Жажжигина қизалоқ маҳзун мусофирга қараб жилмайиб қўйди. Бу майин жилмайиш мусофирнинг кўнглини чоғ қилди ва бир вақтлар ўзига ёрдам берган дўстига миннатдорчилик билдириб қўйиши лозимлигини хотирлатди.
Дарҳол бир СМС ёзиб унга жўнатди. Дўсти бу ташаккурномадан шу қадар хурсанд бўлдики, ҳар куни тушлик қиладиган ресторанда хизмат кўрсатадиган официант қизга хийлагина ҳадя қолдириб кетди. Официант қиз умри бино бўлиб биринчи марта бундай катта ҳадя олаётган эди. Кечқурун уйига қайтаркан, қўлига тушган пулнинг бир қисмини ҳар замон кўча бошида ўтирадиган фақир одамнинг кепкасига ташлади.
Фақр одам шу қадар кўп пулни кўриб шунчалар миннатдор бўлдики, икки кундир томоғидан бир луқма таом ўтмаган эди. Қорнини илк дафъа росмана тўйдирди, кўпқаватли уйнинг подвалидаги биттагина хонасига олиб борадиган йўлдан масрурона юриб келди, кайфияти шу қадар чоғ эдики, совуқда ангиллаб дийдираб турган кучук боласини кўриб қолгани заҳоти уни кўтариб олди.
Кучуквачча кечанинг совуғидан қутулганидан хурсанд эди. Иссиққина хонада саҳарга қадар чопқиллаб ўйнади. Туннинг ярмида уйни тутун қоплади, ёнғин бошланган эди. Тутунни кўрган кучукча шу қадар баланд овозда ҳура бошладики, унинг кўтарган шовқинидан дастлаб фақир одам уйғонди. Кейин барча қаватлардаги хонадондагиларни уйғотди. Ота-оналар тутундан буғилишига сал қолган фарзандларини қучоқлаб, ўлимдан қутқариб қолдилар. Уларнинг ҳаммаси бир тийинлик моддий қиймати бўлмаган бир табассум шарофати эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026–2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 2-ҳудуд (Тошкент шаҳри) босқичига старт берилди. Имтиҳонлар 2–3 август кунлари Чилонзор туманидаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди Мажлислар залида ўтказилади.
Жараён шаффоф ва адолатли ўтиши учун Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси раҳбарлари ва мустақил кузатувчилар жараённи бевосита назорат қилмоқда.
Абитуриентларга қулайликлар ва муҳим эслатмалар:
Қулайлик: Абитуриентлар ўзлари ҳужжат топширган ҳамда ўзларига яқин бўлган диний таълим муассасасида имтиҳон топширишлари мумкин.
Магистратура: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратурасига ҳужжат топширган, араб тилидан сертификати бор абитуриентлар тестдан озод этилади. Улар 11 август куни ижодий имтиҳон топширади.
Зарур ҳужжатлар: Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт/ID-карта) ва рухсатнома.
Вақт: Рухсатномада кўрсатилган вақтдан 30 дақиқа олдин келиш талаб этилади. Soat 17:00 дан кечикканлар тестга киритилмайди.
Тартиб: Телефон, ақлли соат, шпоргалка ва бошқа электрон қурилмалардан фойдаланиш қатъиян ман этилади ҳамда четлатишга асос бўлади.
Манзил: Чилонзор тумани, Сугалли ота кўчаси, 5/1-уй.
Алоқа: +998 99 876 0310
Расмий манба: https://t.me/qabulmuslimuz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати