонга таҳдид қилинган нарса унинг низомининг бузилиши ва қиёмат қоим бўлишидир.
«Мен саҳобаларим учун омонликдирман».
Осмон юлдузлар билан омон турганидек, саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшар эканлар.
«Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади».
Саҳобаи киромларга таҳдид қилинган нарса уларнинг ораларида хилоф ва келишмовчиликлар келиб чиқишидир.
«Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар».
Осмон юдузлар билан, саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшаганларидек, Ислом уммати ҳам саҳобаи киромлар билан тинч яшар эканлар.
«Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир».
Ислом умматига таҳдид қилинган нарса ҳавои нафсга эргашиш ва молу дунёга ўч бўлиш каби нуқсонларга мубтало бўлишдир.
Ушбу ҳадиси шарифдан саҳобаи киромларнинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини билиб олишимиз керак. Ана шундай улуғ фазл эгалари бўлган зотларни ҳурматлаш ва улардан ўрнак олиш мусулмон умматининг бурчидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди