“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Аллоҳ таоло одамзодни азизу мукаррам қилган, уни энг гўзал ва мукаммал шаклда яратган. Қуръони каримнинг “Тин” сураси тўртинчи оятида марҳамат қилинади: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик”. Аллоҳ таоло одамни тик оёқда юрадиган, қўли билан овқат ейдиган қилиб яратди. Унга қулоқ, кўз, кўнгил берди. Инсон улар воситасида кўради, эшитади ва нарсаларни бир-биридан фарқлайди. У нарсаларнинг яхшисини ва чиройлисини билади. Дин ва дунё ишларида ўзига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата олади.
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”. Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган. Ибн Аббосга (розияллоҳу анҳу) кўра, инсоннинг ўзга жонзотлардан мукаррамлиги овқатни қўли билан ейишидир.
Муҳаммад ибн Каъб “Инсоният орасидан Ҳазрат Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) бўлишлари уларнинг мукаррамлилигидир”, деб тафсир қилган бўлса, Заҳҳокка кўра, одамзод нутқ ва фаросати билан мукаррам бўлган. Муфассир Ибн Жарир Табарий “инсонларнинг кўпчилик махлуқот устидан ҳукмронлик қилиши ва борлиқнинг одамзодга бўйсундирилгани унинг азизлигидандир”, деган. Яна айрим олимларнинг тафсир қилишларича, инсоният гапириши ва ёза олиши билан бошқа махлуқлардан азиздир.
Тафсирчи Қуртубий айтади: “Одам болаларининг азизлигига сабаб улардаги ақлдир. Зеро, ақл таклифнинг (ибодат ва муомалага лаёқатнинг) асосидир. Инсон ақл билан Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, неъматларига эришади, пайғамбарларини тасдиқлайди. Фақат ақл бандани барча мақсадларига етказолмаслиги сабаб пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Кўз, агар соғлом бўлса, очилиши билан қуёшни кўради, нарсаларнинг тафсилотларини идрок қилади.
Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларга берган хислатларни, масалан, отнинг чопиши, эшитиши, кўриши, филнинг кучи, шернинг шижоати каби баъзи хислатларни одамзодга ҳам ато этган. Аммо унинг бошқа жонзотлардан афзал ва азиз қилиниши, айтиб ўтганимиздек, ақл сабаблидир”.
“...ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик...” Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бу оятни “Қуруқликда эшак, хачир, от, туя каби уловларга, денгизда эса катта-кичик кемаларга миндириб қўйдик”, деб тафсир қилган. Бунга қўшимча равишда замонавий автоуловларни ҳам киритиш мумкин.
Аллома Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар миниши, юк ортиши ва бошқа шу каби ишларини бажариши учун бўйсундириб қўйган. Шунингдек, сувлару кемаларни ҳам унга миниши, юкларини ташиши ва бошқа юмушларини бажариши учун одамзодга бўйсундириб қўйган. Буларнинг барчаси инсоннинг бу оламда бўйсуниладиган раҳбар, итоат қилинадиган подшоҳ эканига, бошқа барча борлиқ унинг қўли остида эканига далолатдир”.
“...ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик” экинлардан, гўшту сутлар ва яна бошқа ранги ва мазаси турли-туман неъматлардан ризқ қилиб бердик. Гўзал манзаралар, турфа хил, ранг-баранг кийим-кечаклардан, дунёнинг турли бурчакларида етишадиган анвойи мевалардан ризқларини бердик.
“...ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик...” яъни, бошқа махлуқот ва мавжудотлардан устун қилдик.
Бизнинг аҳли сунна вал жамоа ақидамизга кўра, фаришталарнинг пайғамбарларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий мўминлардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий мўминлар афзалдир (“Ақоид матнлари”).
Қуртубий, Ибн Касир ва Фахруддин Розий
тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.
Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.
Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.
Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.