Ҳикоя қилинишича, бир олим шайх шогирди билан боғ ичра сайр қилиб юришганди. Сайр асносида эски пойафзалга дуч келишибди. Икковлари бу пойабзал шу боғда ишлаётган бир камбағал фақирга тегишли эканини ва у шу пайтда ишини якунлаб пойафзалини олишга келишини тушунишди.
Шунда шогирд устозга дебди:
Устоз, ҳазил қилиб бу ишчини пойафзалини яшириб қўймаймизми, уни олишга келганида йўқолиб қолганини кўрганда нима иш қилишини томоша қиламиз.
Улуғ устоз унга шундай жавоб берди:
Бошқаларни ғамга тушуриш ила кўнглимизни кўтармаслик лозимдир. Болам, сен бойроқсан. Сен ўзинга ҳам шу камбағалга ҳам бахт-саодатни жалб қилишинг имконига эгасан-ку. Унинг пойафзали ичига нақд пул солиб қўй-да, биз яширинамиз. Буни унга қандай таъсир қилишини кўрамиз.
Бу таклифдан шогирд хурсанд бўлиб, ичига пул солиб қўйибди. Икковлари ишчининг бунга муносабатини кўришлани учун дарахт ортига яширинишди.
Бироздан кейин ишини тугатиб жулдур кийимда ишчи пойафзалини олиш учун келди. Оёғини суққан ҳам эдики, ичида нимадир борлигини билди. Уни чиқариб олиб қарасаки, нақд пуллар. Иккинчи пойини олиб қараса, унда ҳам нақд пул топди.
У бироз пулларга тикилиб турди. Туш кўрмаётганини англаш учун пулга қайта-қайта назар солар эди. Кейин бирор кимсани топармикинман деган ўй билан ҳар томонга аланглаб қаради.
Пулларни чўнтакка солиб тиззасига йиқилди-да, йиғлаган ҳолида осмонга назар солиб баланд овоз ила Роббига муножот қила кетди;
Эй Роббим! Сенга шукрларим бўлсин. Эй, хотинимнинг бетоблигини ва фарзандларим нон топа олмаётганидан оч қолганини билган Зот! Мени ҳам фарзандларимни ҳам ҳалокатдан қутқардинг.
У узоқ вақт осмонга тикилганича мана шу Раббоний туҳфага шукр ўлароқ йиғлади.
Шогирд бундан қаттиқ таъсирланиб икки кўзи ёшга тўлди.
Шунда улуғ устоз деди:
Ана энди сен айтган унинг пойафзалини яшириб қўйиш таклифингдан кўра ўзингни кўпроқ бахтиёр сезмаяпсан-ми?!
Шогирд жавоб берди:
Тирик эканман, ҳеч ҳам унутмайдиган дарс олдим. Ана энди, ҳаётимда мен фаҳмламаётган баъзи сўзларнинг маъносини англаб етдим; сен ато берганингда олганингдан кўра кўпроқ бахтли бўласан.
Шунда устози деди:
- Билки, ато беришнинг турлари бор;
- Жазолашга қодир бўла туриб, кечиб юборишинг, атодир.
- Биродаринга ғоибона дуо қилишинг, атодир.
- Унинг учун узр талаб қилиб, ёмон гумондан четта бўлишинг, атодир.
- Биродаринг ғоиблигида унинг обрўсини ҳимоя қилишинг, атодир.
- Шуни билингки, азиз ўқувчи, нубувват йўли ато бериш устига қурилгандир. Зўравонларнинг йўли эса тортиб олиш устига қурилгандир.
- Ҳаётингизга назар солинг, сиз ато бериш билан яшаяпсизми ё тортиб олиш билан-ми?
- Бошқаларнинг ҳаёти сиз туфайли енгиллашяпти-ми ё қийинлашяпти-ми?
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ
Манба: vakillik.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Боғийлик араб тилидаги “бағюн” (بغي) сўзидан олинган бўлиб, араб тилидан таржима қилинганда тиламоқ, қасд қилмоқ, жабрламоқ, зулм қилмоқ, бузуқлик, ахлоқсизлик[1] каби маъноларни англатади.
Боғий эса باغي)) зулмкор, тажовузкор ва сулҳни бузувчи, шунингдек, подшоҳ (раҳбар)га қарши чиқувчи, қароқчилик, йўлтўсарлик қилиб, бировнинг моли ҳамда жонига қасд қилувчи маъноси билдиради[2].
Қуръони каримда бағий/бағаа (بغي/بَغَى) сўзи бир неча хил маънони ифодалаб келган. Жумладан «Аъроф» сурасининг 33-оятида “ноҳақ тажовузкорлик”[3] маъносини англатган бўлса, «Қосос» сурасининг 76-оятида эса “такаббурлик қилди”[4] маъносида келган.
Уламолар истилоҳий маъноси ҳақида: “Боғий – бирор таъвил[5]га кўра адолатли амирга қарши чиқувчи мусулмонларнинг қурол-аслаҳага эга бўлган тоифасидир”, деб таъкидлайдилар[6].
Бурҳониддин Марғиноний (ҳиж.511/593–мил. 1123/1196)нинг шогирди фақиҳ Маждуддин Уструшаний подшоҳга қарши бош кўтариб чиққан гуруҳларни қоралаб, бундай тоифаларни Ислом нуқтаи назаридан боғий эканлиги, бундай кимсалар халқ ва динимизнинг ҳақиқий душманлари деб баҳо беради. Қуйида унинг “Китаб ал-фусул” номли асаридан парча берамиз:
“Мусулмонлар ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган подшоҳ қўл остида халқ тинч ва осойишта яшаб турганларида ўзлари ичидан унга қарши бош кўтарган кишилар тоифаси боғийлардир[7]”. Уламолар ҳукмига кўра, шариатда боғийларга қарши курашда фуқаролар бор имкони билан давлатга ёрдам беришлари шарт[8].
Филолог Ибн Фарис боғийликка қуйидагича таъриф беради:
Бағюн сўзи ب, غ ва ي ҳарфларидан ташкил топган бўлиб, бу сўз қуйидаги икки хил маънога эга:
биринчи маъноси – бирор нарсани излаш, талаб қилиш;
иккинчи маъноси – ахлоқсизлик, бузуқликнинг бир тури[9].
Ибн Нужайм боғийликни қуйидагича таърифлайди: Араб тилидаги باغ (баағ( сўзининг кўплик шакли بغاة (буғаат) бўлиб, бу сўз одамларга жабр-зулм ўтказувчиларга нисбатан ишлатилади. Шунингдек, фитналарни қўзғатувчилар ҳамда ҳукуматга итоат этмайдиганлар ҳам боғий деб аталади[10].
Ҳаскафий боғийлик ҳақида: Бағюн сўзининг луғавий маъноси бирор нарсани излаш ва исташ каби маъноларни билдиради. Жумладан, Қуръони каримдаги: «Мана шу биз истаган нарса эди»[11] (Каҳф сураси, 64–оят) оятидаги «نبغ» (набғи( ояти бунга мисол бўлади.
Истилоҳда эса, руҳсат этилмаган, ман этилган нарсаларни, хусусан, зулм, одамларга зиён етказиш каби қабиҳ амалларни исташни англатишини айтиб ўтади[12].
«Табйийнул-ҳақоиқ шарҳи канзуд-дақоиқ» асарида бу сўзнинг маъноси қуйидагича келтирилади: «Урфда ҳалол бўлмаган нарсани жабр ва зулм билан тортиб олишдир. Фуқаҳолар наздида эса, мавжуд бошлиққа қарши чиқиш бу – «боғий»лик ҳисобланади[13].
Абул-Баракот Насафий (ҳиж.701/мил.1310 ваф.эт.): «Канзуд-дақоиқ»да «боғий»ларни шундай таърифлайди: Мусулмонлар қавмидан бошлиққа итоат қилишликдан бош тортган кишилар жамоаси[14]. Демак, муаллифниниг таъбири бўйича «боғий» мавжуд ҳокимиятга қарши чиқувчи маъносини англатади.
Алим ибн ал-Ала ал-Андаритий ад-Диҳлавий: Мусулмонлардан раҳбарга қарши чиқувчилар тоифаси боғийлар деб аталади. Агар улар қурол олиб ҳукуматга қарши чиқса уларга нисбатан қарши курашиш лозим. Шунингдек, бу каби тоифаларга қарши курашда мамлакат фуқаролари ҳам ҳукуматга ёрдам бермоқликлари шарт.
Ҳанафийлик мазҳабининг машҳур олимларидан Ибн Ҳумам ўзининг “Фатҳ ал-Қадийр” асарида боғийликка изоҳ бериб уни бир неча турларга таснифлайди:
Фақиҳлар наздида боғий сўзи мавжуд ҳукуматга қарши чиқишни англатиб улар тўрт гуруҳга ажратилади:
Зайниддин ибн Нужайм ал-Ҳанафий: Боғий – ҳукуматга қарши чиқувчи мусулмонлар тоифаси бўлиб, бироқ хорижийлар каби мусулмоннинг қонини тўкишни ва ёш болаларни асирга олишни жоиз деб ҳисобламайдилар[18].
Ибн Обидин аш-Шомий “Радд ал-мухтор” асарида: Боғийлар тоифаси ўз ичига ҳокимиятни қўлга киритишга интилган барча гуруҳни олади. Улар бегуноҳ одамларга ўзларининг нотўғри таъвиллари билан қарши чиқадилар ва “ҳақиқат биз билан” деб бузуқ даъвони қиладилар[19].
Ҳанафий мазҳабининг йирик уламоларидан Имом Косоний айтадилар: Боғийлар – хорижийлар сингари кичик ёки катта гуноҳ қилган инсонни куфрда санайдилар. Ҳукуматни динга амал қилмасликда айблаб, ўзларининг нотўғри таъвиллари орқали унга қарши чиқадилар, шунингдек, раҳбарни қатл этишни, унинг молини ўзлаштиришни ва қонини тўкишни жоиз деб биладилар [20].
Мазкур масалада ҳозирги замоннинг етук олимлардан бири Ваҳба Мустафо Зуҳайлий (1932-2015) ўзининг “Ал-фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳу” асарида суннийликнинг тўрттала мазҳаби хулосалари асосида боғийларга “имом (раҳбар)га асоссиз тарзда бўйсинишни рад этган мусулмон қавми (гуруҳ)га айтилади” деб таъриф бериб, “Ким бизга қарши чиқса (қиличини чиқарса), у биздан эмас” деган ҳадисни келтирган[21].
Демак, дин ниқоби остидаги террористик ташкилотларнинг давлат раҳбарига қарши чиқиб, Ислом давлатини тузишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлари Ислом таълимотига кўра батамом асоссиздир.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Ан-Наим ул-кабир. Арабча-ўзбекча луғат. “Наманган” нашриёти. Наманган–2014. Б.57.
[2] Д.Мақсудов. Абул Барокат ан-Насафий ва унинг Мадорик ат-Танзил ва Ҳақоиқ ат-таъвила асари. “Movarounnahr”, 2014. Б 118.
[3] А.Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004.
[4] Ўша манба.
[5] Таъвил-луғатда “изоҳлаш ёки бошқа маъносига қайтариш” маъносида келади. Истилоҳда олимнинг Қуръони каримдаги айрим оятларни ўз билими даражасида изоҳлаб тушунтириши “таъвил” дейилади. Қуръони каримда “таъвил” сўзи “тафсир ва таъйин, офият ва оқибат, башоратнинг амалга ошиши, туш маъноси, амалга оширилган иш сабаби” каби бир неча маъноларда ҳам келган. Қуръони каримдаги “муташобиҳ”, “муқаттоат” оятларининг маъносини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким аниқ билмайди. Аммо шунга қарамай, айрим ҳидоятдан оғганлар фитна қўзғаш учун ҳавойи нафсларига мослаб уларни таъвил этишга уринишган. Кейинги пайтларда “таъвил” сўзи умуман оятларни тафсирлаш, изоҳлаш, шарҳлаш каби маъноларда ҳам ишлатилмоқда.
[6] Каранг: Муаллифлар жамоаси. Ислом маърифати: аслият ва талқин (ўқув-услубий қўлланма). “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011. – 93 б.
[8]А.Мансур.Муқаддас матнлар, фатволар ҳамда етакчи уламоларнинг асарларида ақидапарастлик ва зўравонликнинг қораланиши // Ислом маърифатида дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлиги. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011. Б. 9.
[9] Ибн Фарис, Муъжам мақайис ал-луға, Б.144, Ибн Манзур, Лисон ал-Араб, Б.14:75-78,
[10] Ибн Нужайм. ал-Баҳр ал-раъиқ. 5:150.
[11]А.Мансур Қуръони карим: маъноларнинг таржима ва тафсири.–Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2006.
[12] Ал-Ҳаскафий. ал-Дурр ал-Мухтор. 4:261.
[13] Қаранг: Усмон ибн Али. Табйийнул-ҳақоиқ шарҳи канзуд-дақоиқ. II-жилд. Ливан, 2010. Б. 58.
[14] Абул-Баракот Насафий. Канзуд-дақоиқ фи фиқҳис-содатил-аҳнаф. Қоҳира, 2006. Б. 79.
[15]Тарих фанлари доктори А. Ҳасановнинг таъкидлашича қайси даврда бўлсин мавжуд ҳокимиятга қарши чиқувчилар “хорижийлар” деб аташ мумкин. Бу эса, “боғий” сўзи билан синоним деган маънога олиб келади.
[16] Илмий-таҳлилий ахборот. 2/2010. Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. Б.36.
[17] Ибн Ҳумам Фатҳ ал-Қадийр. 5:334.
[18] Ибн Нужайм. ал-Баҳр ал-раъиқ. 5:151.
[19] Ибн Обидин аш-Шомий. Радд ал-мухтор. 4:262; ад-Дасуқий. ал-Ҳошия. 4:261; Бадриддин ал-Айний. ал-Биноя шарҳ ал-Ҳидоя. 5:888.
[20] Ал-Касоний. Бадоъи ал-саноъи. 7:140
[21] Зуҳайлий М. Ал-фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳу. Дамашқ, Дорул фикр, 2-китоб. Б.481.