Савол: Қайси кунлари нафл рўза тутиш макруҳ бўлади?
Жавоб: Ашуро кунида (Муҳаррам ойининг ўнинчи куни) тўққизинчи ё ўн биринчи кунини қўшмай иккала ҳайит куни ва ташриқ кунлари (қурбон ҳайитидан кейинги уч кун), фақат жума куни, фақат шанба куни рўза тутиш макруҳ бўлади. Лекин кунора рўза тутишни одат қилиб олган кишилар учун у икки кунда нафл рўза тутиш макруҳ бўлмайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таолога энг севикли рўза Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзасидир. Довуд (алайҳиссалом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эдилар», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, шак куни рўза тутиш ҳам макруҳдир.
"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати