Бир куни Ҳотами Той улуғ ва давлатманд инсонларни меҳмонга чақирди. Зиёфат бошланган, меҳмонлар суҳбатлашиб хурсанд бўлиб ўтиришган маҳал бошида эски салла, эгнида юпун кийим, камбағаллиги шундоқ кўриниб турган бир киши кириб келди. Уни кўрган меҳмонлар ҳайрон бўлиб қолишди. Баъзилар унга нописандлик назари билан қаради. Аммо Ҳотам бу фақир одамга ўзгача лутф ва карам кўрсатиб, қўлини кўксига қўйиб, эҳтиром ила давранинг энг тўрига ўтказди. Ҳотамнинг кўрсатган эҳтиромидан ҳамма ҳайрон бўлиб:
– Бу инсон ким, бунча эҳтиром қилурсиз? – деб сўрадилар. Уларга ним табассум билан боққан Ҳотам:
– Сизларни қадру қимматингиз, мансабу ҳурматингиз ва мақомингизга қараб жой бердим. Бу жандапўш, камтар, тавозели инсонни менинг саховатим ва карамим тўрга ўтказди.
Эй азиз фарзанд! Олий мукофот мансаб, мартаба, бойликка қараб ўлчанмайди, балки у мўминнинг тавозеш, камтарлиги ва Ҳаққа бўлган қаттиқ ишончи ва муҳаббати баландлиги билан ўлчанади. Барча авлиёлар Аллоҳ таолонинг висолига ошиқ бўлганлар. Унинг висолига етиш учун дунё роҳатини меҳнат ва машаққатларга алмаштирганлар. Натижа эса, албатта, Ёрнинг васлига етиши аниқ. Ўша Ёр муҳаббати ва ихлоси ошиқнинг қиёмат кунида улуғ мақомга сазовор бўлишига бош омил бўлади. Инсон Ҳақнинг муҳаббати билан яшаб, умрини ҳалол меҳнат, ихлосли тоат-ибодат қилиб, риё ва шуҳратпарастликдан кечиб, нафсини жиловлаб ўтса, албатта, маҳбубнинг висолига етмоғи муқаррардир.
Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ