Жажжигина қизалоқ маҳзун мусофирга қараб жилмайиб қўйди. Бу майин жилмайиш мусофирнинг кўнглини чоғ қилди ва бир вақтлар ўзига ёрдам берган дўстига миннатдорчилик билдириб қўйиши лозимлигини хотирлатди.
Дарҳол бир СМС ёзиб унга жўнатди. Дўсти бу ташаккурномадан шу қадар хурсанд бўлдики, ҳар куни тушлик қиладиган ресторанда хизмат кўрсатадиган официант қизга хийлагина ҳадя қолдириб кетди. Официант қиз умри бино бўлиб биринчи марта бундай катта ҳадя олаётган эди. Кечқурун уйига қайтаркан, қўлига тушган пулнинг бир қисмини ҳар замон кўча бошида ўтирадиган фақир одамнинг кепкасига ташлади.
Фақр одам шу қадар кўп пулни кўриб шунчалар миннатдор бўлдики, икки кундир томоғидан бир луқма таом ўтмаган эди. Қорнини илк дафъа росмана тўйдирди, кўпқаватли уйнинг подвалидаги биттагина хонасига олиб борадиган йўлдан масрурона юриб келди, кайфияти шу қадар чоғ эдики, совуқда ангиллаб дийдираб турган кучук боласини кўриб қолгани заҳоти уни кўтариб олди.
Кучуквачча кечанинг совуғидан қутулганидан хурсанд эди. Иссиққина хонада саҳарга қадар чопқиллаб ўйнади. Туннинг ярмида уйни тутун қоплади, ёнғин бошланган эди. Тутунни кўрган кучукча шу қадар баланд овозда ҳура бошладики, унинг кўтарган шовқинидан дастлаб фақир одам уйғонди. Кейин барча қаватлардаги хонадондагиларни уйғотди. Ота-оналар тутундан буғилишига сал қолган фарзандларини қучоқлаб, ўлимдан қутқариб қолдилар. Уларнинг ҳаммаси бир тийинлик моддий қиймати бўлмаган бир табассум шарофати эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Анқарада бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг 13-саммити арафасида Туркия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, унинг минтақавий ҳамкорликдаги ўрни ва туркий халқларнинг умумий маданий меросига қўшган ҳиссасини кенг ёритаяпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Хусусан, “Diriliş Postası” ва “Yeni Şafak” газеталари мамлакатимиз тараққиётига оид материалларни чоп этди. “Ülke TV” телеканалида Ўзбекистон тарихи ва тамаддуний мероси ҳақида 22 қисмли ҳужжатли фильмлар туркуми намойиш қилинди.
“Diriliş Postası”даги “Янги Ўзбекистон – туркий дунёда нуфузи ортиб бораётган стратегик куч” сарлавҳали мақолада таъкидланишича, 2017–2025 йилларда юртимиз иқтисодиёти йилига ўртача 6 фоиздан кўпроққа ўсган. 2026 йилнинг биринчи ярмида ўсиш кўрсаткичи 8,5 фоизни ташкил этиб, хорижий инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга яқинлашган.
“Fitch” ва “Standard & Poor’s” агентликлари томонидан Ўзбекистоннинг кредит рейтинги ижобий прогноз билан “BB−” дан “ BB” даражагача кўтарилганига эътибор қаратган. Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, хусусийлаштириш жараёнлари, инвестиция муҳитининг яхшиланиши ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга тайёргарлик бунинг асосий омиллари сифатида қайд этилган.
“Yeni Şafak” нашрида “Ислоҳотлар негизида Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда” номли мақола чоп этилди. Материалда Ўзбекистон тараққиётининг асосини ташкил этувчи ёшлар қатламига алоҳида урғу берилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 52 фоизи 30 ёшга тўлмаган ёшлардан иборат. Шу билан бирга, нашрда Самарқанд ва Бухоронинг туризм салоҳияти ҳамда республиканинг халқаро мавқеи мустаҳкамланиб бораётгани эътироф этилган.
Туркия матбуоти ТДТ доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон 2019 йилда ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди, 2022–2023 йилларда эса унга раислик қилиб, Самарқандда муҳим саммитни ташкил этди ҳамда 100 дан ортиқ тадбирларни ўтказди.
Ушбу даврда “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган стратегия қабул қилинди. Туркий давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард доллардан ошди, транспорт ва логистика соҳаларида инвестициявий алоқалар ҳамда қўшма лойиҳалар кенгайиб бормоқда.
“Diriliş Postası”нинг маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ТДТ саммитларида ҳамкорликни амалий ривожлантиришга қаратилган 100 га яқин ташаббусни илгари сурган. Янги иқтисодий имкониятлар макони, саноат альянси ҳамда Темир йўл маъмуриятлари кенгашини ташкил этиш шулар жумласидандир.
Шунингдек, “Üлке ТВ” телеканали мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси кўмагида суратга олинган “Ўзбекистон тамаддунига саёҳат” номли ҳужжатли фильмлар туркумининг ҳафталик намойишини бошламоқда. Тасвирга олиш ишлари Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларини қамраб олган бўлиб, мамлакатнинг туркий ва ислом цивилизациялари тарихидаги аҳамиятини очиб беради.
Фильмларда Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Амир Темур мероси намойиш этилади. Лойиҳа турк томошабинларини муштарак тарихий илдизлар, маданий алоқалар ҳамда минтақанинг жаҳон илм-фани ва маънавий тафаккурига қўшган ҳиссаси билан таништиришга қаратилган.
Бўлажак саммит арафасида чоп этилган ушбу мақолалар ва телевизион лойиҳа Ўзбекистон–Туркия алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани ҳамда иқтисодиёт, сиёсат ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган интилишни яққол кўрсатади. Энг муҳими, Ўзбекистон туркий дунёдаги интеграция жараёнларининг фаол иштирокчиларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати