Кўпчилигимиз эртаю кеч дуо қилишимизга қарамай, нега Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилмаяпти? Ваҳоланки, саййидимиз Юнус алайҳиссалом ҳутнинг қорнида туриб дуо қилганларида, Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини тезда ижобат қилган-ку!
Қуйида дуо ижобат бўлиши учун лозим бўлган шартларни келтириб ўтамиз.
Оғирлиги 100 тоннадан оғирроқ бўлган улкан ҳут сизни ютиб юборишини ва сиз зулмат ичида қолишингизни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Агар шундай вазият бошингизга тушса, нима қилардингиз?
Кимга нидо қилардингиз?
Сиз нидо қилаётганингиз Зот ижобатга қодирлигини тасаввур қиласизми?
Юнус алайҳиссаломнинг қиссалари ҳақида ўйлаб кўрганимда, уни бугунги кунимизга солиштирганимда ушбу саволлар хаёлимга келди.
Муаммоларимизни ҳал этишнинг энг муҳим йўли – дуодир. Кўп дуо қиламиз. Лекин тез ижобат бўлмайди. Бунга сабаб ихлоснинг йўқолганидир.
Азизлар! Дуонинг иккита муҳим шарти бор: ихлос, амал.
Ихлос – дуо қилаётган пайтимизда бутун қалбимиз ва ақлимиз билан Аллоҳ таолога юзланишимиздир. Бу мартабага етишимиз учун амалларимиз, тасарруфотларимиз, гапларимизга қарашимиз керак. Хўш, улар Аллоҳ буюрганидекми? Аллоҳ рози бўладиган тарздами? Амалимиз билан Аллоҳнинг розилигини кўзлаяпмизми?
Амалга келсак, биз Холиқ таолонинг нидосига "лаббай" деб ижобат қиламиз. Ўқиймиз, борлиқ, табиат ва нафс сирларини ўрганамиз. Ана шунда илмий йўл ҳақида ўйлаймиз. Ўша илмий йўл орқали ўз нафсимизни ривожлантирамиз, ўстирамиз. Натижада, амалларимиз Аллоҳ учун, Аллоҳ буюргани учун бўлади. Ана ўшанда, Аллоҳ хоҳласа, дуо ижобат бўлади.
Лекин бугунги кундаги муаммо шуки, кўплаб мусулмонлар ихлос ва амални йўқотдилар. Уларда дуо қабул бўлишининг ташқи шартлари қолди. Лекин асосийси қалбдир! Аллоҳ таоло бизнинг шаклларимизга, суратларимизга қарамайди, балки, қалбларимизга назар солади.
Қалбларимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидек покми?!
Биз икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламдек тавозеълимизми?!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек фақирларга, мискинларга яқинлашяпмизми?!
Воқеалардан таъсирланишимиз қай даражада? Аллоҳнинг ғазаби келадиган ишларга бизнинг ҳам ғазабимиз келиб, Аллоҳ рози бўладиган ишлардан биз ҳам рози бўляпмизми?!
Иймондош биродарларимизнинг қийналаётганини кўрганда биз ҳам қийналамизми? Ёки бу машаққатни ҳис қилмаймизми?
Аллоҳга қасамки, агар мусулмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан биттасини ҳаётларига татбиқ этганларида эди, инсонларнинг энг бахтлиси, энг куч-қувватлиси бўлардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирингиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам яхши кўрмагунча комил мўмин бўлолмайди” деганлар.
Айтингчи, чиндан ҳам ўзингизга раво кўрган нарсани биродарингиз учун ҳам раво кўрасизми? Афсуски, ундай бўлмай қоляпти. Бугунги кунда ғарб оламидагилар бу қоидага амал қилишяпти. Улар дунёвий фойдани қўлга киритиш илинжида бир-бирлари билан ҳамкорлик қиладилар. Биз Аллоҳ таолонинг розили учун бир-биримиз билан ҳамкорлик қила олмаймизми?!
Юнус алайҳиссаломнинг бошларидан ўтган воқеани ўқиганимда мана шу нарсалар менинг эсимга келади.
У кишини кечқурун денгизга ташланганида, бир ҳут ютиб юборди. У зот бир муддат бир нечта зулмат ичида яшадилар. Булар – кечанинг зулмати, денгизнинг зулмати, ҳут қорнининг зулмати. Лекин шундай аҳволда ҳам Аллоҳ таолони унутмадилар. У киши ҳутнинг ичида Аллоҳга тасбеҳ айтар ва ихлос билан нидо қилар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақида шундай деган:
وَذَا النُّونِ إِذ ذَّهَبَ مُغَاضِباً فَظَنَّ أَن لَّن نَّقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَن لَّا إِلَهَ إِلَّا أَنتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنتُ مِنَ الظَّالِمِينَ
“Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди”. (Зуннундан мурод Юнус алайҳиссаломдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнус алайҳиссаломни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташланган. Шунинг учун Зуннун–балиқ эгаси, лақабини олганлар. У зотнинг қиссалари Ас-Саффот сурасида келади. Аммо бу сурада сиёққа мос равишда қисқача баён қилинмоқда. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар. Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, «зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».) (Анбиё сураси, 87-оят).
Ушбу оятда келган дуо – машаққатга учраган, ғамга ботган пайтда айтиладиган дуодир!
Азизларим! Бугунги кунда барчамиз ушбу дуони кўп эсга олишимиз, кўп айтишимиз керак. Шоядки Аллоҳ таоло биздан турли муаммоларни, зарарларни, ғамларни аритиб, ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берса!
Аллоҳ таоло мазкур дуонинг ортиданоқ уни ижобат қилди ва Юнус алайҳиссаломни ғамдан қутқарди. Нега? Чунки, у киши Аллоҳга ҳақиқий маънода иймон келтирган, ихлосли мўмин эдилар. Аллоҳ таоло юқоридиги оятнинг давомида шундай деган:
فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنجِي الْمُؤْمِنِينَ
“Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз” (Анбиё сураси, 88-оят).
Юқоридаги сурат National Geographic сайтида эълон қилинган бўлиб, унда инсоннинг ёнида турган ҳутни ҳақиқий катталикда кўришимиз мумкин. Шу ўринда яна Юнус алайҳиссаломнинг қиссаларини эслагим келди. Бу расмдаги ҳутга, унинг оғзи қанчалик катталигига қаранг. Бу ҳут ёнида турган инсонни осонлик билан ютиб юбориши мумкин. Лекин саййидимиз Юнус алайҳиссалом “Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим” деб тасбеҳ айтувчилардан эдилар. Мана шу тасбеҳлари у кишининг ғамдан қутулишларига сабаб бўлди. Аллоҳ таоло дарҳол у бандасига нажот берди ва ҳутнинг оғзидан ташқарига чиқарди.
“Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз”.
Дўстларим! Сиз ўз муаммоларингиз ва ғамларингизни ҳутнинг қорнидаги Юнус алайҳиссаломнинг ғамларидан каттароқ деб ўйлайсизми?! Албатта, ушбу солиҳ бандасига дуосининг баракаси билан муаммодан нажот берган Зот бизга ҳам ҳар қандай муаммодан нажот беришга қодирдир! Лекин бир шарти бор:
لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ
“Лаа илааҳа иллаа анта. Субҳаанака. Инний кунту миназ зоолимийн”
(«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим») дуосини кўп қилишимиз керак.
Аллоҳ таолога барча мусулмонларни ғамдан қутқаришини сўраб дуо қиламиз. Албатта, У барча нарсага қодирдир!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини
Нозимжон Иминжонов таржима қилди
Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.
Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.
Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.
У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати