Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, бир киши Набий с.а.в.га деди: “Менга насиҳат қилинг”. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар. У (саволини) бир неча бор такрорлади. Пайғамбар с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Имом Журдоний (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Дарҳақиқат, бу ҳадис Пайғамбар с.а.в.га ато этилган жавомиъ ул-калим (қисқа лафзлар орқали улкан маъноларни ифода этиш мўъжизаси)дан ҳисобланувчи буюк ҳадисдир. Чунки, у дунё ва охират яхшиликларини ўзида мужассам этгандир”.
Савол берувчи саҳобийнинг шахсига келсак, айрим уламолар
бу Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) эканини таъкидлайдилар. Бунга Имом Табаронийнинг Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятини далил қилиб келтирадилар: “Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, мени жаннатга олиб кирадиган амалга йўлланг”, дедим. У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма, жаннат сеники”, дедилар”. Айрим уламолар эса мазкур саҳобий Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу) эканини айтадилар. Бунга Имом Аҳмаднинг Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятни ҳужжат қиладилар: “Мен Пайғамбар с.а.в.га савол бериб бундай дедим: “Эй Аллоҳнинг расули, менга бир ўгит айтинг, уни англаб олишим учун уни менга оз қилинг”.
У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. Мен бир неча бор у зотга сўровимни такрорладим. Ҳар гал у зот: “Ғазаб қилма”, дедилар”.
Бундай воқеа бир неча маротаба юз берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, сўровчи саҳобийларнинг ҳам бир нечта бўлишидан бирор моне йўқ.
Комил мусулмон гўзал хулқлар билан сифатланган инсон бўлиб, у мулойимлик ва ҳаё ила безанади, инсонларга нисбатан камтарлик ва дўстлик либосини кияди. Одамларга озор беришдан сақланиш, интиқом олишга қурби етсада, кечириб юбориш, қийинчиликларга бардошли бўлиш, ҳатто ўзига нисбатан адолатсизлик қилинганида ҳам ғазабни ютиш, ҳамма вақт очиқ юзли бўлиш унинг мардонавор хислатларидандир. Абадий саодат истаб насиҳат сўраган саҳобийга Расулуллоҳ с.а.в.нинг кўрсатмалари юқоридаги маъноларни ўз ичига олган ушбу мўъжазгина ўгит бўлди:
“Ғазаб қилма”.
Сўровчи саҳобий жаннатга киришдек олий мақсадига эришиши учун мазкур ўгитни оз ҳисоблаб, насиҳат қилиш ҳақидаги сўровини бир неча бор такрорлади. Мазмун-моҳиятини англаган ва тақозосига амал қилган киши учун етарли насиҳат эканлигини таъкидлаш учун Пайғамбар с.а.в. ҳар гал “Ғазаб қилма” деган жумлани қайтаравердилар.
Оқил саҳобий Расулуллоҳ с.а.в.нинг таъкидларини тушуниб етди
ва мақсадларини англади. Дарҳақиқат, Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда насиҳат сўраган саҳобийдан қуйидаги хабар келтирилади: “Набий с.а.в. айтган ўгитларини айтганларида тафаккур қилдим, баногоҳ, ғазаб барча ёмонликларни келтириб чиқаришини тушундим”. Бунинг маъноси шуки, агар киши ғазаб қилмаса, барча ёмонликларни тарк этган бўлади. Кимки барча ёмонликларни тарк этса, барча яхшиликларни ҳосил қилган бўлади.
Дарғазаблик ва қизиққонлик заифлик аломатидир. Гарчи кишининг билаклари қувватга тўла, жисми соғлом бўлсада, ғазаб туфайли мағлубиятга юз тутади. Шунинг учун кучлиликка фақат жисмоний қувват билан эмас, балки, ўз ўрнида ғазабни енга олиш ва оқилона иш юритиш билан эришилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ҳаммани йиқитадиган паҳлавон кучли эмас, балки, ғазаб келганда ўзини қўлга оладиган киши кучлидир”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Динимизда ғазабни муолажа қилиш чоралари ҳам кўрилган. Уламолар бу борада келган далилларни ўрганиб чиқиб, жумладан қуйидаги хулосаларни баён қилганлар:
1) киши ғазабланган вақтда ғазаб қилишнинг ёмон оқибатлари ҳақида ўйламоғи, ғазабини ютганлар учун ваъда қилинган мукофотлар тўғрисида фикр юритмоғи зарур. Аллоҳ таоло айтади: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам
инфоқ-эҳсон қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (“Оли Имрон” сураси, 133-134-оятлар).
Набий с.а.в. дедилар: “Кимки ғазабини сочишга қодир бўла туриб уни ютса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида уни халойиқ кўз ўнгида чақириб, унга ҳурлардан хоҳлаганини танлаш имконини беради”. (Имом Аҳмад,
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти).
“Бирор банда Аллоҳ учун ғазабни ютса, албатта, унинг ичи иймонга тўлади”. (Имом Аҳмад ривояти). Абу Довуднинг ривоятида: “..., Аллоҳ уни омонлик ва иймон билан тўлғизади”, дейилган;
2) Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилаши керак. Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларида икки киши тортишиб қолди. Бири ғазабланиб,
юзи қизарган ҳолда шеригини сўка бошлади. Шунда Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Албатта, мен бир калимани биламанки, агар у ана шу калимани айтганида, шубҳасиз, ундан ғазаб кетган бўлар эди. Агар у: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм (Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилайман)” деганида эди!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти);
3) ғзабланган пайтда ҳолатни ўзгартириш ҳам ғазабни бартараф этишнинг самарали услубларидандир. Набий с.а.в. дедилар: “Сизларнинг бирортангиз тик турган ҳолда ғазабланса, ўтириб олсин. Агар ундан ғазаб кетса, кетди. Бўлмаса, ёнбошлаб олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти);
4) дарғазаб ҳолатда гапирмаслик керак. Чунки, у бу ҳолатда гапирса, ғазабини зиёда қиладиган сўз билан қарши олиниши ёки ғазаби сўнгандан кейин пушаймон бўлишига сабаб бўладиган гапни сўзлаб юбориши мумкин. Пайғамбар с.а.в.: “Қачонки бирортангиз ғазабланса, сукут қилсин”, дея
уч бора такрорладилар. (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривояти);
5) ғазаб жисмда ҳароратни кучайтиради. Натижада, қон қайнайди, инсонда тутақиш юз беради. Сув уни совутиб, асл ҳолатига қайтаради.
Шу боис, бундай пайтда янги таҳорат олиш ғазаб алангасини ўчиради. Пайғамбар с.а.в. марҳамат қиладилар: “Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Бас, вақтики бирортангиз ғазабланса, таҳорат олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ножўя ғазаб қилишдан сақланувчи суюкли бандаларидан бўлмоғимизни насиб этсин.
АСРОРХОН МАҲМУДОВ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Сўнгги йилларда рақамли технологияларнинг ривожланиши натижасида қимор ўйинлари ва онлайн букмекерлик платформалари кенг оммалашди. Илгари казино ёки махсус муассасаларга бориш талаб қилинган бўлса, бугун смартфон орқали исталган вақтда ва исталган жойдан қимор ўйнаш имконияти мавжуд. Бу эса қиморга қарамликнинг кенгайишига, молиявий муаммоларнинг ортишига ва оилавий низоларнинг кўпайишига олиб келмоқда.
Қиморга қарамлик – тан олинган касаллик
Қиморга қарамлик халқаро тиббий таснифларда хулқ-атворга боғлиқ бузилиш сифатида эътироф этилади. Мутахассислар фикрига кўра, инсон ютқазгани сари яна ўйнаш истаги кучаяди.
Молиявий оқибатлар
Қиморнинг энг биринчи зарари инсоннинг молиявий ҳолатига таъсир қилади. Кўплаб ўйинчилар дастлаб кичик маблағ билан бошлайди. Бироқ йўқотилган пулни қайтариш умидида янада каттароқ пул тика бошлайди. Бу ҳолат: қарздорликнинг ошиб кетиши, банк кредитларининг тўланмай қолиши, оила бюджети издан чиқиши, ҳатто уй-жой ва мол-мулкни йўқотишгача олиб келади.
Тадқиқотларда қимор сабабли айрим инсонлар озиқ-овқат, таълим ва тиббий хизмат учун ажратилган маблағни ҳам ставкаларга сарфлаши аниқланган.
Руҳий саломатликка таъсири
Қиморга қарам инсонларда доимий хавотир, депрессия, уйқусизлик, асабийлик, ўзини айбдор ҳис қилиш каби ҳолатлар тез-тез учрайди.
Энг хавотирлиси – қиморга қарамлик билан суицид хавфи ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд. Масалан, Швецияда ўтказилган тадқиқотда қиморга қарам шахсларда ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли бошқаларга нисбатан 15 баробар юқори экани аниқланган.
Оила ва жамиятга таъсири
Қиморнинг зарари фақат ўйинчи билан чекланмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қиморбознинг ҳар бири ўртача яна олти нафар инсонга – оила аъзолари, дўстлари ёки ҳамкасбларига салбий таъсир кўрсатади.
Қимор оқибатида: эр-хотин ўртасида ажримлар, оилавий зўравонлик, фарзандлар тарбиясига эътибор берилмаслик, иш жойида самарадорликнинг пасайиши, фирибгарлик ва ўғирлик каби жиноятлар содир бўлади.
Онлайн қиморнинг хавфи
Интернет ва мобил иловалар қиморни янада хавфли қилди. Мутахассислар уни “чўнтакдаги казино” деб таърифлайдилар. Энди инсон сутканинг исталган вақтида бир неча тугма орқали қимор ўйнаши мумкин.
Иқтисодий зарар
Кўпчилик қимор давлат бюджетига солиқ тушуми келтиради, деб ҳисоблайди. Бироқ иқтисодчилар қимор ортидан келадиган яширин харажатлар – соғлиқни сақлаш, ижтимоий ёрдам, жиноятчилик ва меҳнат унумдорлигининг пасайиши – даромаддан ҳам юқори бўлишини таъкидлайдилар.
Қимор – шайтоннинг иши
Ислом динида қимор инсоннинг мол-мулки, ақли, оиласи ва жамият барқарорлигига зарар етказувчи амал сифатида қатъий тақиқланган. Қуръони каримда қиморнинг инсон ҳаётига салбий таъсири очиқ баён қилинган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).
Кейинги оятда эса қиморнинг ижтимоий ва маънавий оқибатлари баён қилинади: “Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси, 91-оят).
Ушбу оятлардан маълум бўладики, қиморнинг зарари фақат молиявий эмас, балки инсоннинг маънавий ҳаёти, ибодати ва жамиятдаги муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Хулоса
Қимор ўйинлари қисқа муддатда катта ютуқ ваъда қилса-да, уларнинг оқибати кўпинча инсоннинг молиявий барқарорлиги, руҳий саломатлиги ва оилавий муносабатларига жиддий зарар етказади. Илмий тадқиқотлар қиморни шахсий танлов эмас, балки аҳоли саломатлигига таъсир қилувчи ижтимоий муаммо сифатида кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда....
Маълумотлар линки:
https://www.who.int
https://www.theguardian.com
https://www.ft.com
Даврон НУРМУҲАММАД