Бугунги кунда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар жараёнида аҳолининг ҳеч бир қатлами эътибордан қолмаслигига имкон қадар ҳаракат қилинмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан турли даражадаги ногиронлиги бўлган кишилар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг диний соҳага доир билимларини ошириш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 7 июнь куни Тошкент шаҳар Кўзи ожизлар жамияти аъзолари билан диний-маърифий ва ижтимоий масалалар ҳақида суҳбат ташкил қилинди.
Суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили Дилбар Аҳмедова ва Тошкент шаҳри отинойилари иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов Рамазон ойи билан барча иштирокчиларни табриклаб, бу ойнинг фазилати ҳақида маъруза қилди. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов ҳозирги олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг Кўзи ожизлар жамиятининг бир нечта аъзолари ишсизлик, уй-жой масалалари борасида саволлар билан мурожаат қилишди. Саволларга Шуҳрат Турдиқулов жавоб бериб, ижобий ҳал қилиниши ҳақида сўзладилар. Баъзи жамият аъзоларининг коммунал тўловлардан қийналаётганликлари ҳақида ёзма мурожаат қилишди. бу масала Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов томонидан ҳал қилинди. Жамиятнинг ёши катта аёл ва эркакларидан ташқари, ёшларда ҳам илм олиш ва Қуръонга бўлган муҳаббатлари ҳақида сўзлаб беришди. ЎМИ мутахассиси Мунира Абубакирова яқин кунларда Кўзи ожизлар жамияти аъзолари учун Қуръон курслари очилиши ҳақида маълумот берди. Иштирокчилар ўтказилаётган тадбирдан хурсандликларини, бундай учрашувлар тез-тез бўлишини таклиф қилдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати