Усмон розияллоҳу анҳу бадавлат савдогар эдилар. Табук ғазотида мусулмонларнинг қўшинини тўлиқ қуроллантирган киши ҳам Усмон розияллоҳу анҳу эдилар. Ибни Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳ: “Усмон табук жангчиларига шунчалик кўп пул сарфладиларки, ҳеч бир киши у зот баробарида пул сарфлаган эмас”, деб ёзади. Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг ҳужраларига минг динор пулни олиб келиб сочиб юборганлар, 950 та туя ва 50 та от ҳадя қилиб олиб келганлар.
Расулуллоҳ ҳазратлари бундай саховатларини кўриб:
— Усмон бу иши билан асло зарар қилгани йўқ, — деганлар. Кейин эса:
— Кимки ночор аскарни қуроллантирса ва рум қудуғини сотиб олиб мусулмонларга ҳадя қилиб юборса, у кишига жаннат насиба бўлади, — деб башорат қилдилар.
Бир яҳудий рум қудуғининг сувини сотиб фойдаланарди. Усмон розияллоҳу анҳу мазкур қудуқнинг ярмини 20 000 танга ва юзта ёш туя баробарига сотиб олдилар. Мусулмонлар ўзларига белгиланган муддатда келиб ушбу қудуқ сувидан олиб кета бошладилар. Ҳеч ким яҳудийнинг сувини олмай қўйди. Буни кўриб яҳудий қолган ярмини ҳам жуда арзон нархга сотиб юборади. Мазкур қудуқнинг ҳаммасини сотиб олганларидан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу мусулмонларга Аллоҳ йўлида ҳадя қилиб юбордилар.
Ўша қудуқ ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, 1400 йилдан ортиқ давр мобайнида мусулмонларни ширин сув билан таъминлаб келмоқда. Қудуқ атрофида масжид ва хурмо боғи мавжуд. Бу қудуқ ҳозирда “Усмон қудуғи” деб аталади.
манба: kamolon.uz
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси