Фитр садақаси фақирларга ғамхўрлик, уларга ҳайит кунини хурсандчилик билан ўзказишлари учун кўмакдир, уни берганлар учун эса, Рамазонда йўл қўйилган баъзи камчиликларга каффоратдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитр садақасини рўзадорга беҳуда ишлар ва ёмон сўзлардан покланиш бўлиши учун, мискинлар учун егулик бўлиши учун буюрдилар” (Абу Довуд ривояти).
Фитр садақаси кумуш нисобидаги, ҳожатидан ортиқча молга эга мусулмонга вожиб бўлади. Ана шу миқдордаги мулкка эга киши фитр садақасини ўзи ва ёш болаларидан бериши вожиб. Балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқдан ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитр садақасини одамлар намозга чиқмасдан олдин беришни буюрдилар”. Аммо бу вақтдан олдин, масалан, Рамазон кириши билан берса ҳам бўлади. Лекин намозга чиқишдан олдин бериш мустаҳабдир. Фитр садақаси вожиб бўлиб, уни беролмай қолган киши зиммасидан соқит бўлмайди.
Фитр садақаси буғдой, буғдой уни ёки ёрмасидан ё майиздан ёки хурмо ё арпадан берилади. Буғдой ё унинг уни ёки ёрмасидан ва майиздан ярим соъ (тахминан 2 кг.), арпа ва хурмодан бир соъдир. Мазкур нарсаларнинг қийматини ҳам берса бўлади.
Фитр садақаси закотга ҳақдор бўлган кишиларга берилади.
Жамшид Шодиев тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кураш инсоннинг жисмонан кучли, бақувват бўлишини таъминлайдиган энгмуҳим спорт турларидан бири ҳисобланади. Ислом динида кураш тушиш ва кураш мусобақаларини ўтказиш доимо қўллаб қувватланади.
Ҳадисда ривоят қилинишича, бир куни Язид ибн Рукона уч юзта қўй етаклаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди ва “Эй Муҳаммад, мен билан курашасанми?” деди. У зот алайҳиссалом: “Агар сени йиқитсам нима тикасан?” дедилар. У: “Юзта қўй”, деди. Улар кураш тушишган эди. Язид ибн Рукона йиқилди. У: “Яна қайта тушасанми?” деди. У зот: “Нима тикасан?” дедилар. У: “Бошқа юзтасини”, деди. Улар кураш тушишди. У яна йиқилди. Учинчисида ҳам шундай бўлди. Шунда у: “Эй Муҳаммад, сендан аввал бирор киши менинг курагимни ерга теккизмаган эди”, деди ва Исломни қабул қилди.
Шунда у: “Энди аҳлимга нима дейман? Битта қўйимни бўри еди, бири қочиб кетди, учинчисини нима дейман?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз сени йиқитиб, қўйларингга эга бўлиш учун кураш тушмадик. Қўйларингни олиб, кетавер”, дедилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар қуйидагилардир:
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди