Шеър нега ёзилади? Қалб дардга тўлса. Дардсиз ёзилган шеър қанчалик маҳорат билан ёзилмасин тингловчининг қалбига етиб бормайди. Чунки қалбдан чиққан сўз қалбга етади.
Азим пойтахтимизнинг Қушқўрғон маҳалласида яшайдиган ниҳоятда ажойиб қайнона-келинни бундан тўрт йиллар бурун кўрган эдим. Аллоҳнинг марҳамати ила уйларидан бир пиёла чой ичиш ҳам насиб этганди ўшанда.
Ана ўша қайнона – Салима опа яқинда, муборак рамазон ойида қазо қилди. Қайнонасининг вафотидан қаттиқ таъсирланган келини унга атаб марсия ёзибди.
Мутахассислиги муҳандис бўлган Латофатхон Камолова, менимча, ёзган баётининг қайси жанрга оид бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаган, у фақат юрагига сиғмаган дардни қоғозга туширган, холос.
Келинининг қалбида шунчалик муҳаббат уйғота олган қайнонага, қайнонасини шу қадар юксак эҳтиром ила севган келинга тасаннолар айтсак кам. Умид қиламизки, нега бундай деяётганимиз ҳаммага аён...
Бу – юксак маҳорат ила шеъриятнинг барча низому қоидаларини жойига келтириб ёзилган пишиқ-пухта марсия деган фикрни айтишдан йироқмиз. Бу – соф кўнгил ила ҳар қандай риёдан, сохтакорликдан ҳоли бўлган самимий соғинч ифодасидир.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Гўзал хулқли, сабрлигим, муштипарим,
Юзи нурли, чиройлигим, чаққонгинам.
Хотирада доим сақланг мени дея,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Фарзандларга бино қўйган фариштамсиз,
Уйларимиз безагувчи сариштамсиз.
Аёлларнинг доим олди бўлиб юрган,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Келин бўлиб хизматингиз қилолмадим,
Сиздан кўра хайрихоҳни тополмадим.
Болаларим сиздек хурсанд қилолмадим,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Ишдан келсам, кутиб олувчим эдингиз,
Онам каби яқин кўрган Онамдингиз,
Энди биздан кўнглингиз тўқ бўлиб кетинг,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Байтуллоҳда меҳмон бўлган ҳожи онам,
Ҳижобларни гўзал қилиб таққангинам.
Барчамизни ибодатга солгангинам,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Энди дийдор Маҳшаргоҳда, кўришгунча,
Фарзандларим илмларга тушволгунча,
Қорилардан хатмларни кутиб туринг,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Болаларига бош бўлган хокисоргинам.
Йўлдошини излаб бориб топгангинам!..
Латофат КАМОЛОВА
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ