Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Ансорий саҳобаларнинг фазли

24.06.2018   24047   10 min.
Ансорий саҳобаларнинг фазли

«Ансорлар» дейилганда луғавий жиҳатдан нусрат-ёрдам берувчилар маъноси англанади.

Исломий истилоҳда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ дину диёнат учун ўз ватанларини, яқинларини ва молу мулкларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага кўчиб келган муҳожир мусулмонларга ёрдам берган, уларга жой, имкон ва бошқа барча шароитлар яратиб, ёрдам-нусрат берган асли мадиналик бўлган мўмин-мусулмонлар тушунилади.

Ансорий мусулмонлар дунё тарихига ўзларининг мислсиз улкан фидокорликлари билан, иймон-ислом йўлида ўзларидан кўра муҳожир биродарларини устун кўришлари билан машҳур бўлиб кирганлар.

Ансорлар Мадинада, яъни, биринчи ислом жамоаси ташкил топган диёрда муҳожирлар келмасидан олдин ҳам яшаганлар ва исломга, иймонга ихлос қўйган кишилар бўлганлар. Уларнинг ихлосу эътиқодлари бутун бўлгани учун Макка мушрикларидан азоб-уқубат чекаётган ўз диндошларини Ясрибга (Мадинага) кўчишга чорлаганлар. Шу билан бирга, ансорлар ўз шаҳарларига кўчиб келган муҳожир биродарларига доимо яхши муомалада бўлишган. Аллоҳ таоло уларни Ўз китобида мақтаб:

«Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар», деган (Ҳашр сураси 9-оят).

Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «фай» (жангу жадалсиз қўлга киритилган ўлжа)дан муҳожирларга бериб, уларга бермасалар ҳам, ансорлар заррача гина қилмаганлар. Улар ҳасад нималигини билишмаган.

Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини ҳам уларга бердилар. Масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини.

Ҳатто муҳожирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Расулуллоҳ, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, оз бўлса, бизга берадилар, кўп бўлса, сероб қиладилар. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ҳатто ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар», дея арз қилишган.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ», деганлар.

Ансорийлар ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади:

«Пайғамбар алайҳиссалом ансорларни чақириб, уларга Баҳрайнни бермоқчи эканларини айтганларида ансорлар муҳожир биродарларимизга ҳам худди шунга ўхшаш жойни бермасангиз, бизга бунинг кераги йўқ, дедилар».

Аллоҳ таоло, «ҳасадгўй эмаслар», деб ансорларни мадҳ этяпти. Аллоҳ бировга берган неъматга ҳасад қилмаслик ҳам улкан фазилат эканини билиб қўймоқ лозим. Ансорлар ана шундай улкан фазилатга эга эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўринда мўминлик ва мунофиқлик аломатларини баён қилиб: «Иймоннинг белгиси, ансорларни яхши кўрмоқдир. Мунофиқликнинг белгиси эса, ансорларни ёмон кўрмоқдир», деган бўлсалар. Бошқа ўринда Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиш ва унинг ғазабидан қутилиш йўлини ўргатиб: «Уларни яхши кўрган кишини Аллоҳ яхши кўради ва уларни ёмон кўрган кишини Аллоҳ ёмон кўради», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Ансорларнинг барчаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидан алоҳида ўрин эгаллаган бахтли зотлар эдилар. Бу ҳақда Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Аллоҳга қасам ичиб: «Аллоҳ ҳаққи, сизлар мен учун энг маҳбуб одамлардансиз!» деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Ансорлар нақадар буюк шахслар бўлишган?! Ҳатто барча пайғамбарларнинг саййиди бўлган зот Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бўлишни орзу қилганларини очиқ-ойдин баён қилиб: «Агар ансорийлар бир водийга ёки тоғ сўқмоғи­га юрсалар, албатта, мен ҳам ансорларнинг водийсига юрар эдим. Агар ҳижрат бўлмаганида, албатта, ансорлардан бир киши бўлар эдим», дедилар». (Имом Бухорий ривояти).

Мадиналик мусулмонларга бу шарафли номни, яъни «ансор» номини Аллоҳнинг ўзи қўйган. Бу ҳақда Анас розияллоҳу анҳудан бир киши « Ансор исми ҳақида хабар бер-чи, уни ўзи­нгиз атаганмисиз ёки Аллоҳ сизларни атаганми?», деб сўраганда, Анас розияллоҳу анҳу: «Йўқ! Аллоҳ азза ва жалла бизни шу ном билан атаган», деб жавоб берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларни сабрли ва иффатли инсонлар эканларига гувоҳлик бериб, ансорий саҳобалардан бўлган Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга: «Қавмингга салом айт! Мен уларни, албатта, иффатлилар ва сабрлилар, деб билурман», дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Ансорийларга ҳамма ҳавас қилса арзийдиган фазилатлари жуда кўп. шулардан бири, дуоси шак-шубҳасиз ижобат бўладиган зот, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаққига дуо қилиб, «Эй Аллоҳим, ансорларни, ансорларнинг болаларини, ансорларнинг болаларининг болаларини ва ансорларнинг аёлларини мағфират қилгин», деганлар. (Имом Термизий ривояти).

Ҳунайн ғазотида ансорийларнинг қадр-қиймати янада намоён бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн жанги ўлжасини тақсимлашда янги мусулмон бўлган маккаликларга алоҳида эътибор қилиб, уларни исломга қизиқтириш учун кўп ўлжа бердилар, ансорларга эса ўлжани оз тақсимладилар. Буни кўрган баъзи ансорларнинг қалбида хиралик пайдо бўлганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга бўлган муносабатларини билдириб: «Эй ансорийлар жамоаси! Одамлар қўй-у туяни олиб кетганда сизлар ўз қароргоҳингизга Расулуллоҳни олиб кетишдан рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сиз олиб қайтадиган нарса улар олиб қайтадиган нарсадан яхшироқдир! Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида, албатта, ансорийлардан бири бўлган бўлур эдим», дедилар. (Ибн Ҳишом ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ўз вафотларидан олдинроқ ансорларга эътиборли бўлишни ва хатоларини кечиришни васият қилиб: «Сизларга ансорларга эътиборли бўлишни васият қилурман. Албатта, улар менинг сиру омонат сақлагичларимдир. Батаҳқиқ, улар ўз бурчларини адо этиб бўлиб, ҳақларини кутиб турибдирлар. Уларнинг яхшиликларини қабул қилинг­лар ва ёмонликларини афв қилинглар», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

 

Нурмуҳаммедова Васила

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бир ҳадис, бир насиҳат ва бир умрлик ибрат

09.09.2026   37701   2 min.
Бир ҳадис, бир насиҳат ва бир умрлик ибрат

Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.

Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.

Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.

Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.

Ибратли ҳикоялар