Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум ҳурматли устозлар! Саволим қуйидагича: эр кишининг аёли кўзи ёриганига 40 кун бўлмаган бўлса ҳам яқинлик қилса бўладими?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар фарзанд кўрганидан кейинги қон қирқ кунга етмасдан тўхтаса мумкин.
Савол: Ассалому алайкум. Телефонда азон эшитса, эшитган одам азон айтмасдан намоз бошлаши мумкинми?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Йўқ мумкин эмас.
Савол: Ассалому алайкум. Мен яқинда уйланганман. Ҳар гал аёлим билан яқинлик қилишдан аввал таҳоратли бўлишим шартми, ёки бисмиллаҳ ва дуосини ўқиб бирга бўлсам бўлаверадими?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Бўлаверади.
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази