Шеър нега ёзилади? Қалб дардга тўлса. Дардсиз ёзилган шеър қанчалик маҳорат билан ёзилмасин тингловчининг қалбига етиб бормайди. Чунки қалбдан чиққан сўз қалбга етади.
Азим пойтахтимизнинг Қушқўрғон маҳалласида яшайдиган ниҳоятда ажойиб қайнона-келинни бундан тўрт йиллар бурун кўрган эдим. Аллоҳнинг марҳамати ила уйларидан бир пиёла чой ичиш ҳам насиб этганди ўшанда.
Ана ўша қайнона – Салима опа яқинда, муборак рамазон ойида қазо қилди. Қайнонасининг вафотидан қаттиқ таъсирланган келини унга атаб марсия ёзибди.
Мутахассислиги муҳандис бўлган Латофатхон Камолова, менимча, ёзган баётининг қайси жанрга оид бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаган, у фақат юрагига сиғмаган дардни қоғозга туширган, холос.
Келинининг қалбида шунчалик муҳаббат уйғота олган қайнонага, қайнонасини шу қадар юксак эҳтиром ила севган келинга тасаннолар айтсак кам. Умид қиламизки, нега бундай деяётганимиз ҳаммага аён...
Бу – юксак маҳорат ила шеъриятнинг барча низому қоидаларини жойига келтириб ёзилган пишиқ-пухта марсия деган фикрни айтишдан йироқмиз. Бу – соф кўнгил ила ҳар қандай риёдан, сохтакорликдан ҳоли бўлган самимий соғинч ифодасидир.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Гўзал хулқли, сабрлигим, муштипарим,
Юзи нурли, чиройлигим, чаққонгинам.
Хотирада доим сақланг мени дея,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Фарзандларга бино қўйган фариштамсиз,
Уйларимиз безагувчи сариштамсиз.
Аёлларнинг доим олди бўлиб юрган,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Келин бўлиб хизматингиз қилолмадим,
Сиздан кўра хайрихоҳни тополмадим.
Болаларим сиздек хурсанд қилолмадим,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Ишдан келсам, кутиб олувчим эдингиз,
Онам каби яқин кўрган Онамдингиз,
Энди биздан кўнглингиз тўқ бўлиб кетинг,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Байтуллоҳда меҳмон бўлган ҳожи онам,
Ҳижобларни гўзал қилиб таққангинам.
Барчамизни ибодатга солгангинам,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Энди дийдор Маҳшаргоҳда, кўришгунча,
Фарзандларим илмларга тушволгунча,
Қорилардан хатмларни кутиб туринг,
Боқий дунё сари шошган мунисгинам.
Болаларига бош бўлган хокисоргинам.
Йўлдошини излаб бориб топгангинам!..
Латофат КАМОЛОВА
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws